Россия ва Украина ҳалок бўлган 122 нафар аскар жасадини алмашди

Россия ва Украина ҳалок бўлган 122 нафар аскар жасадини алмашди

Россия ва Украина ҳарбий маъмуриятлари 12 апрель куни ҳалок бўлган 122 нафар аскар жасадлари ўзаро алмашилганини маълум қилди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, ушбу аскарлар жасадлари алмашинуви жорий йил бошидан бери тўртинчи бор амалга оширилмоқда. Алмашинувлар ҳарбий қисмлардан узоқ, бетараф ҳудудда амалга оширилган.

Россиялик депутат Шамсайил Саралиевга кўра, Москва томони 23 нафар аскар жасадини қабул қилган. Украинанинг ҳарбий асирлар билан шуғулланиш бўйича мувофиқлаштирувчи штабига эса Киевга 99 нафар аскар жасадлари топширилганини эълон қилган.

Украина томони тақдим этган маълумотга кўра, аскарларнинг 77 нафари Украина шарқидаги Донецк вилоятида, 20 нафари жанубий Запорожье вилоятида ва икки нафари шарқий Харьков вилоятида ҳалок бўлган.

“Ҳимоячиларимизнинг жасадлари шахси аниқлангач, муносиб дафн қилиш учун оилаларига топширилади”, — дейилади Украина баёнотида.

Маълумот ўрнида, Украина ҳозирга қадар 2500 нафардан ортиқ аскарлари жасадини қайтариб олишга эришган. Шунингдек, 24 минг украин аскари бедарак йўқолганлигича қолмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: