“Қирғизистон Россия билан ҳамкорлигини тўхтатмайди” — Қирғизистон бош вазири
Қирғизистон Ғарбнинг ваъдаларига ишониб, Россия билан ҳамкорлигини тўхтатмайди. Бу ҳақда Қирғизистон республикаси бош вазири Оқилбек Жапаров хабар берди, дея ёзмоқда “ТАСС” нашри.
Манбада айтилишича, Жапаров апрель ойи ўрталарида АҚШга ташриф буюриши режалаштирилган. У ерда мамлакат расмийси АҚШ ҳукуматига Бишкекнинг Россия билан муҳим ва узиб бўлмас алоқалари ҳақида тушунтириш беради.
“Апрель ойида мен бир қатор учрашувлар ўтказмоқчиман. 14 ва 20 апрель кунлари Вашингтонда Қамбар-Ота-1 ГЕСининг катта тақдимоти бўлиб ўтади. Биз Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий муносабатларимизни тўлиқ тўхтата олмаймиз, Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиздир”, — деган Оқилбек Жапаров.
Жапаровга кўра, Қирғизистон ва Россия ягона иқтисодий маконда жойлашган. Россияда ишлаётган қирғиз муҳожирлари мамлакатга ҳар йили 2,5 миллиард доллар ҳажмида пул жўнатмоқда.