Шерали Жўраев қўшиқларининг қоровули ким? Кимлар машҳур ҳофизнинг қўшиқларини куйлашга ҳақли? (видео)
12 апрель куни Шерали Жўраев хонадонида марҳум ҳофизнинг таваллуд куни муносабати билан фарзандлари томонидан эҳсон дастурхони ёзилди. Ушбу тадбирга Шерали Жўраевнинг санъат оламидаги яқин дўстлари ҳамда қариндош-уруғлари, мухлислари ташриф буюрди. Хотира кечасида марҳум ҳофизнинг тўнғич фарзанди Шоҳжаҳон Жўраев “Дарё” мухбири билан мулоқотда бўлиб, отасининг қўшиқларига нисбатан қўлланилаётган муаллифлик ҳуқуқи ҳақида сўзлаб берди.
— Бу дунё шунақа экан: кимгадир ёқасан, кимгадир ёқмайсан. Отамиз тирик пайтларида биз билан дўст бўлиб, улар ўтганларидан кейин биздан юз ўгирганлар жуда кўп бўлди. Уларнинг ичида таниқлилари ҳам талайгина. Улар содда халқимиздан шундай фойдаланишяптики, гўёки биз отамнинг қўшиқларини ҳеч кимга айттирмаётгандек кўрсатиб қўйишяпти. Ваҳоланки, бу нарса бизнинг қўлимизда эмас. Буни отам тириклик вақтида шартнома қилдириб, муаллифлик ҳуқуқидан ўтказдириб олган. Биз ўзимизча бир нарса қилишга ҳаққимиз йўқ. Бу у кишининг хоҳишлари эди. Ўзбекистонда 12 та вилоят бўлса, юзлаб маҳаллалар бор. Ҳар бир маҳалланинг ўз “Шерали”си бор. Ўша маҳаллада кимдир тўй қилса, ўшани чақириб келинглар, ўша Шералига ўхшайди-да, дейишади. Шартномада номи чиқмаган, ҳаваскор, Шералининг қўшиқларини куйлаб, нон топаётганлар бемалол айтаверишсин. Лекин танилиб қолганлар, унвон олганлар, пули борлар ва янги бир қўшиқ ярата оладиганлар Шералининг қўшиқларига осилмасин. Улар ўзлари қўшиқ қилсин, меҳнат ва ижод қилсин, тайёрига айёр бўлишмасин, деганлар отам.
— Шартномада отамнинг қўшиқларини давлат тадбирларида, концерт ва телеканалларда, радиоларда ҳар кўйга солиб айтилмасин, деб кўрсатилган. Агар шундай ҳолат кузатиладиган бўлса, нафақат ижро қилган одам, балки кўрсатув муаллифларига ҳам яхши бўлмайди. Буни бизга муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “UzAvtor” агентлиги вакиллари тушунтирди. Ўзининг муаллифлик қўшиғи бўлмаган, муқим ижод қилмаган, бошқаларнинг қўшиғини айтиб тирикчилик қилиб келганлар бундан кейин ҳам отамнинг қўшиғини айтаверсин. Чунки улар бу қўшиқларни телевизорга чиқиб танилиш мақсадида айтмайди. Лекин пули бор, тўйга фалон долларга чиқадиган хонандалар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган, халқ артисти унвонини олган санъаткорлар, ўзингиз меҳнат қилинг, ўзингиз ижод қилинг ва бизга мерос бўлиб ўтган қўшиқларга осилманг! Қўшиқларни бузиб, пачақлаб юборяпсиз. Мен Шерали Жўраев қўшиқларининг қоровулиман. Тўғри тушунинглар! Мен Шерали Жўраевнинг мактабига қоровулман. Бу бутун дунёда бор нарса. Ҳатто конституциянинг 53-моддасига ҳам киритилди. Яъни энди ҳар бир ижодкорнинг ижод маҳсули энди муаллифлик ҳуқуқи асосида ҳимояланади, деб айтиляпти. Нега энди шу қонунларнинг ҳаммасига биз қарши чиқишимиз керак?