Қизини хотирлаб кўзёш тўкаётган онаизор… Марҳум актриса Фарангиз Режаметова ҳаёт бўлганида, бугун 31 ёшни қаршиларди (видео)
Актриса Фотима Режаметова Тошкент кўчаларини пиёда кезиб, болажонларга пуфаклар улашди. Чунки шу кун унинг фарзанди марҳум актриса Фарангиз Режаметованинг таваллуд куни эди.
Агар ёш актриса ҳаёт бўлганида, бу йил 31 ёшни қаршиларди. Афсуски, ўлим уни жуда эрта олиб кетди.
Унинг санъаткор бўлиши аниқ эди
Санъаткорлар оиласида дунёга келган Фарангиз Режаметованинг санъаткор бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Чунки у устоз санъаткорлар Тўғон Режаметов ва Ширин Азизоваларнинг набираси бўлган. Фарангиз Режаметова фильмларда кам суратга тушган бўлса-да, саноқли роллари билан томошабинлар меҳрини қозонди. У қисқа умри давомида ҳаётда ўз ўрнини топишга ва одамларнинг муҳаббатини қозонишга муяссар бўлди.
Фарангиз Режаметованинг кино оламига кириб келиши жуда қизиқ кечган. Онаси Фотима Режаметова гастрол сафарига кетганида Ширин Азизова қўнғироқ қилиб, қизини кастингга чақиришаётгани ҳақида хабар беради. Режиссёр Зулфиқор Мусоқов Япония билан ҳамкорликда “Ойижон” номли фильмни суратга олиши ва бош ролни кичик қизалоқ ижро этиши керак эди.
— Бибиси қўнғироқ қилиб, “Фарангизни кастингга олиб бораман”, деганида ҳайрон бўлганман. Аммо “Ойижон” фильми ҳақида эшитган эдим. Чунки ҳамма фильмларнинг кастинги ҳам телевидениеда эълон қилинмасди. Ҳатто ижодкорлар аввалига бутун республика бўйлаб ролга номзод излаган экан. Аммо қизимнинг ролга тасдиқланиши ва ролни бунчалик ишонарли ижро этишини кутмагандим, — дейди Фотима Режаметова.
“Фарангиз ҳеч чарчадим демасди”
Фарангиз Режаметова “Ойижон” фильмидаги ролга тасдиқланган пайтда эндигина беш ярим ёшда эди. Онаси сценарийни ўқиб бир оз иккиланган, катта рол масъулияти уни бир оз ўйлантириб қўйган.
— Қизимнинг ҳаётдаги феъл-атвори қандай бўлса, кинодаги роли ҳам шундай эди. Одатда, болалар режиссёрни қийнайди, улар билан ишлаш машаққатли дейишади. Аммо Фарангиз ҳеч кимни қийнамасди. Йиғлаш керак бўлган саҳналарни ҳам табиий ижро этарди. Қизимнинг болалиги тўкис бахтда ўтган. У пайтда отаси раҳматли ҳам тирик эди. Бола бўлиб йиғлагани, инжиқлик қилганини эслолмайман.
Суратга олиш пайтида тун саҳналари ҳам кўп эди. Ярим тун бўлганида ижодий гуруҳ ишни тўхтатишни, чарчашганини айтишарди. Фарангиз эса бирор марта чарчадим демаган. Ўшанда Зулфиқор Мусоқов “Олти ёшлик қиз биз билан баробар ишлаяпти. Ўз ҳисобимдан қўшимча пул тўлайман, ишни битирайлик” деганди, — дейди Фотима Режаметова.
“Бу саҳнани қайта олиб бўлмасди”
“Ойижон” фильмининг бир нечта эпизодлари Японияда суратга олиниши керак эди. Аммо ўша пайтда молиявий муаммолар сабаб бор-йўғи 10 кишининг Японияга боришига рухсат беришган. Энг қизиғи, ижодий гуруҳга махсус рухсатнома берилмагани учун улар сайёҳ визаси билан сафар қилган.
— Зулфиқор ака “Менга Япониядаги кўп тасвирлар керак. Сизлардан илтимос, агар камераларингиз бўлса, атроф-муҳитни кўпроқ тасвирга олинглар”, деган. Фильмда биз олган кадрлардан ҳам фойдаланилган. Фильм якунида Кенто Аосима ва Сатоко Акионинг музқаймоқ билан боғлиқ саҳнаси бор. Кўчада суратга олишга рухсатномамиз бўлмагани учун уни бир дублда олишимиз керак эди. Бунинг устига бир марта музқаймоқ теккач, уни тозалашга анча вақт кетарди. Кенто Аосима бир уринишда музқаймоқни устига суриб, бошига “қўндириб” қўйган, — дейди Фотима Режаметова.
“Фильм премьерасида онам йиғлаган”
“Ойижон” фильмининг премьераси нафақат Ўзбекистонда, балки Японияда ҳам бўлиб ўтган.
— Премьера куни онам раҳматли роса йиғлаган. Сабабини сўрасам: “Одамлар онаси санъаткор бўлгани учун ролга чақиришди, дейишмайди”, деганди. Унинг қувонч кўз ёшларини кўриб, ўзим ҳам йиғлаганман. Тоғаси олиб берган чиройли кўйлакчани кийиб олган Фарангиз ҳам саҳнада туриб тинмай йиғлади. Энг қизиғи, кўзини мендан узмасди. Олдига бориб сабабини сўрасам: “Японияга боришни хоҳлайман”, деганди. Чунки кастингдан ўтганини айтишганида, ролни яхши ўйнасин деб Япония ҳақида кўп гапирардим, — дейди Фотима Режаметова.
У халқаро журналист бўлиш ниятида эди
Фарангиз Режаметова фаолияти давомида бор-йўғи бешта фильмда суратга тушди. “Ойижон”, “Мурувват”, “Сеҳрли қалпоқча”, “Уй бекаси” ва “Сеҳрли қалпоқча-2” каби фильмларда катта-кичик ролларни ижро этган. Уни кўпчилик актриса бўлади, деб ўйлаганди. Аммо кутилмаганда унинг қарори ўзгарди, тил ўрганиб, халқаро журналист бўлишни ният қилди.
Автоҳалокат қурбони бўлди…
Актриса Фарангиз Режаметовани 2018 йили 20 июль куни Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойида Mercedes-Benz автомобили уриб кетган. Ҳайдовчи уни касалхонага олиб борган, аммо Фарангиз йўлда вафот этган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизга йўл бермасдан, уни уриб юборган.