Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (63-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (63-қисм)

Зебо меҳмондорчиликларга бориб юришни яхши кўрадиган ёшга келиб қолганди. Қолаверса, у Хадича опа тўғрисида Малоҳатдан ҳам, Саидадан ҳам жуда кўп гаплар эшитганди, шу боис у Малоҳатдан кам хурсанд бўлмади. Яна унга тошкентликларнинг турмуш тарзи ҳам қизиқ эди.

Бироқ бориб кўрдики, Малоҳат оёғини ерга теккизмай мақтайдиган аёл жуда оддий ҳаёт кечираркан. Ош қилибди келишларига. Яна дастурхонга қовун-тарвуз, аччиқ-чучук, икки хил ширинлик қўйди. Дастурхоннинг бор кўрки шу эди. Бироқ бу аёлнинг оғзидан чиққан сўзлар Зебони ҳам ўзига маҳлиё қилиб қўйди.

Эркаклар бошқа хонада ўтиришганди. Шу боис аёллар ўзларини эркин тутишди. Хадича опа деганлари Малоҳатга ёпишиб қолди. Қанча айланиб-ўргилди, мақтади. Айниқса, унинг ширали овозини. Қуръон ўқиётганида борлиқни унутиб қўяётгани Хадича опани терисига сиғмайдиган даражада хурсанд қилиб юборди…

Нариги хонада эса…

— Бошқарув мутлақо издан чиқиб кетяпти. Бунчаликка бормаслик керак эди. Тўғри, бизга жуда кўп эркинликлар бериляпти. Аммо шу билан бирга одамлар билган ишларини қилишяпти. Магазинлар кундан кунга бўшаб қоляпти. Бу Горбачёв деганлари ҳаммани қаёққа бошлади, билмайман, — деди қори Муҳаммад Али бир пиёладан чой ичганларидан кейин.

— Ҳа, даврнинг кузи келганга ўхшайди. Бунақа пайтда экинлар далалардан йиғиштириб олинади. Кейин ҳаммаёқ бўм-бўш бўлиб қолади. Унга яна экин экиш учун қишнинг ўтишини кутишга тўғри келади. Баҳорда бўлса…

— Эски тос, эски ҳаммом, шундайми? — дея Фазлиддиннинг сўзларини бўлди домла.

Фазлиддин кулди.

— Ҳа, зўр ўзгарибсиз. Айтиш мумкинки, файласуф бўлиб кетибсиз. Аммо гапларингиздан даҳшатнинг ҳавоси келиб турибди. Демак, биз шу далалари бўм-бўш бўлган қиш фаслида одамдай нафас оларканмиз. Одамдай яшарканмиз. Аммо баҳор келиши билан… Ростини айтганда, қолганини ҳатто тасаввур қилишга қўрқаман. Айтганча, янги ҳаракат пайдо бўлибди. Акангиз Камол Шон ҳам кириб олган унга. Мен уни қайтаришга кўп уриндим. Бироқ у ҳозир ҳавода учиб юрибди. Ҳа, ҳализамон келиб қолади. Униям чақирганман. Бир ошхўрлик қиламиз, деб. Буни қарангки, илгари кун бўйи пашша қўриб ўтирарди. Энди оёғи куйган товуқдай у ёқдан бу ёққа югуради. Ҳеч нимага вақти йўқ, — деб кулди домла. У, аслида, мавзуни ўзгартирмоқчи эди.

— Айтганча, Камол Шон акани кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Бир-икки марта излаб бордим, лекин тополмадим.

— Сабаби шу-да. Бир жойда ўтиролмайди. Кейин у ҳозир нима ёзса, газетада чиқяпти. Ўзиям анча ғўдайиб қолган. Лекин битта яхши томони, ичишни ташлаган.

— Зўр-ку.

Ана шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. Қори домла дўстини тахмин қилиб ўрнидан турди.

Адашмабди. Айнан у келган экан. Яна қўлида қоғоз қоп ҳам кўтариб олган. Кичкина қоп. Унинг ортида хотини ҳам бор экан…

Суҳбат қизигандан-қизиди. Кўпроқ Камол Шон гапирди. «Ҳали биз ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз», дейди. Муҳаммад Али қори домла унинг сўзларига кулади.

— Ҳай, ҳай, шошилманг, — дейди. Бироқ Камол Шон унга эътибор қилмайди.

Фазлиддин қайтар чоғида: «Яхшиямки, Камол Шон аканинг касбини танламаган эканман», деган хаёлга борди.

Вақт анча кеч бўлиб қолганди. Шу боис таксида уйга бориб олишга қарор қилди Фазлиддин. Чунки қоронғи тушиши билан кўчада нотинчлик бошланади. Ҳар кеча қанчадан-қанча одамнинг бурни қонайди. Қанчадан-қанча хонадонда аза бўлади…

Уйга борганларидан кейин Зебо Хадича опани анча мақтади. Кейин Малоҳатга юзланиб:

— Нега улар сени жуда осмонга чиқаришади, ўтқазишга жой топишолмайди? Анави уйнинг эгаси қўнғироқ қилганида ҳам шундай бўлганди, — деди ҳайрон бўлиб.

— Мен қаердан билай? — дея жилмайиб жавоб берди Малоҳат ва Фазлиддинга кескин қараб қўйди. Унинг шу қарашидан Зебо бир нималарни тушунгандай бўлди. Худди Саида каби унинг ҳам Малоҳатга ҳаваси келди. «Сал эртароқ туғилган эканман», дея кўнглидан ўтказди.

Буни қарангки, Малоҳатнинг ҳам омади келиб қолди. У ҳам худди опаси каби имтиҳонларни нуқул «беш»га топшираверди. Бунинг устига, у сира қийналмасди. Оғзаки имтиҳон топширган пайтлари домлалар секин столнинг тагига қарашар ва исм-фамилиялар билан тўлдирилган қоғоз-рўйхатга қараб олишарди… Малоҳат шаксиз кўрганларини Фазлиддинга келиб айтарди. Бунда Хонзодахоннинг қўли борлигини Фазлиддин ич-ичидан сезарди-ю, айтмасди. Бироқ ажабланарди. Ахир ўқитувчиси мутлақо беғараз ёрдам бераётганга ўхшарди. Буниси эса ноёб ҳодиса эди.

Фазлиддин бир даста гул кўтариб келди. Ваҳоланки, Малоҳат сўнгги имтиҳондан чиққани йўқ эди. Имтиҳон оғзаки эди. Агар шунисидан икки олса, қолган бешларнинг бир тийинлик аҳамияти қолмасди. Ана шунда Фазлиддин кўтариб келган гул бошқача маъно бериб юборарди. Аммо бунақа бўлмаслигини Фазлиддин жуда яхши биларди…

— Беш! — деди Малоҳат университет ҳовлисидаги ўриндиқда ёнма-ён ўтирган опаси ва Фазлиддиннинг ёнига яқинлашаркан. Ҳеч ким эшитмади, чунки улар берилиб ниманидир муҳокама қилишарди…

Ҳар тонг синглиси кунни, энг аввало, Фазлиддинга хизмат қилишдан бошлайди. Оёқ кийимларини тозалайди. Кўйлак-шимларини дазмоллайди. Атир сепади. Унинг учун нонушта тайёрлайди… Фазлиддин масжиддан келса, ҳамма нарса тайёр… Зебо бундай нарсаларни ҳатто эрига ҳам қилмайди. Бир куни у Малоҳатга:

— Агар куни келиб сен Фазлиддинга турмушга чиқсанг ҳам ҳозиргидай меҳрибончиликлар қиласанми? — деб сўради.

Малоҳат дарров жавоб бермади. Уялди. Бир муддат жим турди. Опаси қистайверганидан кейин эса «ҳа», деди қисқагина қилиб.

— Менимча, бундай бўлмайди. Ҳамма бошида эрини осмонга кўтаради. Вақт ўтганидан кейин эса барига қўл силтаб юборади, — деди Зебо.

— Нега? — сўради Малоҳат ҳайрон бўлиб.

— Чунки жонига тегади. Мен ҳам бошида поччангни ҳеч қачон уйдан кир, дазмолсиз кўйлакда чиқармасдим. Ҳозир бўлса, қандайдир бефарқман. Бошқалар шундай юрибди-ку, юраверсин, дейман. Айниқса, у ичиб келса, шу итларга алмашгим келиб кетади. Ўзинг ҳам келганида кўрдинг-ку. Шундан кейин унга меҳрибончилик қилгинг келадими? Қайтага, жеркиб ташлайсан.

Малоҳат ўйланиб қолди. «Фазлиддин акам ҳеч қачон ичмайди. Фазлиддин акам ҳеч қачон бефаросатлик қилмайди. Мабодо йиллар ўтиб ўзгариб қолган тақдирда ҳам, мен ўзгармайман», дея кўнглидан ўтказди.

— Сен ўзинг обрўйингни туширяпсан. Ҳозир сен эмас, Фазлиддин кўпроқ хушомад қилиши керак. Қарасам, тескариси бўлаётганга ўхшайди, — деди Зебо.

— У кишининг режалари бутунлай бошқача. Мен бир кунда битта китобни ўқиб тугатганини, ичидаги масалаларни ечиб чиққанини кўрдим. Лекин шундай бўлсаям, у бизнинг кўнглимизга қараяпти. Сиз ўзингизнинг қаричингиз билан ўлчаманг.

— Мен синглимни шу ёшида шунча ақлли бўлади деб сира ўйламагандим. Ишқилиб, нима бўлса ҳам адашиб қолмагин дейман-да. Биласан, отам ҳам, онам ҳам шармандагарчиликни кўтаролмайди.

Унинг шу охирги сўзи Малоҳатга оғир ботди. Юзини терс ўгириб кетди.

Малоҳат имтиҳон топшираётган пайтда Зебо Фазлиддинни худди шунақа сўроқ-саволга тутиш йўлини қидирарди. Бироқ сира имконини тополмаётганди. Аввал нега химик бўлмоқчилигини сўради. Унга муаллимликни ҳам илова қилиб юборди. «Муаллимларнинг обрўси ёмонмас, лекин уларнинг кун кечиришлари сал ночорроқ. Отам ҳам ўқитувчи. Отам жуда ақлли одам. Шунинг учун биз камчилик кўрмаганмиз. Аммо бошқаларда шу нарсаларнинг гувоҳи бўлганман», деди.

Фазлиддин жавоб беришдан олдин кулди.

— Манави ўтирган ўриндиғимиз бор-ку, — деди сўнгра, — шунинг ёғочини ҳисобга олмаганда, қолган ҳамма жойи химия. Ҳатто темир ҳам. У ҳам химиявий йўл билан ажратиб олинади. Бўёқлар, лаклар, бари-бари химия. Хўш, ким шуларни қилган? Албатта, химиклар. Улар йўл-йўриқларини очиб беришган. Оддий гугуртни олинг. Бор-йўғи бир тийин туради. Агар химик шунинг чақмоғини ўйлаб топмаганида эди, одамлар ҳеч қачон оловни бунчалик осон ҳосил қила олишмасди.

— Бундан чиқди, сен ўқитувчи бўлмайсан, — дея Фазлиддинга тикилди Зебо.

— Билмайман. Буни вақт кўрсатади. Аммо вақт етказолмасам керак, деб қўрқаман. Ундан кейин бошқа режаларим ҳам борки, бир бошидан гапириб берсам, кун етмайди. Ундан кўра сиз менга айтинг, кириш имтиҳонлари нега ҳар доим ёзда бўлади?

— Чунки мактабларда ўқишлар тугайди. Кейин…

— Мактаблардаги ўқишларни эрта баҳорда тугатишса ҳам бўлади-ку. Айтайлик, май ойида ҳамма мактабга борса, баҳор келиши билан ўқишни тугатишса, кейин институтларга кириш имтиҳонлари мартда бошланса…

— Фазлиддин, — деди кулиб Зебо, — унақанги нарсаларга менинг ақлим етмайди. Ёзда… Ёзда энди ҳамма дам олади…

— Ёзда мия бошқа фасллардагидай ишламайди. Ишлашига иссиқ халақит беради. Россия, Украина, ана боринг, Эстонияда ҳаво салқин бўлганлиги учун қачон мактабни битириш, қачон кириш имтиҳонлари бўлишининг фарқи йўқдир. Аммо бизда тўғри келмайди…

Суҳбат шу ерга етганида Малоҳат келди. Ҳали айтганимдай, Малоҳат уларнинг ёнгинасига етгунича эътибор қилишмади.

— Мен сизлардан хафаман, — деди Малоҳат.

Шу пайт бирдан иккаласи ҳам у томонга қаради.

— Неччи? — сўради Зебо шу заҳоти.

— Беш, — дея жавоб берди Малоҳат.

Зебо ўрнидан сакраб турди. Синглисини қучоқлади, юз-кўзларидан ўпди. Табриклади. Фазлиддин эса қўлидаги гулни унга берди.

— Энди битта музқаймоқхўрлик қиламиз, — деди жилмайиб.

— Йўқ. Бу сафар фақат музқаймоқхўрлик кетмайди. Ёнига кабобхўрлик ҳам қўшилади.

— Бўлди, дарров ташкил қиламиз…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: