Кўз ёшингизни тиёлсангиз, охиригача ўқинг!
8 ёшли боланинг онаси вафот этиши билан дадаси фарзандининг ёлғиз ва она меҳрисиз қолишидан қўрқиб, бошқа аёлга уйланишга мажбур бўлди. Орадан бир неча кун ўтгач, ота фарзандини бағрига босиб, эркалаб:
— Тойчоғим, янги онанг билан эски онангнинг орасида қандай фарқ бор? — деб сўраб қолди.
Бола жудаям беғуборлик билан жавоб берди:
— Ҳақиқий онам менга ёлғон гапирардилар, аммо иккинчи онам доим ростини айтадилар ва айтган гапларида турадилар.
Ота ҳайратланиб сўради:
— Қанақасига, болажоним?
Ўғил:
— Ўйнаб ўтирганимда онамга ёқмайдиган иш қилсам, менга айтардилар: «Агарда қулоқ солмасликни бас қилмасанг ва менга зулм қилаверсанг, сенга овқат бермай қўяман», дердилар. Гапларига парво ҳам қилмасдим. Баъзан кўчада кўп ўйнаб қолиб кетсам, чиқиб мени кўчама-кўча излардилар, мени топмагунларича оёқлари қаерга бошласа, ўша ерга кетаверардилар. Ва ниҳоят мени топганларидан кейин юз-кўзларимдан ўпиб, мени уйга олиб борардилар ва мазали таомлари билан сийлардилар. Энди эса янги онам: «Агар ўйинни бас қилмасанг, сенга овқат йўқ», дедилар. Мана, икки кундан бери қорним оч. Менга ёлғончи онамни қайтариб беринг, илтимос, дада. Ёлғончи онамни жуда соғиндим…