Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (70-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (70-қисм)

— Йўқ, — деди бош директор, — хомашё йўқ. Менинг қўлимдан ҳеч нима келмайди. Нефть заводида хомашё тақчил бўлиб қолибди.

— Унда менинг ишим буткул тўхтаб қолади-ку, — деди Фазлиддин хавотир билан.

— Унда ягона чора, — деди директор бошини қашлаб, — сен пластик идишларни йиғишинг керак. Шаҳарда пластмассали идишлар озмунчами? Агар шуларни йиғиб олиб келсанг, мен эритиб, сенга буюртмангни тайёрлаб бераман.

Фазлиддиннинг боши оғриди. У кайфиятсиз аҳволда директорнинг қабулидан чиқди. Айни дамда унинг кўнглига ҳеч нарса сиғмасди. Унинг учун цехнинг ишламай қолиши ҳеч нарса эмасди. Бироқ қишлоқдан шунча йигит келди. Улар энди-энди ишга кўника бошлашган эди. Бўлди, иш тўхтади, деса, улар қай аҳволга тушишади? Уларнинг олдида Фазлиддин нима деган одам бўлади? Директор «пластик идиш йиғ» дейди. Қаердан йиғади? Қандай йиғади? Осонгина иш бўлсаки, қопга солса-да, кўтариб келса…

У тўғри боққа борди. Айланиб юрди. У ерда одам жуда кам эди. Сабаби шаҳарнинг жуда катта аҳолиси пахтага кетганди. Асосан, қариялар ва ёш болалар юришибди.

Фазлиддин музқаймоқ олиб, ўриндиқлардан бирига ўтирди. Хаёл уммонига шўнғиди. Шунда бирдан кўнглига цехни очиши хато иш бўлгандай туйила бошлади. «Бораман, — деди ўзига-ўзи, — ёпаман. Шунда ҳамқишлоқларим иш ҳақларини олишади-да, уйларига кетишади. Отам ҳам кўнгли хотиржам бўлиб, акам билан бирга бориб уйда, қишлоқда хотиржам яшашни давом эттиради. Ахир мен-ку ҳамманинг оромини бузиб қўйган».

Унинг хаёлидан шу фикр ўтиши билан тез-тез музқаймоғини еб тугатди-да, ўрнидан турди.

«Аввал Малоҳатнинг ёнига бораман. У билан шунчаки гаплашиб ўтираман. Баҳонада, миямдагини пишитаман. Хотиржам бўлиб оламан», деди ўзига ўзи.

Малоҳатнинг ҳам сўнгги пайтларда бўш вақти кўп эди. Пешингача кутубхонага боради. Китобларни бошқалар билан бирга бироз тартибга келтирган бўлади. Сўнг қайтиб келади. Ҳали айтганимиздай, бахтига, Қуръон ўқишни билади…

Фазлиддин борганида у мутолаадан тўхтаб, дам олиш учун каравотига ётган эди.

Улардан икки хона нарида турадиган Санобар исмли қиз келиб, пастда бир йигит кутаётганини айтди.

Малоҳатнинг хаёлига бирдан Фазлиддин келди. У шоша-пиша ўрнидан туриб, ойнага қаради-да, рўмолини тартибга келтирди, сўнг ташқарига югурди.

— Сизни ҳали-бери келмайди, деб ўйлагандим, — деди у Фазлиддинга салом берганидан кейин.

— Бугун ишларим камроқ бўлди.

— Яхши. Мен ҳам зерика бошлагандим, — деб Малоҳат Фазлиддиннинг ёнига ўтирди. Ўриндиқ ётоқхонанинг кириш эшигидан бироз чапроқда, улкан чинор остида эди.

— Нега? Хонадошингиз бор-ку.

— Ҳа, бор. Лекин ҳозир йўқ. Котиба бўлганидан бери кеч келади. Бир куни ҳатто ярим кечаси келди. Мажлис бўлган эмиш.

— Ҳамма пахтада бўлса, қанақа мажлис бўлиши мумкин?

— Билмадим. Сўрамадим. Охирги пайтларда у ўзгарган.

— Қанақасига?

— Юриш-туриши. Жуда қимматбаҳо кийинади.

— Уйидагилар бой бўлса, бунинг сира ажабланадиган жойи йўқ. Қолаверса, канизаклар авлодидан экан. Момоларидан тилла-пиллалар қолган бўлса керак-да, — деб кулди Фазлиддин.

— Ҳайронман. Балки, шундайдир. Аммо анча камбағал эканликларини илгари айтган эди. Яқинда уч юз сўмга оёқ кийим олди. «Вой-вўй!» десам, «Уйдагилар пул жўнатишди», дейди. Мен унинг аввалги гапларини эслаб ўтирмадим. Аммо кейинчалик қандайдир улғайиб қолгандай кўрина бошлади менга.

Фазлиддин унинг шу гапларидан сўнг, бир нималарни тушунгандай бўлди. Ҳатто ичида «охири хайрли бўлсин», деди.

— Аниқ, у бойлигини сиздан яширган, — деди кўнглидагини ошкор этмаган Фазлиддин.

— Ҳа, шундай бўлса керак. Чунки кеча: «Энди квартирага чиқаман. Негадир менга ётоқхона тўғри келмаяпти», деб қолди. Квартира пули қиммат.

— Бир ҳисобдан, шуниси ҳам тўғри.

— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Малоҳат.

Фазлиддин яна ичидагини яширди.

— Хотиржам ўқиши учун, бировлар халақит бермасликлари учун. Аммо мени бошқа нарса ўйлантиряпти.

— Нима?

— Агар у кетса, сиз ким билан турасиз?

— Санобар опа билан. У иккинчи курс. Пахтадан қолган. Уям университетга қатнайди ҳар куни. Айтишича, холаси олиб қолибди. Холаси декан муовини. Ҳозир шунинг қоғоз ишларига қарашиб юрган эмиш. Чунки баъзи кунлари бирга борамиз-да университетга. Ўшанда гапириб беради. Ҳозир унинг бир ўзи турибди. Агар Барно квартирага чиқиб кетадиган бўлса, мен унинг хонасига ўтиб оламан ёки унинг ўзини чақираман. Яхши қиз, оғир-босиқ.

— Маъқул.

— Энди ўзингиз гапиринг-чи, нималар қиляпсиз, цех қандай?

Фазлиддин ёрилди. Айтмоқчи эмасди. Бироқ қандайдир таскин истади. Директордан эшитганлари-ю, ўзининг ниятини гапириб қўйди.

— Бунча тез? — деди ҳайрон бўлган Малоҳат.

— Нима бунча тез?

— Таслим бўлишингиз.

— Қанақасига?

— Айтяпсиз-ку, ёпаман, ҳаммани уй-уйига жўнатиб юбораман деб. Директор сизга қандайдир йўли борлигини кўрсатибди-ку.

— Ҳа, кўрсатди. Лекин пластик идиш йиғишнинг ўзи бўлмайди. Жуда кўп вақт талаб қилади. Мен уларни йиғаман деб озмунча вақтимни йўқотаманми?

— Йўқотмайсиз. Қанча магазин эгалари билан танишсиз?

— Бирор элликтача бўлса керак.

— Ана, энди сиз бир кило пластмасса буюм учун фалон пул бераман, деб ёзиб, ўша дўконларнинг кўзга кўринадиган жойларига илдириб қўйинг. Ана шунда одамларнинг ўзлари олиб келиб топшира бошлашади. Уйларида кераксиз бўлиб ётган пластик буюмлар озмунчами? Агар сиз нархини каттароқ қўйсангиз, бирпасда ҳамма ёғингизни ўшандай нарсалар босиб кетади.

Фазлиддин кулди. Завқи ошди. Юраги ҳапқирди.

— Малоҳат, — деди у.

— Ҳа, — дея жилмайиб унга бир қаради-ю, кейин бирдан кўзини олиб қочди қиз.

— Бир нарса демоқчиман.

— Айтинг.

— Йўқ.

— Нега?

— Айтолмайман.

Малоҳат дарров унинг нима демоқчи бўлганлигини тушуниб етди ва унинг иккала юзи ҳам қизарди.

— Балки, мен хонамга борарман, — деди у паст овозда.

— Йўқ, йўқ. Кетмайсиз. Ҳали кетишингизга бироз бор.

— Унда айтмоқчи бўлганингизни айтманг.

— Хўп.

— Ўзи нимани айтмоқчийдим? — деб кулди Фазлиддин.

— Мен билмайман.

— Айтмоқчи бўлганимки, сизнинг ақлингиз менга жудаям керак.

— Ҳимм, — деб кулди Малоҳат ҳам, — бунгаям ўзингиз сабабчисиз.

— Нимага энди дарров мен сабабчи бўлиб қоларканман?

— Чунки сиз фикрлашга ўргатдингиз. Мен кичкиналигимда бирор нималарни айтишдан олдин узоқ ўйлардим. Аммо сиз ҳадеб китоб ўқитаверганингиздан кейин ва яна қанчадан-қанча ақлли гапларни айтаверганингиздан кейин шунақа бўлиб қолдим.

— Лекин ўзим оқсай бошладим. Қаранг, шундай қилиш кераклигини сиз менга айтмасангиз, хаёлимнинг бир четига ҳам келмас экан.

— Муаммонгиз ечилди. Ҳар қалай, мен шундай деб ўйлаяпман. Кейин нима қиласиз?

— Олдимда яна битта катта иш турибди.

— Хўш?

— Иккита машина оламан. Биттаси енгил, иккинчиси юк.

— Фазлиддин ака, яқиндагина уй олдингиз. Дарров энди машинага ўтасизми? Одамлар сизни ўғирлик қиляпти, деб ўйлашади.

— Майли, ўйлашса ўйлайверишсин. Аммо мен шундай қилмасам бўлмайди. Енгил машина билан ҳам қиладиган ишлар бор. Бунинг устига, юк ташиш керак. Уям ҳозир муаммо бўлиб турибди.

— Лекин сиз шунча пулга қийналиб қолмайсизми?

Фазлиддин кулди ва Малоҳатга қараб олди-да:

— Битта сирни айтайми? — деди.

— Ҳа.

— Пул ҳақида.

— Унда айтманг. Чунки ўзингиз пулнинг нақадар ёмонлигини гапиргансиз. Худди шу нарсани мен Хадича опадан ҳам эшитганман. Мен тахминан кунига қанча топишингизни биламан. Айнан ана шундан хавотирдаман, — деб Малоҳат бошини кўтарди ва анча нарида келаётган Барнони кўрди, — хонадошим, — деди гапининг давомида.

Фазлиддин аввал Малоҳатга қаради. Сўнг у юзланиб турган томонга кўз ташлади. Барнони кўрди. У неча марта бу қизни кўрган бўлса, доим узун кўйлакда бўлган. Ҳозир эса унинг юбкаси тиззасидан тепада эди. «Айнибди», деган сўз бирдан хаёлидан ўтди.

Барно ҳам уларни кўрди. Уларнинг ёнига келди. Фазлиддинга салом берди. Жилмайди.

— Бугун ҳамманинг иши эртароқ тугабди, — деди Малоҳат унга.

— Яна ким эрта келди? — дея сўради Барно.

— Бу кишим, — деб Малоҳат Фазлиддинни кўрсатди.

— Демак, бугун шунақа кун экан, — дея Барно бўйнига тушиб турган қоп-қора сочларини орқа томонига олган бўлди. Шу заҳоти Малоҳат ҳам, Фазлиддин ҳам унинг бўйнидаги кўкарган жойни кўрди. Фазлиддин шу заҳоти кўзини олиб қочди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: