Чорвоқ сув омбори қуриб қолдими?

Чорвоқ сув омбори қуриб қолдими?

Ижтимоий тармоқларда Чорвоқ сув омбори қуриб қолгани ҳақида видео тарқалди. Ҳолат юзасидан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ахборот хизмати изоҳ берди.

Изоҳда айтилишича, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги Чорвоқ сув омбори республикадаги энг йирик сув омбори ҳисобланиб, унинг сув йиғиш ҳажми 2,06 миллиард куб метрни ташкил этади.

“Чорвоқ сув омбори мавсумий бошқариладиган сув омбори ҳисобланади. Унинг денгиз сатҳига нисбатан минимал 835 метр сатҳга тушиши февраль ойининг охири — март ойининг бошларига тўғри келса, максимал 890 метр сатҳгача сув йиғилиши июль ойининг биринчи ярмига тўғри келади. Яъни, март ойидан июль ойигача бўлган даврда сув омборида сув йиғилади, июль ойидан февраль ойигача эса сув омбори суви секин-аста бўшатиб борилади.

Жорий йилнинг 5 апрель ҳолатига, сув омборининг сув сатҳи 845,8 метрни ва сув ҳажми эса 625 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Чорвоқ сув омборининг қуриб қолгани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг барчаси асоссиз ҳамда ноўрин ҳисобланади. Сабаби, юқорида таъкидланганидек, ушбу ҳолат Чорвоқ сув омбори учун ҳозирги мавсумдаги одатий табиий ҳолат”, — дейилади жамият ахборотида.

Қўшимча қилинишича, жорий йил Чорвоқ сув омборига қуйиладиган асосий Чотқол ва Пском дарё ҳавзаларининг баланд тоғликларида қор захираси яхши шаклланди ҳамда баҳор-ёз мавсумида қорлар эриши натижасида сув омборида сув захирасининг етарли даражада шаклланишига ва куз мавсумига сув сатҳининг барқарор ҳолда киришига олиб келади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: