Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (61-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (61-қисм)

Малоҳат аразлаб ётган пайтида Фазлиддиннинг ёнига ўзи боришни режалаштирган эди…

Байрам ўтди. Ҳамма хотиржам тортди. У Муяссарларникига бориб келиш учун онасидан рухсат сўради. Кейин дугонаси билан кўришди. Ундан Фазлиддинларнинг қишлоғига, синфдошлари Нигораларникига бирга бориб келишни илтимос қилди…

Фазлиддин кириши билан қизлар бирдан ўринларидан туришди. Муяссарнинг юзида жилмайиш, Малоҳатникида эса табассум бўлса-да, шу билан бирга кўзи тўла ёш эди. Муяссар салом берди. Малоҳат эса гапиролмади. Гапирса, салом берса, овози йиғлоқи чиқишидан қўрқди.

— Наҳотки! — деди Фазлиддин шўх овозда. — Кўзларимга ишонгим келмаяпти!..

— Биз шунақамиз, — деди Муяссар, — бизни қоронғи қиш, тизза бўйи қор ҳам тўхтата олмайди!..

Малоҳат уялди. Уялгани баробарида дугонасининг кўйлагидан енгилгина тортиб қўйди.

— Ўтиринг, Фазлиддин ака, — деди Нигора кўрпачадан жой кўрсатиб.

Нигоранинг шундай дегани Малоҳатга эриш туйилди. Аммо тишини тишига босди.

Нигора чиқиб кетди. Муяссар ҳам дарров унинг ортидан эргашди. Бирови чой олиб келгани, иккинчиси унга ёрдам бергани бораётганини айтди. Фазлиддин ичида кулди. Аммо уларни қайтармади ҳам.

— Кутмаганмидингиз? — деди Малоҳат эшик ёпилганидан кейин.

— Ҳа. Умуман…

— Мен сиздан кечирим сўрагани келдим.

— Нега?

— Ўзингиз биласиз-ку. Сиз шунинг учун ҳам бизларникига боролмагансиз.

— Мен сира хафа эмасман.

— Унда нега бормадингиз?

— Сўз бергандим, шунинг учун.

— Муяссарларникига бориб, дугонангни чақириб кел, десангиз бўларди-ку.

— Сизларникига боролмаган одам қандай қилиб уларникига борсин? Уларнинг уйидагиларига нима десин?

— Ана, Машраб билан борсангиз… Синфдошимиз. Бунинг устига, қишлоғимизда ўғил бола синфдошларимиз ҳам бор.

— Боришимни ҳаммага ошкор қилгим келмади.

— Мен эса қўрқмадим.

— Билдим.

— Шаҳарда жуда узоқ қолиб кетдингиз…

— Ўқишлар билан овора бўлиб қолдим. Бунинг устига, битта кашфиёт ҳам қилдим.

— Наҳотки?! Нима экан у?

— Шампунь.

— Шампунь?! — дея жилмайди Малоҳат ва Фазлиддиннинг бошига қаради.

— Ҳа. Ҳеч кимникига ўхшамайдиган.

— Сочингиз жудаям яхши турибди.

— Ўзимда синаяпман-да. Ўғил болаларники унчалик ялтирамайди. Аммо қизларники ялтирайди. Курсдошларим: «Қаердан олдинг? Бизга ҳам топиб бер», деб юришибди. Аммо ҳозирча ҳеч кимга айтмадим. Энг биринчи бўлиб сизга айтдим, холос. Шундаям ўзимнинг нималар биландир банд бўлиб юрганлигимнинг исботи, бошқача айтганда, баҳона сифатида айтяпман. Яна сал-пал қўрқяпман ҳам…

Малоҳат жилмайди.

— Ҳаммаси ўтди. Ўзи сиз хато қилишингиз ҳам мумкин эмас-да. Ҳамиша гапларингиз ишончли чиқади. Аммо мен бу йил Тошкентга боролмасам керак, деб қўрқаман.

— Нега? — деди бирдан жиддий тортган Фазлиддин.

— Билмайман. Вазият шунақага ўхшайди. Мени ўқитишни исташмаётгандай.

— Унда ўзим уйингизга бораман.

— Боролмайсиз.

— Нега боролмас эканман?

— Чунки лафз қилиб қўйгансиз.

— Мен бормасам, бошқалар боришади…

— Ҳазиллашдим.

— Сизга ҳазил ҳам ярашади.

— Лекин мен сира ўзимга келолмаяпман. Чунки сиз «кечирдим» демадингиз…

— Нега унақа дейсиз? Мен кечирадиган бирорта ҳам иш бўлгани йўқ. Агар онангизнинг гапларини айтаётган бўлсангиз, аллақачон эшитишим керак эди бундай сўзларни. Тасаввур қилинг, бизнинг уйимизга бир бегона бола кунда келиб турса, бизнинг уйдагилар, мен ўзим нима дердим?.. Худди шундай… «Пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга», деган гап бор. Мен ҳақиқатан ҳам сизларникига боравериб, хато қилдим. Мен хат ёзмоқчиман…

— Кимга? — деди йиғламоқдан бери бўлиб ўтирган Малоҳат.

— Сизга. Худди сизга ўхшаб ҳар куни ёзаман. Менинг вақтим жудаям кўп. Ёзаман. Ундан кейин почта қутисиям яқин…

Малоҳат мийиғида кулди.

— Бу сизнинг янаям узоқлашиб кетаётганингизни билдиради.

— Йўқ, ундаймас. Кейин бор-йўғи олти ойдан кейин сиз Тошкентга борасиз. Биласизми, мен беозор йўлларнинг жуда кўпини биламан.

— Қанақа экан?

Аммо Малоҳатнинг навбатдаги саволига Фазлиддин жавоб беришга улгурмади. Нигора Муяссар билан бирга кириб келди. Бирининг қўлида чойнак, иккинчисиникида пиёла бор эди. Иккиси ҳам мийиғида кулган ҳолда кирганди.

— Мен дарров ташкилий ишлар билан шуғулланаман, байрам уюштирамиз, — дея ўрнидан туришга чоғланди Фазлиддин.

— Йўқ, биз кетамиз. Уйдан чиқиб кетганимизга анча бўлди. Ўзиям жуда узоқда яшайсизлар. Қорда, изғиринда келгунимизча анча вақт ўтиб кетди, — деди Малоҳат.

— Ўзиям музлаб қолдик. Бунинг устига, қор олд томонимиздан ёғди. Тўғри юзимизга урди. Шолғом бўлиб қолдик. Исинишимизга ярим соатдан кўп вақт кетди, — деб кулди Муяссар.

— Муаммоси йўқ. Ҳозир байрам қиламиз. Кейин битта машина ташкил қиламиз…

— Йўл музлаб ётибди. Машина юролмайди, — деди Малоҳат, — бошқа сафар байрам бўлар. Ҳозир қанча эрта кетсак, шунча яхши.

— Малоҳат, мен ошга уннаб қўйдим. Келишга келдинглар, энди битта ош еб, кейин кетасизлар, — дея норози бўлди Нигора.

— Тўппа-тўғри. Ошсиз кетиш йўқ.

Малоҳат жилмайди.

— Айтдим-ку, уйдан чиқиб кетганимизга анча бўлди. Ҳозир ростдан ҳам кетмасак бўлмайди. Ҳали ошнинг ҳам вақти бўлиб қолар. Бир келишни ўрганиб олдик, энди келаверамиз, — деди.

— Агар кетиш жиддий бўлса, сизлар ўтира туринглар. Мен югуриб бориб, битта машина топиб келай. Барибир, бу ҳавода қўйиб юборолмаймиз, тўғрими? — дея Фазлиддин Нигорага қаради. Нигора унинг сўзларини тасдиқлаб бош ирғади.

Фазлиддиннинг отасининг машинаси бор. Бир жойга бориб келай, деса, шундай ҳавода бошқа бировга бермаслиги мумкин, бироқ Фазлиддинга Фармон ака йўқ демайди. Ўзини мажбурлаб бўлса ҳам беради…

Машраб кўчада экан. Иккита тенгқури билан турибди. Тенгқурларидан бири чекарди.

Фазлиддин уларнинг ёнига бориб, ўша чекаётган болага нафрат билан қаради.

— Ҳали улгурасан ўпкангни чиритишга! — деди.

— Ҳеч нима қилмайди. Сен аввал ўзингнинг жўраларингга қара, ҳаммаси почканинг ичига кириб олишган, — деб кулди чекувчи йигит.

— Ўзинг биласан, — дея қўл силтади Фазлиддин, сўнг қариндошига юзланди: — Машраб, бир жойга бориб келамиз.

— Биз ўтириш ташкил қилмоқчимиз, — деди Машраб.

— Ўтиришингни кейин қилаверасан. Ярим соатда қайтиб келамиз. Машинада борамиз.

Машинани эшитиб, Машраб дарров унинг таклифига кўнди. Кейин Малоҳат билан Муяссарни уйларига олиб боришларини билгач, ўтириш қолдирилганини Фазлиддинга айтди.

Араз, ўпка-гина — ҳамма-ҳаммаси тарқади. Малоҳатнинг бир келиши буларнинг барига барҳам берди…

Фазлиддин Тошкентга қайтиб борганидан кейин яна ўқишга кўмилиб қолди. Энди унинг бош қашишга ҳам вақти йўқ эди. Ҳамма нарсага улгуришни истарди. Бироқ вақт шунақанги шиддат билан ўтардики, режалаштирганларидан бор-йўғи ярмининг уддасидан чиқар эди.

Боз устига, кураш бўйича республика биринчилиги ҳам бошланди-ю, унинг ҳатто овқатланишга сарфлайдиган вақти ҳам қисқариб қолди…

Ниҳоят, мусобақада биринчи ўринни олиб, мақтов ёрлиғи билан икки юз сўмга эга чиқди. Бироқ булардан умуман хурсанд эмас эди…

Мартгача уч марта қишлоққа бориб келди. Шулардан фақатгина бир мартасидагина Малоҳат билан кўриша олди. Шунда ҳам Машрабнинг ёрдами билан, топган пулларининг ярмини сарфлаб. Чунки Малоҳатларнинг қишлоғида синфдошлар базмини уюштирди. Ўзлариникини эмас, Машрабларникини. Ана шу ўтиришга Фазлиддин борди. Малоҳат чиқди. Кечаси эди. Уларнинг тарбияси қоронғида ёлғиз қолишларига йўл қўймасди. Шу боис Муяссар ҳам учрашув иштирокчисига айланди…

Ниҳоят, ёз келиб, институт ва университетларга қабул бошланди.

Худди Саидага шароит яратиб берганидай, Соли ака Малоҳатнинг ўқишига ҳам қаршилик қилмади. Бироқ қизининг ўқишга киришини ич-ичидан истамади. «Имтиҳонлардан ўтолмаса, яхшироқ бўлади», деди ичида. Шу боис Малоҳатни катта қизи ва куёви билан бирга Тошкентга жўнатди. Улар кетар чоғларида:

— Фазлиддинга учрашиб, унинг уйида туринглар. У ер ётоқхонага қараганда анча тинч, хотиржам, — деди.

Сўзлари куёвига ёқмади. Бироқ шу куёв Фазлиддиннинг ижара уйига борганида хурсандлигидан қарсак чалиб юбораёзди. Фазлиддин уларнинг келишларига музлаткични тўлдириб қўйибди. Ҳамма нарса бор. Фақат анави зормандадан ташқари. Бунинг устига, биров сенга: «Чекиш мумкин эмас», демайди. Хоҳлаганча чўмилиб ҳам чиқишинг мумкин. Кейин у: «Фазлиддин роса божа бўладиган бола экан», деб ҳам ўйлаб қолди. Сабаби охирги пайтлари Саиданинг эри Равшан билан унчалик ҳам чиқишмаётганди. Охирги марта улар бирга ўтиришганида айтишиб қолишди. Яхшики, орага хотинлари тушди. Акс ҳолда, муштлашиб кетишлари ҳам ҳеч гап эмас эди.

— Ҳаммаёқ зўр, — деди у кафтларини бир-бирига уриб, — фақат битта нарса камлик қилиб турибди. Сен кўрсатсанг бўлди, ўзим «есть» қиламан.

Фазлиддин унинг мақсадини дарров тушунди.

— Балки, шартмасдир, ака, — деди.

— Сенга, тўғри, шартмас. Ҳали ёшлик қиласан. Аммо менга керак. Агар бормасанг, ўзим чиқиб келаман.

Фазлиддин ноилож кўнди. Олиб борди. Аммо ўзи дўконга кирмади. Бирпасдан сўнг бўлғуси божаси иккита шиша кўтариб чиқди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: