Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (59-қисм)
Она эса Малоҳатни сиқувга олди.
— Жуда яхши оила экан. Ҳаммаси тарбияли одамлар. Болаям яхши экан. Отанг суриштирди қуйиқишлоқлик танишларидан. Улар: «Қизингизни берсангиз, шундай оилага берасиз-да», дейишибди. Энди гап фақат сенда қолди, қизим, — деди.
Шу заҳоти Малоҳатнинг кўзи ёшга тўлди, бошини эгди. Илло, Хадича опа ёзган хатларида: «Асло ота-онанинг кўзига қараб бўлмайди. Айниқса, хафа, норози нигоҳлар билан», деганди. Шу боис у шундай қилди.
— Йўқ. Бўлмайди. Мен ёшман. Мен ўқийман ҳали. Эрга тегиш хаёлимнинг бир четига ҳам келгани йўқ, — деди паст овозда.
— Лекин Фазлиддин келса, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан-ку. Агар совчилар Фазлиддиндан келганида ҳам шундай дермидинг? — сўради она.
Малоҳатнинг кўз ёшлари юзига оқди.
— Мени қийнамангизлар, — дея у югуриб бориб хонасига кириб кетди-да, ўзини кўрпага ташлади, юзини ёстиққа босди.
— Ҳеч қачон, ҳеч қачон! Мен Фазлиддин акага ваъда бермаган бўлсам ҳам, ўзимга ўзим ваъда берганман! — дея пичирлади лаблари.
У кечгача шу тахлит ётди. Умуман бирорта ишга қўл урмади. Кечки пайт ҳам чиқиш нияти йўқ эди, аммо онаси қўймади. «Отанг сўраяпти, юр», деди.
Малоҳатнинг итоат этгиси йўқ эди. Аммо ота амрини икки қилолмасди ҳам. Шу боис бошини хам қилганча чой ичиб ўтирган отасининг олдига кирди ва дастурхон четига омонатгина ўтирди. Соли ака эса секин хотинига қаради. Хотини елкасини қисди. Бундан аввал у эрига: «Ўзингиз гаплашинг, мен кўндиролмадим», деган эди.
— Қизим, мен ўттиз йилдан бери мактабда ишлайман. Шу вақт ичида жуда кўп нарсаларни кўрдим. Бир гуриллаб ёнганларнинг бирдан ўчиб қолганларига ҳам гувоҳ бўлдим. Осмонга сакраб, сўнг ерга гурсиллаб йиқилганларгаям шоҳид бўлдим… Ҳаёт бошқача, қизим. Унда қанчалик хотиржам яшасанг, шунча узоққа борасан… Хў-ўш, ундан кейин келиб турган бахтга ҳеч қачон тескари ўгирилмаслик ҳам керак… Мен онанг билан маслаҳатлашдим. Бундан ташқари, опаларинг, поччаларинг, кейин бошқа қариндошларнинг ҳам гапларини эшитдим… Шу, сени унаштириб қўйсак, деган қарорга келгандик…
Малоҳат қулт этиб ютинди, сўнг кўз ёшини секин кафти билан артди.
— Ота, сиз нима десангиз шу, — деди паст овозда.
Бу гапни эшитиши билан Соли аканинг юзига табассум югурди. У яширинча хотинига қараб қўйди.
— Аммо, — дея давом этди Малоҳат, — пайғамбаримиз: «Қизларингизни мажбурлаб турмушга берманглар», деганлар. Мен рози эмасман.
Соли аканинг устидан биров совуқ сув қуйгандай бўлди.
— Бу гапларни сен қаердан олдинг? — деди ота қизига тикилиб.
— Ўқидим, ўргандим…
— Унда мени кечир, қизим! — деди бирдан Соли ака. — Агар пайғамбар айтган бўлса, унда бошқа ҳамманинг гапи бир тийин. Агар бутун дунё одамлари йиғилиб, сени шу болага эрга беришимни айтса-ю, пайғамбар қаршилик қилса, тамом, пайғамбарнинг айтгани бўлади!..
Малоҳат шу заҳоти ўзини отасининг қучоғига отиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Унга қўшилиб онаси, укалари ҳам йиғлашди. Ота эса кўз ёшини тийиш учун лабини маҳкам тишлаб олди.
Шундан сўнг Малоҳат чиқиб кетди. У қушдай енгил тортганди.
Бироздан сўнг қизгинанинг Қуръон ўқиётгани эшитилди…
Ана шу кунларда Фазлиддин ҳам сиқилиб юрди. Ҳамма иши жойида. Университет лабораторияси деярли бир ўзига қолган. Эртадан кечгача билган амалини қилади, биров ғиринг демайди. Ғиринг дейдиган одамнинг ўзи ҳам йўқ, сабаби ўқитувчиларнинг ярмидан кўпи пахтада. Қолганлари ҳам у ёқдагиларни кутиб, уйларида ўтиришибди. Лаборатория мудири эса касалхонага ётиб олган. Айтишларига қараганда, ҳар сафар пахта мавсуми бошланиши билан унинг касали қўзиб қоларкан.
Фазлиддин яна ҳар икки кунда спортзалга шуғулланишга боради. Масжидда бомдод намозини ўқишни қанда қилмайди. У ерда ҳам ҳозир фақат аллақачон олтмишни уриб, етмиш ёшга яқинлашганлар қолишган. Қолганларнинг бари турли жойлардан пахтага қувилган. Биргина имом — қори Муҳаммад Али домлага тегинишмаяпти. Нега тегинишмаётганларига унинг ўзи ҳам ҳайрон.
Бундан ташқари, Фазлиддин Малоҳатдан тез-тез хат олиб турибди. У ҳам нуқул пахта ҳақида ёзгани-ёзган. Жуда кўп вақтини шу пахта олиб қўяётган экан. «Сира дарс қилолмаяпман. Уйга келиб, чарчаб ухлаб қолаяпман. Қуръони каримни ўқишга зўрға мадорим етаяпти», дейди… «Уйимдагиларга бирор нима бўлдимикан? — дея хавотирга тушди Фазлиддин. — Шунинг учун юрагим сиқилаётгандир, балки. Келаси шанбада, албатта, бориб кўриб келаман. Отам сира тиним билмайди. Пахтага дори сепган-сепмаганига қараб ўтирмайди. Участка оралаб кетади…» У отаси тўғрисида шундай ўйга бориши билан кетишга бўлган истаги янада кучайди. Шанбагача ҳали беш кун бор эди. Душанба эди. Гарчи ўқишлар бўлмаётган, уни биров назорат қилмаётган эса-да, у қишлоққа боролмасди. Сабаби, Бодров: «Яқинда халқаро мусобақа бор. Ҳамкор мамлакатлар курашчилари ўртасидаги мусобақа. Ҳеч бўлмаса, шунисидан бизни четда қолдиришмас. Ҳар қалай, телефон қилиб қўйишди-ку. Тайёргарлик кўриб туришни тайинлашди», деди… Ана шунинг учун у навбатдаги шанбани кутишга мажбур эди. Бироқ кейинроқ акаси Фахриддин билан амакиси Абдуалим Тошкентга келиб қолди-ю, Фазлиддин улардан уйидагиларнинг ҳаммаси соғ-саломат эканликларини билиб олди. Бироқ юрак сиқилиши ўша-ўша эди…
Улар «Ташсельмаш» заводига колхознинг тўртта трактори моторини олиб келишибди. Юқорида айтиш ёддан кўтарилибди, Абдуалим колхоз трактор механиги.
— Раис жўнатди. Лекин отангни кўндиришим ёмон қийин бўлди. «Иш қайнаганда Фахриддинга Тошкентда бало борми?» дейди. Лекин амал-тақал қилиб, икки кунга зўрға кўндирдим, — деди Абдуалим.
Улар Фазлиддинни уйига қўнғироқ қилиб топишди.
Кейин нима бўлди, дейсизми? Фазлиддиннинг Абдуалим акасининг икки юз эллик сўм пули бор экан. Унинг айтишига қараганда, киссасига жуда оғирлик қилаётган экан. «Ресторанга борамиз», деб оёқ тираб туриб олди. Фазлиддин: «Нима қиласиз ресторанни? Уйдаям ўтираверамиз. Уйда ҳамма нарса бор. Ўзим қўл бола ош дамлаб бераман», деса ҳам, кўнмади.
— Хоҳласам, ошни ҳар куни ейман. Лекин рестораннинг овқати бошқача. Умрим бино бўлиб, бор-йўғи олтинчи марта Тошкентга келишим. Лекин бирор мартаям ресторанда ўтирмаганман. Олиб борасан. Бир маишат қилайлик, — деб оёқ тираб туриб олди.
Фазлиддин қараса, акаси Фахриддиннинг ҳам ишқибозлиги бор. Начора, рози бўлди.
— Фақат ҳаддингиздан ошмайсизлар. Ароқ-пароқ демайсизлар. Бунинг устига, охирги кунлари кечки пайт кўчада юриб бўлмай қолди. Қаерга қарасангиз, рэкет, кўчанинг эгалари. Кўп ўтирмаймиз. Қуёш ботмасидан қайтиб келамиз, — деди.
Абдуалим жиянининг гапига ичида кулиб қўйди. «Бориб олаверайлик-чи, ўзимиз биламиз қанча ўтиришни», дея кўнглидан ўтказди ва шунга амал қилди.
Аввал ўтиришлари билан у ичимлик буюрди. Буни эшитган Фазлиддин қовоғини уйди ва ташқарига чиқиб кетди-да, тўғри бориб ресторан рўпарасидаги ўриндиқда ўтирди. Орадан ярим соат, бир соат ўтди. Шом вақти кириб қолди. Бу ердан беш юз метрча нарида масжид бор эди. Шу ёққа бориб, намозини ўқиб қайтиб келгунича қоронғи тушди. Фазлиддин энди меҳмонларни уйга олиб кетишга чоғланиб, ичкарига кирганида, не кўз билан кўрсинки, акаси ва амакиси аллақачон кўча безориларининг қуршовида эди.
Янги пайдо бўлган рэкетчилар одатлари бўйича қоронғи тушиши билан ресторанма-ресторан кезишади. Мана шундай қишлоқдан келиб қолганларни, бир марта маишат қилмоқчи бўлганларни овлашади. Жуда топишолмаса, шаҳарликларга ҳам ҳужум қилиб туришади.
Бунгача анча ширакайф бўлиб қолган Абдуалим безориларга Фазлиддиннинг номини айтган: «Жияним жаҳон чемпиони. Ҳализамон келиб қолади. Ҳаммангни бир ёқли қилиб ташлайди. Мендан пул сўраганларинг учун пушаймон ейсанлар. Барибир, у сенларни топади», деб ғўдайганди. Унинг бу гапи безориларнинг бир-иккитасинигина бироз қўрқитган, қолганлар (улар олти киши эди) унинг сўзларига ишонишмаганди. Шу боис рэкетчилар лидери Абдуалимнинг ёқасидан ушлаган, бошқа биттаси эса, секингина Фахриддиннинг биқинига пичоқ тираган эди.
Худди шу пайт Фазлиддин кириб келди. Акаси ва амакиси ўтирган столга кўзи тушиши билан ҳаммасини тушунди ва аччиқ жилмайди. «Буларга шу керак эди ўзи», дея кўнглидан ўтказиб, улар томонга бир-бир қадам ташлаганча яқинлашиб кела бошлади. Уни энг аввал Абдуалим кўрди. Худди отаси ёрдамга келгандай кўзлари чарақлади.
— Ана! — дея бирдан бақириб юборди. — Келди жияним!
Кўча безорилари бирдан сергак тортишди ва ҳаммаси бараварига эшик томонга қарашди. Ораларида биттаси Фазлиддинни телевизорда кўрганди. Дарров у шерикларига шивирлади:
— Танийман. Курашчи. Ҳақиқатан, чемпион.
— Бизнинг пичоқ любой чемпионнинг жойини солади, — деди болалигида кетма-кет ўғрилик қилиб, сўнг вояга етмаганлар қамоқхонасида ўтириб чиққан, энди замоннинг тобора алғов-далғов бўлиб бораётганидан усталик билан фойдаланиб, атрофига ўзига ўхшаган кайфиятдаги болаларни йиғиб, кунини босқинчилик билан ўтказаётган Ёрқин исмли кўча безориси. У аллақачон ўзига «Чаён» деб лақаб қўйиб олганди.
Фазлиддин уларнинг ёнига келди.
— Ҳорманглар! Ишлар жуда авжида-ку! — деди кулиб.
— Санга нима? Кимсан ўзи?! — дея ўшқирди унга Ёрқин.
— Менгами?! Буларнинг биттаси амаким, иккинчиси акам бўлади. Шунинг учун аралашаяпман. Хўш, ким билан гаплашамиз? — деди ўзини ўта хотиржам тутган Фазлиддин.
— Ман билан! — дея Ёрқин Абдуалимнинг ёқасини қўйиб юбориб, қаддини ростлади.
— Кетдик.
— Қатга?
— Сал нарироққа!
— Айтавер гапингни!
— Айтсам, югурдакларингнинг олдида шарманда бўлиб қоласан. Ё қўрқаяпсанми?! Ўзингнинг кўчангда-я!..
— Нима девоссан?! Ман сандақаларнинг юзтаси билан битта ўзим гаплашаман!
— Юр, унда.
— Кетту-у!..
Ёрқин шундай дея шерикларига қараб қўйди.
Бу «юринглар» дегани эди.
Фазлиддин кулди.
Улар ресторан ташқарисига чиқишди. Фазлиддиннинг чемпионлигини энди гуруҳдагиларнинг ҳаммаси биларди. Шу боис яна учтаси тиғи бир қарич келадиган пичоқларини чиқариб олганди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)