Нимани қандай ёзишни биласиз…
Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари давлатни — давлат, миллатни — миллат қилганлар. Инсон қадр-қиммати ва раият иззатини жойига қўйганлар. Ёғийлардан қарз устига қарз олмаганлар, табиий бойликлар ва иқтисод жиловини бегоналарга тутқазмаганлар. Олтин сотишда дунёда илғор бўлмаганлар, аммо ҳар бир ишлари очкўз амалдорларнинг эмас, юрт аҳли, раият фойдасига бўлган. Салтанатда нарх-наво ва жарималарни оширмаганлар. Лафзда қатъий бўлганлар, амру фармонлари ҳавода муаллақ қолмаган.
Давлатни шахсий мулк деб билмаганлар, эрта чин дунёда, Худо ва Пайғамбар ҳузурида фақирлар этагимдан тортиб, ўз ҳақларини даъво қиладилар, деган ақидада собит бўлганлар. Эл-юрт манфаатларига зид иш қилса, ўз фарзандларини-да аямаганлар, порахўр, саводсиз ва лўттибоз амалдорларни яқин доритмаганлар. «Давлат ичида талай олчоқ, ёмон одамлар бордирки, давлат душманларини яхшилаб, унинг жон фидоларини турли макр-ҳийлалар билан хароб қиладилар. Буларнинг мақсадлари салтанат қўрғонига рахна солишдир», деганлар. Лафзи ҳалол, жасур ва қатъиятли инсонларни қўллаганлар. Чунки ҳукмдор феъл-атвор ва савияси ўзига ўхшаганларни атрофига тўплайди.
Бахтиёр Ҳайдаров