Толибон икки Тожикистон фуқаросини ҳибсга олганини маълум қилди
Толибон расмийлари Россияда ИШИД сафига қўшилганликлари, Туркия ва Эрон орқали Афғонистонга кирганликлари ва Покистонда ИШИД сафига қўшилишни истаётганликларини тилга олиб, икки Тожикистон фуқаросини қўлга олганликларини маълум қилди.
Ҳибсга олинганларнинг айбига иқрор бўлган видеони Almirsad English канали Х тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.
Видеода қўлга олинганлар ўзларини Кўлоб шаҳрида туғилган 21 ёшли Аминжон Файзов ва Восе туманида яшовчи 21 ёшли Сирожиддин Давлатовлар деб таништирган.
Файзовнинг айтишича, у Россиянинг Владимир вилоятидаги ИШИД гуруҳига қўшилишга таклиф қилинган.
«Ёлловчилар аввал Туркияга, кейин Эронга, кейин Афғонистонга кўчиб ўтишимиз кераклигини айтишди. Афғонистонга етиб келдик. Бизга бу ердан Покистоннинг Кветта шаҳрига бориб, у ерда шариат ва ҳарбий сабоқларни ўрганишимиз, кейин эса уларнинг режаларини амалга оширишимиз кераклигини айтишди», – дейди Файзов.
Унинг қўшимча қилишича, Афғонистонни тарк этгач, Нимруз чегарасида Толибон кучлари томонидан ҳибсга олинган.
Сирожиддин Давлатов видеода Файзовнинг сўзларини деярли такрорлайди, фарқи шундаки, у ИШИДга Телеграм орқали қўшилган.
Бу икки шахс қачон ҳибсга олингани номаълум, улар ҳозирда тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда.
Тожикистон расмийлари бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.