Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (65-қисм)
Фазлиддин автомактабда ҳам ўқишга мажбур бўлди. Чунки кейинги пайтларда машинага бўлган эҳтиёжи кўпайиб кетди. У, асосан, таксилардан фойдаланарди. Бироқ такси ҳам айтилган пайтда топила қолмасди. Бунинг устига, унинг юк машинага ҳам эҳтиёжи сезила бошлади. Кассир ҳам лозим бўлиб, бунинг учун ишончли одами бўлмаса, ҳамма ҳисоб-китоблари тескари кетиб қолиши ҳеч гап эмасди. Яна уйида у олиб борган пулларга қараб турадиган қўриқчи ҳам керак бўлиб қолди. Сабаби сўнгги пайтларда ўғрилик авж олиб кетди. Олдин кўча безорилари кўпайганди. Кейин уларга ўғрилар ҳам қўшила бошладики, ҳаёт тушуниб бўлмайдиган даражада алғов-далғов бўлиб кетди. Буларнинг бари бир бўлиб, Фазлиддиннинг ўқишига жуда катта таъсир кўрсата бошлади. У ҳатто баъзи кунлари Қуръон ўқиёлмади. Ана шуниси унга жуда алам қиларди. Дарслар унинг учун қийин эмасди. Чунки курсдошлари ўтаётган мавзуларни у аллақачон ўрганиб бўлганди. Шунга қарамасдан Фазлиддин қўшимча ўрганишга интилаверарди. Бундан ташқари, физикага бўлган қизиқиши ҳам ортиб кетганди. Бироқ буларнинг ҳаммасини ўрганиш учун унга ёрдамчилар керак бўларди. Охири у шу ҳақда Малоҳат билан маслаҳатлашди. Йўқ, унинг ёнига маслаҳат олгани бормади. Шунчаки, иккиси гаплашиб ўтирганда оғзидан чиқиб кетди. «Улгурмаяпман», деди.
— Унда битта йўли бор. Отангиз билан акангизни олиб келишингиз керак. Уларни асосий жойларга қўясиз. Шу билан ишингиз анча енгиллашади, — дея таклиф берди Малоҳат.
— Зўр. Лекин отам ҳам анча ер олган…
— Биттасини танлаш керак-да. Йўқса, сиз ҳеч нимага улгуролмай, муаммоларингиз орасида қолиб кетасиз. «Бегоналарга ишонолмаяпман», деяпсиз-ку.
— Ҳа. Шундай. Демак, ягона йўли… Менга қаранг, қачонгача отам тупроққа қоришиб юради? Ўзи охирги пайтларда: «Шу ишни бекор қилдим. Ўзи менга ернинг нима кераги бор эди? Топшириб юборсамми?» дегандай бўлганди.
— Ана. Ўзлари ҳам айтган эканлар…
— Тошкентликларга ўхшаб гапириб қоляпсиз.
— Уларнинг орасида юрганимдан кейин юқаяпти-да. Сиз хонадошимни билмайсиз. Агар кўчада билмасдан гаплашиб қолсангиз, аниқ тошкентлик, деб ўйлайсиз. Айтганча, у сизга қизиқиб қолган. Бир сафар оғзим бўшлик қилиб сиз тўғрингизда гапиргандим. Шундан бери ҳар куни сўрайди.
— Сиз-чи, унинг сўраганларига жавоб берасизми?
— Ҳаммасига ҳам эмас. Лекин қурғурнинг ошиқлари жудаям кўп. Илгари мактабда ўқиб юрганимда, Муяссарники шунақа эди… Ҳа, сизга айтиш эсимдан чиқибди, кейинги ҳафтадан пахтага кетарканмиз. Жиззахга.
Бу хабар Фазлиддиннинг бошига тўқмоқдай тегди. Ўтган йили уни Бодров олиб қолганди. Ҳозир у йўқ. Москвага кўчиб кетган. Ўрнига бошқа мураббий тайинланган. Бироқ бу мураббий ундай эмас. Болалар билан жон куйдириб шуғулланмайди. Номига келади, кетади. Айтишларича, у жуҳуд экан. Жуҳудлар билганларини, айниқса, бошқа миллат вакилларига умуман ўргатишмас экан. Демак, у ҳеч қачон университетга келмайди. Фазлиддинни олиб қолмайди. Аммо Фазлиддинни бу эмас, Малоҳатнинг пахтага бориши ҳозир кўпроқ қийнаётганди. Сабаби ўтган йили пахтадан қайтиб келган курсдошлари роса азобланганларини гапириб беришганди. Зах шийпонга жойлаштиришган. Хлор солинган сувдан ичишган.
— Лекин мен пахта теришдан сира қўрқмайман. Чунки ўзимиз пахтанинг орасида катта бўлганмиз, — дея гапини давом этказди Малоҳат Фазлиддиннинг ўй суриб ўтирганидан фойдаланиб.
— Малоҳат, сиз ҳам сиртқида ўқийсизми? — дея кутилмаган савол берди Фазлиддин.
— Нега? — дея ҳайрон бўлди Малоҳат.
— Чунки сиртқида ўқисангиз, пахтага чиқмайсиз…
— Сиз менинг кетишимни истаяпсизми?
— Йўқ. Шу ерда бирорта мактабга гаплашсак. Кичкина синфларга дарс бериб юраверардингиз. Баҳонада пахтага бормасдингиз. Мен сизнинг касал бўлиб қолишингиздан қўрқяпман.
— Лекин бир менмас-ку пахтага борадиган. Кейин ўтган йили ҳам боришган, ундан олдин ҳам. Ким касал бўлибди?
— Кўпчилик. Уйингиздаги шароит у ерда йўқ.
— Аммо бошқа иложим ҳам йўқ. Қолаверса, сиз ҳам борасиз. Ё ўтган йилдагидай қоласизми?
— Мен ўғил боламан. Ундан кейин, эҳтимол, қолишим ҳам мумкин… Мен бир йўлини қиламан. Фақат сиз индамай рози бўласиз.
— Нима йўл?
— Айтдим-ку, индамай рози бўласиз.
— Сиз нима десангиз шу, — дея бошини эгди Малоҳат.
Шу куни кечки пайт Фазлиддин Хонзодахонга қўнғироқ қилди. Ўзи анчадан бери улар гаплашишмаганди. Сабаби уйнинг эгаси мутлақо қўнғироқ қилмай қўйган эди. У Фазлиддиннинг овозини эшитиб бирдан хурсанд бўлди.
— Жоним болам, кўнглимдагини сезасан. Ўзим ёнингга бормоқчи бўлиб тургандим. Бир-иккита ишлар чиқиб қолди, — деди Хонзодахон.
— Сиз келиб овора бўлманг, ўзим бораман.
— Йўқ, сен ўтира тур. Ҳа, боришимга анави шампунингдан олиб қўй. Оти нимайди?.. Малоҳат. Шампуннинг оти Малоҳат. Бу йил ўқишга кирган қизнинг шарафига қўйилган, — дея кулди Фазлиддиннинг устози. Фазлиддин қизарди.
— Сиз шампунни қаердан эшитдингиз?
— Эй-й, болам, мен ер тагида илон қимирласа биламан. Ҳаммасидан хабарим бор. Эртага худди шу пайт уйда бўл, бораман, — деб Хонзодахон гўшакни қўйди.
Эртасига у қизи билан келди. Қизи содда, уятчан эди. Мутлақо ўзгариб кетибди. Сочлари калта. Лаблари қип-қизил қилиб бўялган. Ўзи ҳам лямка кўйлакда.
Ўқитувчиси уйга кирибоқ уни мақтади. Юридическийга ўқишга кирибди бу йил. Шундан кейин уйларини совчи босиб кетибди. Ҳатто унаштириб ҳам қўйишибди. Битта вазирнинг ўғлига…
— Нима гаплар? — деб сўради Хонзодахон қизининг оёқларини ерга теккизмай мақтаб бўлганидан сўнг.
— Пахта бошланди. Кейинги ҳафтада ҳаммани пахтага олиб кетишяпти, — деди Фазлиддин.
— Хабарим бор. Бизникилар ҳам кетишади, — дея ажабланиб Фазлиддинга қаради Хонзодахон.
— Шунга Малоҳатни олиб қолишнинг иложи йўқмикан, демоқчийдим.
Хонзодахон жилмайди. Келиб, Фазлиддиннинг елкасидан қучди. Шунда ундан атир билан бирга спирт ҳиди анқиди.
— Бу ҳақиқий эркакнинг гапи. Жентльмен шундай бўлиши керак. Ўз яхши кўрган одами учун ҳамма нарсага тайёр бўлиши керак. Фазлиддинни неча йилдан бери билсам, бирор марта ҳам менга илтимос қилмаган. Қайтага, мен ўзим унга ёрдам бергим келган. Аммо Малоҳатга ёрдам керак бўлдими, дарров шунинг ҳаракатига тушди. У ёғи шампуннинг номи ҳам Малоҳат.
Фазлиддин шундай қизардики, уялганидан ерга кириб кетгудек бўлди. Қош-кўзлари бўялган Хонзодахоннинг Сабина исмли қизи эса жилмайганча Фазлиддинга тикилиб турарди.
— Э!.. — деди Фазлиддин бошқа гап тополмай.
— Малоҳат пахтага бормайди. Сан ҳам бормайсан. Аммо у ётоқхонада турмаслиги керак. Бу ерда ҳам туролмайди. Чунки аввалгидай опалари йўқ.
Фазлиддиннинг хаёлига Хадича опа келди.
— Битта танишим бор, шуларникида туради, — деб у Хонзодахонга қараб қўйди.
— Яхшими? Ишончлими? Ёки уйга олиб борайинми? Сабина иккаласи ўртоқ бўлиб юришарди.
— Ўша танишимга айтиб қўйган эканман-да, — дея бу сафар Фазлиддин ёлғон сўзлади.
— Бўлади. Аммо мен сен билан бошқа масалада гаплашмоқчийдим.
— Яхши, — деб Фазлиддин яна устозига қаради.
— Бу уйни сотмоқчиман.
— Сотмоқчисиз?
— Ҳа. Шунақа бўлиб қолди. Бировга айтмайман. Сен ўзимизникисан, шунинг учун сенга бемалол айтавераман. Биз билмасдан яна иккита ҳовли олиб қўйдик.
— Яхши-ку.
— Яхшиликка яхши. Аммо одамларнинг кўзлари ёмон. Кейин хабаринг бор, хўжайин нозикроқ жойда ишлайдилар. Шунга номимизда камроқ нарса бўлгани яхши-да. Бунинг устига, Сабинахон тўйдан кейин чет элга кетади. Германияда ўқийди куёв билан бирга.
Фазлиддин: «Қандай қилиб? Наҳотки шундай қилишнинг имкони бўлса?» демади. Чунки устози ва унинг нозик жойда ишлайдиган эри, қолаверса, бўлажак вазир қудасининг қўлидан ҳамма иш келишини у жуда яхши биларди.
— Табриклайман. Жуда зўр иш бўларкан. Ҳатто ҳавасим келди, — деди у.
— Ҳа, айтма. Агар сендаям чет элда ўқиш истаги бўлса, бемалол айтавер. Бир амаллаймиз. Аммо ўзинг тўғри тушунасан, бу осонлик билан бўладиган нарса эмас. Сарф-харажати бор. Ўзинг ақлли йигитсан, агар менинг қўлимдан келганида, энг аввал сени жўнатиб юборган бўлардим.
— Йўқ, ҳозирча шу ерни эплаб турсам ҳам катта гап. Бунинг устига, хабарингиз бор экан, озгина ишлаб чиқаришни йўлга қўяётгандим.
— Сенинг келажагинг борлигини биламан, ўғлим. Энди гап бундай. Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўзинг ўтирасан, деган гап бор. Шунга мен сени мўлжаллаб тургандим.
— Нимага?
— Уйни сенга сотишни мўлжаллаяпман-да. Ичидаги ҳамма мебель-себель, ашқол-дашқоллари билан бирга.
— Қанча?
— Кўп эмас, бор-йўғи йигирма беш минг сўм… (ҳозирда тахминан етмиш беш минг доллар).
— Лекин, опа, бунча пул йўқ-да.
— Бирдан керакмас. Бўлиб-бўлиб бераверасан. Бирор уч ойда.
— Билмадим, опа, йиға оламанми?
— Ҳа, йиғасан. Ҳатто шундай бўладики, бир кунда бунча пулни ишлаб топасан.
— Майли, мен отам билан маслаҳатлашай.
— Жуда яхши. Энди менинг шампунимни бер. Ҳамма мақтайди. Бир фойдаланиб кўрай. Ажабмас, мен ҳам сенинг мижозинг бўлиб қолсам. Ўзи мен французларникидан фойдаланардим.
— Ойи, — дея ниҳоят гапга аралашди Сабина, — зўр, дедимми, зўр. Фазлиддин акамлар қандай қилганлар, билмадим, аммо французларники унинг олдида ҳеч нарса эмас. Фақат менда бошқа бир таклиф бор.
— Бемалол, — деди Хонзодахон қизига, — нима бўлса айтавер, Фазлиддин аканг ўзимизнинг одам.
— Шу мен ҳаммага ўхшаб юргим келмаяпти. Шунга менинг бир ўзимга тайёрлаб берсалар. Айтайлик, ҳидими ёки ювгандан кейин сочларнинг товланиши қандайдир бошқача бўлса. Майлими?..
Сабина шундай деб онасининг кўз ўнгида Фазлиддиннинг қўлини қучди. Шу заҳоти Фазлиддиннинг бутун вужуди жимирлаб кетди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)