68 ёшли аёл ўлимга ҳукм қилинди!..
Ҳошимин шаҳри суди вьетнамлик Van Thinh Phat Group компанияси директорлар кенгаши раиси Труонг Ми Ланни ўлимга ҳукм қилди, деб хабар берди Reuters. 68 ёшли аёл фирибгарлик, порахўрлик, давлат маблағларини ўзлаштириш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди.
Айбловга кўра, Лан 10 йил давомида ўзи эгалик қилувчи Сайгон Тижорат Банкида (SCB) кредит аризаларини сохталаштириб, пул ўмарган.
Аёл ва унинг шериклари 2022 йилда ҳибсга олинган. Суд жараёни март ойида бошланди. Айбланувчиларнинг фаолиятидан кўрилган зарар 304 триллион донни (12,5 миллиард долларни) ташкил этган.
Яна 85 киши, жумладан, Вьетнам Марказий банкининг собиқ ходимлари, ҳукумат амалдорлари ва SCB раҳбарларига нисбатан ҳам айблов эълон қилинди. Ҳошиминдаги суд мажлисида 78 нафар айбланувчи иштирок этди, қолганлари қидирувда экани айтилди.
Вьетнам полицияси 42 мингдан ортиқ фирибгарлик қурбонларини аниқлади — улар асосан қимматли қоғозлар эгалари ва SCB омонатчилари ҳисобланади. Жабрланувчилар омонатлари бўйича фоиз ёки пулларини қайтариб ололмаган.
Терговда аниқланишича, Труонг Ми Лан ва банкирлар қонунбузарликлар ва SCB оғир молиявий аҳволини яшириш учун ҳукумат амалдорларига 5,2 миллион доллар пора берган, бу Вьетнам тарихидаги энг катта пора экани таъкидланмоқда.