Хотин қули
Ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳиссалом барча ҳайвонлару қушларнинг тилини билгувчи ҳукмдор, ҳам ғоятда кўп давлат соҳиби эдилар. Бир куни завжалари уларга: «Товус патларидан бир кўшк истайман!» дедилар. Ҳазрат Сулаймоннинг бошлари қотди ва ҳайвонлару қушларни мажлисга чақириб, маслаҳат солмоқчи бўлдилар. Мажлисга ҳудҳуд исмли қуш кечикди. Ҳазрат Сулаймон дарғазаб бўлиб, ундан кечикишининг сабабини
сўрадилар.
– Маъзур тутинг, хожам, икки саволга жавоб топмоқ бўлиб кечикдим.
– Қандай саволлар экан?
– Бири шуки, замонамизда ўликлар кўпми, тирикларми?
– Хўш, қай бири кўп экан?
– Ўликлар. Сабаб шуки, бомдод намози вақтида ухлаб ётганлар ҳам ўлик саналурлар. Иккинчи савол шуки, замонамизда аёллар кўпми ё эркаклар?
– Хўш, қай бири кўп экан?
– Аёллар, сабаб шуки, аёлининг йўриғига юрадиган эркаклар ҳам аёл саналурлар…
Ҳазрат Сулаймон бироз ўйга чўмдилар, сўнг ҳеч нарса демай мажлисни тарқатишни буюрдилар…