Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (86-қисм)
— Иккинчи жаҳон урушининг тугаб кетганига қанча бўлди?! Ўзи шу урушдан тирик чиққанлар ҳозир саноқли қолган. Лекин жуҳудлар ҳар битта ўлдирилган еврей учун немислардан товон пули ундирди… Бизникилар бўлишса, ҳа-а, шундай бўлган экан-да, ҳа-а, «дашноқлар» ота-боболаримизни обдан қириб ташлашган экан, ҳа-а, дорларга осишган, ҳа-а, гўдакларнинг бошларини сапчадай узиб олишиб, хотин-қизларнинг кўкракларини кесиб олишган экан. Жуда ёмон бўлган экан, деган гапдан нарига ўтмай, яна ўша «дашноқлар»нинг невара-чеваралари билан ош-қатиқ бўлиб юришибди… Нега шундай?! Нега?! «Дашноқлар» ҳам хун тўлашсин!!!
Камол Шон беихтиёр бақириб юборди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Қизарди.
— Тақсир, — деди унга қори Муҳаммад Али, — ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор. Қолаверса, бу дунёда ҳатто бировга салом беришингиз ва ҳаётлигингизда неча қадам босишингизгача олдиндан ёзиб қўйилган. Шаккоклик қилманг. Қолаверса, ҳар бир одам қилмиши учун жавоб беради. Шу дунёнинг ўзида жавоб бериб, гуноҳларидан қутулиб олса, нур устига аъло нур, аммо жавоб бериш қиёматга қолса, унда аҳвол чатоқ. Қаранг, биргина намозни атайлабдан қолдирганингиз учун саксон минг йил оёғингиз остидан шундай ўт ёқиладики, бошингиз қайнайди. Ўлмайсиз. Азобни тортаверасиз. Шундай экан, бошқа гуноҳларнинг жазоси қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.
— Узр, домла, — деди Камол Шон, — бироз қизишиб кетибман.
Орага жимлик чўкди. Фазлиддин Европага чиқиш ҳақида ўйлай бошлади. Айни пайтда унинг қалбида «дашноқлар»га нафрат, ғазаб бир умрга муҳрланиб қолди.
— Домла, — деди у охири жимликни бузиб, — мен сизнинг айтганингизни қиламан. Тўғриси, охирги пайтларда ниманидир йўқотгандай бўлиб юргандим. Фақат битта шарти бор, ҳужжатларни тўғрилашимга ёрдам бериб юборасиз. Айланиш бўлса айланиш-да. Қани кўрай-чи. Бугун Лондон, Люксембург, Берлин қандай яшаётган экан? Уларда пичоққа илингулик бирор нарса бормикан?
— Жуда тўғри, — дея унинг гапини маъқуллади қори, — аммо аввал зиёрат қилиб келиш керак. Лекин у ёққа бориш ҳозирча анча оғир.
— Маккага демоқчимисиз? — деб сўради Фазлиддин.
— Ҳа.
— Менинг бутун умрлик орзуйим-ку. Унисига сиз ёрдам берасиз.
Хонада бирдан кулги кўтарилди.
Шу билан Камол Шон билиб-билмай пайдо қилиб қўйган оғир ғашлик йўқолди.
— Менга қара, жон ука, — деди Камол Шон кулиб, — менгаям қандайдир бир иш бер. Жисмоний меҳнат қилай. Шу бош оғриқлардан қутулай.
— Йўқ, — деди Фазлиддин кулиб, — сизга бериладиган иш барибир бош оғриқ бўлади. Назоратчи, кузатувчи, бошлиқ бўласиз.
— Зўр, — дея Фазлиддиннинг гапини маъқуллади имом.
Меҳмонлар ярим тунгача ўтиришди. Сўнг тарқашди. Фазлиддин қандайдир енгил тортди. У бир нарсасини йўқотгандай бўлиб юрганди. Ўша куни ўша нарса топилгандай ҳис эта бошлади ўзини.
У Малоҳат Муҳаммадни ухлатгунича (Муҳаммад бир ухлаб туриб, ўйнаб, яна уйқуси келиб оғзини оча бошлаганди) режа тузди. Кунлик режа. Уйқудан уйғониб, яна қайтиб ётгунича қиладиган ишларининг режаси. Ва қасд қилдики, режадан чиқиб кетмай, уларнинг ҳаммасини амалга ошираман, деб…
Малоҳатни шу куни бошқача севди. Малоҳат ҳам эридан ҳайратда эди. Гуё тўйларининг эртаси куни қайтиб келгандай эди…
Бомдод намозидан сўнг Қуръон тиловат қилди. Нақ бир пора. Кейин ҳовлига чиқиб, экилган картошканинг ичини чопди. Бегона ўтларини терди. Нақ бир соат. Кейин нонушта қилиб, университетга кетди. Бориб Жўра Қувонов билан учрашди. Диссертация, аспирантура масалаларини гаплашди. Ундан чиқиб, цехга келди. Иш жараёнини тўлиқ кўздан кечирди. Ярим соат вақтини бухгалтерияда ўтказди. Кейин сотиб олинган, аммо шундайлигича турган бинода, омборхонада қурилиш ашёси ишлаб чиқарадиган ускуналарни жойлаштириш режасини чизди.
Бу нарса унинг жуда кўп вақтини олиб қўйди. Ахир келтириладиган тоғ тошларини майдалайдиган ускуна катта эди. Уни ҳатто бу ерга ўрнатиб бўлмас экан. Қолипларни ўрнатиш мумкин. Ҳатто печ ҳам сиғади бу ерга. Қолаверса, тайёр ашёни йиғадиган жой ҳам бор. Бундан ташқари, бошқа амалларни бажарадиган ускуналарга ҳам жой топилади. Фақат тош майдалайдиган… Уни Фазлиддин илмий китобда кўрган. Ҳаддан зиёд катта у… Бундан ташқари, тоғ тошлари майда бўлакларда келтирилмайди. Унинг ҳар биттаси камида ўн-ўн беш тонна келади. Ва улар бир-иккита бўлмайди… Бу ҳам бош оғриғи…
Бўлмади. Ўхшамади. Бунинг устига, тинимсиз шу нарса устида бош қотираверганидан унинг бошида оғриқ ҳам турди.
«Шу менга керакми?! Ҳозир керакми?! Сал туриб, шу тўғрисида ўйласам бўлмайдими?! Бошқа давлатларда шу бесўнақай ускунага нисбатан ихчамроғи йўқми?! Қолаверса, наҳотки шундай ускунани ўзимиз яратолмасак?!» — деди ўзига ўзи ва қўлидаги қаламни чизманинг устига ташлаб, ташқарига чиқди. Не кўз билан кўрсинки, қоронғи тушиб қолибди. Пешонасига урди. Чунки шом намозини бой бериб қўйганди…
Уйда уни Малоҳат хушчақчақ кутиб олди. Илло, унда ҳали ҳам ўтган оқшомнинг «нафас»и сақланиб турганди. Эрининг юзидан ўпиб кутиб олди.
— Кечикдингиз, — деди жилмайиб.
— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.
— Кечки пайт, ҳали қуёш ботмасидан, ҳовлимиз жуда бошқача бўлди. Биз Муҳаммад билан арчалар ёнида анча турдик. Шунақа маза қилдикки, бутун танамиз яйради. Сизни худди ўша пайт келишингизни ва биз билан бирга туришингизни истадим. Аммо сиз келмадингиз, вақт эса ўтиб кетди.
— Йўқ, ҳали ўтмади. Ҳозир ҳавонинг зўрлигини қаранг. Арчаларнинг ёни бўлса, бу ердан-да зўр. Чироқ ёқамиз-да, шу ерга стол-стулни олиб борамиз. Кечки овқатни шу ерда еймиз.
— Лекин Муҳаммад ухлаб қолди.
— Ҳечқиси йўқ. Унинг каравотчасини ҳам шу ёққа олиб чиқамиз.
Эр-хотин шундай қилишди. Кейин биргалашиб кечки овқатни ейишди. Малоҳат ош қилибди. Буни кўриб Фазлиддин ҳазиллашди. Хотини эса уни енгилгина чимдиб қўйди.
— Ачиняпман, — деди Фазлиддин улар таомланиб бўлганларидан сўнг, тўрт кишилик ўриндиқ-ҳалинчакда ёнма-ён бир-бирларининг пинжларига тиқилишиб ўтираркан.
— Нимага ачинасиз? Мен ёнингиздаман, Муҳаммад, ана, ўзининг каравотчасида маза қилиб ухлаяпти. Ўқишни битирдингиз. Қизил дипломга. Лекин сиз қизил бўлишини истамадингиз. Атайлабдан иккита фандан тўрт қўйдирдингиз. Цехингиз бор. Яхши ишлаяпти, — дея кулди Малоҳат.
— Сизларнинг ёнимда эканликларингиз яхши. Ҳатто зўр. Қолганларининг ҳаммаси жуда майда кўриняпти кўзимга. Шу майда нарсалар билан ўралашиб юрибман. Ана шунга ачинаман. Ота-онамни олиб келмоқчиман. Улар ҳам биз билан яшашсин.
— Буни аллақачон қилишингиз керак эди. Эрта бир кун мен ҳам қайнона-қайнотамга қандай хизмат қилганимни болаларга гапириб юришим керак.
— Сизга мақтаниш учун керак, шундайми?
— Йўқ. Шунчаки айтдим-да. Лекин уларни олиб келсангиз, кўнглингиз анча хотиржам бўлишини биламан.
— Барибир мен ўзимдан қониқмай қўйдим. Ўзимда олдинги шиддатни кўрмаяпман. Эринчоқ бўлиб қолдим.
— Эринчоқ? Сиз?
— Ҳа. Агар сиз ўзингизни шундай десангиз, мен унда мутлақо ишёқмас эканман.
— Йўқ, ундаймас. Қандайдир бошқача бўлиши керак. Шунчаки мен сизга сира тушунтиролмаяпман. Бугун бир нарса устида ишладим. Кўп ишладим. Лекин натижаси ноль бўлди. Нега, биласизми?
— Йўқ.
— Чунки мен унинг бўлишини истамадим. Шунчаки бошқа қиладиган ишим бўлмаганлиги учун шу нарсалар ҳам мен қилаётган нарсаларнинг ёнида бўлсин, дедим. Аммо биласизми, ҳали ускуналар йўқ. Мен ўша йўқ ускуналарни жуда катта омборхонага жойлаштира олмадим.
— Ҳимм. Менимча, энди мутлақо бошқа иш қилишингиз керак.
— Ўзим қизиқмайдиган бирор нимани қандай бажаришим мумкин? Айтяпман-ку…
— Йўқ, унақамас. Масалан, қишлоғингизнинг йўли асфальтми?
— Йўқ. Бўлмаган ҳам. Қачонлардир, колхоз энди ташкил бўлганида, балки ундан йигирма-ўттиз йил ўтиб тош тўкилган. Шу тош ёзилган. Шу бўйи турибди.
— Ҳозир пулингиз кўп, тўғрими? Бир кунда, керак бўлса, иккита машинанинг пули чўнтагингизга киради. Лекин сиз уларни олишни истамайсиз. Нега шуни олиб, қишлоғингизнинг йўлини асфальт қилмайсиз? Сизни нима тўсиб турибди?
Фазлиддин хотинига юзланди. Унга тикилиб турди… Орадан икки соат ўтди. Бу пайтда улар ётоқда эдилар.
— Нега сизни бунчалик кўп яхши кўриб кетганимни айтайми? — деди Фазлиддин Малоҳатнинг сочларини силаркан.
— Биринчидан, севиб кетмадингиз, ёнимдасиз. Кейин айтинг, — дея эркаланди Малоҳат.
— Рости, мутлақо хаёлимга келмаган экан. Шунинг учун эртагаёқ йўлга тушишни мўлжалладим. Сиз билан бирга. Қишлоққа бормаганимизга ҳам анча бўлди. Борамиз-у, ими-жимида иш қиламиз. Фақат отамга айтаман. Отам ўзи ҳаммасини ҳал қилиб ташлайди. Мен фақат пулини берсам бўлди.
— Ўзингиз асфальт қилишаётганларида тепасида турмайсизми?
— Йўқ. Биров билмагани маъқул. Фақат мен вилоят марказига бориб асфальт қиладиганлар билан гаплашаман. Фақат битта чатоқ томони бор.
— Нима экан у?
— Анави ярамаслар, «Дашноқлар»нинг уруғ-аймоқлари эгаллаб олишган асфальт қилишни. Уларнинг қанчалик иблис эканликларини аввал сизга гапириб берганман.
— Ҳимм. Уларга нафратингизни билдирманг. Индамай бориб ишни битиринг, кейин уларни умрингизда кўрмагандай юраверасиз.
— Ҳа-а, лекин алданиб ҳам қолмаслик керак. Чунки уларнинг Худоси йўқ. Исталган пайтда киприкларини пирпиратмасдан алдаб кетишлари мумкин. Аммо бориб суриштираман. Бирорта оғриқли жойини топиб қўяман. Ҳар эҳтимолга қарши.
— Кейин, хўжайин, сизга битта илтимосим бор, — дея Малоҳат бошини кўтариб қўлини иягига тиради-да, эрига тикилди.
— Бемалол.
— Қишлоққа борганимиздан кейин мени сен денг.
— Нега?
— Жуда ноқулай бўляпти. Бир-икки марта сингилларингиз: «Акам янгамни жуда яхши кўради-да, шунинг учун сизлайди», дейишди. Менинг ўзимнинг олдимда айтишди.
— Нимаси ёмон экан?
— Ноқулай-да. Сиз десангиз, мен уларнинг олдида бегонага ўхшаб қоламан. Кейин ўзимнинг отам ҳам онамга айтибди. «Куёвинг Малоҳатни сиз демасин», дебди.
— Йўғ-э!
— Ҳа.
— Зўр-ку. Лекин мен бунга ҳам кўникишим керак. Сира тилим айланмайди-да. Аммо уриниб кўраман.
— Энди ухланг. Мен сизнинг оёғингизни силайман.
— Нега?
— Шундай қилсам, тезроқ ухлаб қоласиз.
— Қаердан билдингиз?
— Қаердан билдингиз, деманг. Қаердан билдинг, денг.
— Ҳа, хўп, қаердан билдинг? Ўҳ, ўхшатдим.
Малоҳат қиқирлаб кулди. Кейин:
— Ана айтдим-ку, дарров ўрганиб кетасиз, деб. Ҳали Муҳаммад туғилмасидан олдин бир-икки марта оёғингизни силаганимда, ухлаб қолгансиз. Ўша қилганим тез-тез эсимга тушиб туради. Бундан бу ёғига ҳар доим сизни шундай қилиб ухлатаман.
— Унда нимага қараб турибсиз, хоним?
— Нимага қараб турибсиз, деманг. Нимага қараб турибсан, денг…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)