Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (55-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (55-қисм)

Фазлиддин ҳеч нарсага тушунмасдан ҳайрон бўлиб, уларга тикилиб қолди.

— Еч, кийимларингни еч! — дея ўдағайлади қўлида тўппончаси бор йигирма беш ёшлар атрофидаги, узун бўйли, худди ҳиндлардай бакенбард қўйиб олган безори.

— Нимага? — дея сўради ҳамон ҳайрон бўлиб турган Фазлиддин.

— Пешонангдан дарча очиб қўяман, ифлос! Ушланглар уни, яланғоч югуради шаҳарда!..

Тўппончали безорининг шериклари Фазлиддин томонга югурди. Аммо улар Фазлиддиннинг кимлигини билишмас эди. Танишмасди… Шу боис энг олдин етиб келган зўравон қандай қилиб унинг устидан ошиб ўтиб кетганини сезмай қолди…

Ана шу пайт яна бир машина олдингисининг ёнгинасига тўхтади. Ундан ҳам йигитлар югуриб тушишди ва негадир бояги безориларни дўппослай бошлашди. Уларнинг бари бақувват эди. Безориларни дарров саранжом қилиб ташлашди. Анави тўппонча ушлагани тепкини босишга улгурмади ҳам. Ортидан келган одам унинг қурол ушлаган қўлини қайириб, тўппончасини олиб қўйди. Шундан кейин Фазлиддинга ёрдам қилганлар уни ўзлари миниб келган улов томонга бошлашди. Машинанинг орқа ўриндиғида Каримбой ўтирарди.

— Аҳмоқ бола! — деди у Фазлиддин ёнига ўтириши билан. — Ярим кечаси сенга бу ерларда пишириб қўйганмиди?!

Фазлиддин дарров жавоб қайтаролмади. Саросималанди.

— Агар мен кўриб қолмаганимда, булар сени аниқ бир ёқли қилишарди…

— Мен устозимникидан қайтаётгандим, — деди унинг гапини бўлган Фазлиддин

— Менга қара, устозингникида ярим кечагача бало бормиди?!

— Билмадим. Гап кўпайиб кетди.

Каримбой унинг елкасига қўлини қўйди.

— Аслида, сенда зиғирча ҳам айб йўқ. Шунчаки, анави ит эмганлар охирги пайтларда босар-тусарини билмай қолишган. Биттаси министрнинг ўғли, иккинчиси горкомнинг арзандаси… Ҳаммаси наркоман. Қотиб қолган. Уларнинг мақсадлари сендан бирор нима олиш эмас. Чунки пуллари бижғиб ётибди. Шунчаки сени яланғоч қилиб, шаҳар бўйлаб югуртиришади. Шундан улар кайф олишади. Онасини эмсин! Бир-иккитасини шундай қилишган итдан тарқаганлар!.. Нега машинадан тушмаганимни биласанми?! Билмайсан. Аммо билиб ол. Биз ҳам кечаси машиналаримиз давлат рақами белгиларини олиб юрибмиз!

Фазлиддин чурқ этмас, бошини хам қилиб, пешонасини тириштирганча ўтирарди.

— Буларнинг бари, — дея давом этди Каримбой, — ҳатто менинг ҳам уларга кучим етмаслигини билдиради, лекин буларнинг ҳаммаси вақтинча. Чунки олов қанчалик тез гуриллаб ёнса, ўчиши ҳам худди шундай бўлади.

Каримбойнинг шахсан ўзи Фазлиддинни унинг уйигача олиб борди. Машинадан тушираркан, Фазлиддинга қайта-қайта бундан буён кечки пайт кўчага чиқмасликни тайинлади.

Уйига кирган Фазлиддиннинг калласи гаранг эди. Бўлган воқеалар гўё тушида кечгандай эди. Ишониб-ишонмасди. Одамларнинг шунчалик тубанлашиб кетганига ақли етмасди. Каримбойнинг ҳам ўзи ўйлаганчалик мутлақо кўча безориси, фақатгина қаерларнидир ўмариб, кимларнингдир чўнтакларини шилиб юрадиган одам эмаслигини, унда ҳам одамгарчилик борлигини тушуниб етди. Тушунгани баробарида қалбида унга нисбатан илиқлик туйди.

Ана шу биргина воқеа Фазлиддинга бир ҳафта таъсир қилди. У бир ҳафта мобайнида тушкунликдан чиқа олмади. Агар Малоҳатдан хат олмаганда, балки, яна шундай давом этарди.

«Ассалому алайкум, ёмон бола!

Бундан бу ёғига қийналсам керак деб ўйлагандим. Чунки Тошкентга борган кунларим сизнинг шижоатингизни кўрганларим сира кўз олдимдан кетмайдиган ва шу кўникмадан чиқолмайдиган бўлиб қолган бўлсам керак, деб ўйлагандим. Аммо буни қарангки, сизсизликка кўникиб яшаяпман. Қуръон ўқияпман. Керак бўлса-чи, анча яхши ўқийдиган бўлиб қолдим. Сизга раҳмат! Куним қандай ўтаётганини, очиғини айтганда, сезмай қоляпман. Ҳеч нимага вақт етказолмайман. Ҳамма нарсага улгуришга уриняпман. Аммо жудаям қийин экан. Баъзан бу аҳволда ўқишга киролмасам керак, деб ўйлаб қоламан. Чунки ўқишнинг борган сари қизиғи қолмаяпти… Айтганча, Саида опамга совчилар келаяпти. Биттасини қайтарсак, иккинчиси уйимизга кириб келади. Гоҳида совчилар мени Саида опамга адаштириб қўйишяпти… Аммо икки кун олдин келганларга отам қандайдир рози бўлгандай бўлди. Йигит Тошкентда ўқиркан. Низомийда. Тилчи экан. Охирги курсда экан… Саида опам ўқишини давом эттиролмаса керак. Отам сиртқига ўтказади, дегандай гап қилди… Аммо мен норозиман. Опам ўқишга кириш учун озмунча қийналдими? Энди ҳеч қурса бир-икки йил маза қилиб Тошкентда юриши керак… Бизда ҳозир асосий янгилик мана шу. Айтганча, бошқа мактаб ҳам аста-секин менга кўникяпти. Мен уларга кўникмадим. Улар менга кўникишга мажбур бўлишди. Кейин қизлар сиз тўғрингизда росаям кўп сўрашади. Битта синфдошим ўзининг «эсдалик дафтари»га сизни «кумирим» деб ёзибди. Биринчи саҳифага расмингизни ёпиштириб олган. «Нега бундай қилдинг?» деб сўрасам, кулади. Очиғи, роса жаҳлим чиқди. Аммо тишимни тишимга босдим. Хадича опа: «Бўлар-бўлмасга асабингизни бузманг», деганди. Кулиб қўйдим. Шунга ўзимда куч топа олдим. Қаранг, икки кундан кейин ўша қиз менга хушомад қила бошлади…

Мана шунақа гаплар. Айтганча, АҚШга боришингизга оз кун қоляпти. Биламан, боришга хушингиз йўқ. Лекин боришингиз керак. Кейин келиб дарров бу ёқларни соғиниб қолманг. Чунки Европага бориб келганингиздан баттар бўлиши мумкин. Агар имкон тополсам, аэропортга чиқарман…

Ўзингизни асранг. Сизнинг қилганингизни қилмоқчийдим. Қилолмадим. Оғир экан. Сиз бўлсангиз, шунча оғир юкни елкангизда кўтариб юрибсиз. Бундай қилманг. Агар давом этсангиз, сиз билан гаплашмай қўяман…

Кўп ёздим-а? Лекин ёзмоқчи бўлганларим бундан ҳам кўп. Келинг, қолганини кейинга қолдираман. Ўзингизни асранг. Мен сизга ишонаман.

Малоҳат».

Хатни ўқиб бўлган Фазлиддин кулди. «Сиз ишонган Фазлиддин, — деди ўзига ўзи, — сал нарсага синиб ўтирибди. Сал нарса сабаб бир ҳафтадан бери ўзига келолмаяпти. Аммо энди бундан бу ёғига бўшашмайман…»

У ўзига берган ваъдасида турди. Аввалгидан ҳам баттар меҳнат қилишга киришиб кетди.

Ҳар ҳафтада бир марта у Саидадан хабар оларди. Отаси шундай деб тайинлаб кетганди. Агар тайинламаганида ҳам, барибир, борган бўларди. Навбатдаги марта якшанба куни пешиндан кейин борса, Саида хонасида йиғлаб ўтирибди.

— Ҳа, нима бўлди? — дея сўради Фазлиддин.

Саида қўлини силтади. Шоша-пиша кўз ёшини артди.

— Ёмон хабар эшитди, — деди унинг ўрнига хонадоши.

Саида хонадошига ёмон қараш қилиб қўйди ва оғзини беркитиб бўғиқ овозда:

— Бекор айтдингиз, — деди.

— Қанчалик ёмон? — дея сўради Фазлиддин Саидага тикилиб.

— Шунчалик ёмонки, ҳаётимни остин-устун қилиб юборади, — деди Саида.

— Жа унчаликмасдир.

— Шунчалик. Мени эрга беришмоқчи экан.

Фазлиддиннинг юзида ним табассум пайдо бўлди.

— Бу унчалик ҳам ёмонмас, — деди у.

— Нега ёмон бўлмас экан. Мен озмунча нарсани орзу қилганмидим?

— Барибир, мактабга бориб ўқитувчилик қиласизми?

— Ҳа-а, — дея зарда билан жавоб берди Саида.

— Шуни эртароқ бошлайсиз-да.

— Яхши, — деди Саида кўз ёшларини шоша-пиша артиб, — сенинг келиб қолганинг яхши бўлди. Энди отамга бориб тушунтирасан. Сен тушунтира оласан. Сенинг гапинг ўтади. Отам сени жуда қаттиқ ҳурмат қилади. «Саида опамнинг эрга тегишига ҳали эрта, ўқиши керак», дейсан.

— Мен катталарнинг ишларига аралашолмайман.

— Тўхта, сенга Малоҳат керакми?

Фазлиддин Саидадан бундай гапни кутмаганди. Довдираб қолди.

— Айт! Малоҳат керакми?! Агар Малоҳат керак бўлса, айтганимни қиласан. Бўлмаса, мен сенинг олдингга тўсиқ бўламан!

— Саида опа, биламан, ҳозир аччиқ устида шундай деяпсиз. Мен ҳозир борай, кейинроқ келарман.

Саида унинг кетишини истамади. Аммо тўхтатолмай ҳам қолди…

Орадан бир ҳафта ўтди. Яна якшанба. Яна пешиндан кейин. Бу сафар Саида уни мутлақо бошқача кутиб олди.

— Хурсандлигингизни кўриб бошим осмонга етди. Совчилар қайтиб кетишибдими?! — дея жилмайиб сўради Фазлиддин.

Унинг ўрнига бу сафар яна хонадоши гапни бошлаб берди.

— Йигит билан қиз учрашди. Юлдузлари бир-бирларига тўғри келиб қолибди. Энди тўй бўлади, — деди у.

— Зўр бўлибди-ку! — дея кафтларини бир-бирига урди Фазлиддин.

— Роса кутганмидинг? Эртароқ йўл очилсин, деганмидинг? — деди Саида номига қовоғини уйиб.

— Жа, унчаликмас-у, аммо шунга яқин, — деб бу сафар бурнини тортиб қўйди Фазлиддин, — аммо олдинги сафар ёмон қўрқитгандингиз. Ўшандан бери ухламадим.

— Ўйлаб қарасам, эплолмасканман. Келаётган шанбада қишлоққа бораман. Берадиган…

— Бор берадиган. Шоколад. Аммо битта шарти билан, ярим йўлда еб қўймайсиз, — деб кулди Фазлиддин.

Аммо кейинги ҳафта улар кўриша олмадилар. Чунки жума куни Саида қишлоққа жўнаб кетди. Бироқ шу куни Малоҳатдан хат олди.

«Ассалому алайкум, ҳурматли ёмон бола!

Сиздан дарак бўлавермагач, мен тез-тез хат ёзавераман-да. Бунинг сабаблари жудаям кўп. Шулардан энг асосийси, сиз Америкага боришдан айниб қолишингиз. Чунки ич-ичингиздан боришни истамайсиз. Мен бўлсам боришингизни истайман. Дунёни қанча кўп кўрсангиз, унга қарашингиз шунчалик ўзгаради. Мана, Лондонга бориб келганингиздан кейин бутунлай бошқача гапира бошладингиз. Бу нарса, балки, ўзингизга сезилмас, аммо атрофдагилар дарров билишди. Айниқса, мен. Сиз қандайдир кучайганга ўхшадингиз… Биз бўлса, Саида опамнинг фотиҳа тўйига тайёргарлик кўряпмиз. Эсингизда бўлса, қаршиман, деб айтгандим. Лекин унинг ўзи кўниб ўтирибди. Поччам кўндирибди. Қандай қилиб кўндирганига ақлим етмайди. Дарвоқе, бўлажак поччамни кўрдим… Опамга ёққан бўлса бўлди-да. Хуллас, шунақа.

Агар имкон топсангиз, келинг.

Малоҳат».

Фазлиддин бор-йўғи шуми, деб хатнинг у ёқ-бу ёғига қараб қўйди. Ўқиб қониқмади… «Кўпроқ ёзсанг бўлмасмиди? Нима тўғри келса, ёзавериш керак эди. Керак бўлса, керак бўлса… — дея Фазлиддин бироз ўйланиб қолди. — Бир кунда неча қадам босганингни ёзгин эди. Эринмасдан, зерикмасдан ўқирдим. Дам олардим.

Бундан чиқди, Саида опа шунинг учун шошилган экан. Одамлар жуда ғалати бўларкан, олдинига: «Эрга тегмайман. Агар мени эрга беришса, сен бахтингга эришмайсан. Мен тўсқинлик қиламан», деб оёқларини тираб туриб оларкан-у, кейин ўзи…»

«Эй!» дея қўлини силтади у ва каравотга чўзилди ҳамда Малоҳатнинг хати билан юзини ёпиб олди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: