Энг ёмон ўлим

Энг ёмон ўлим

У пайтлар Саодат асри замонлари эди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккаи мукаррамада ислом динини тарғиб қила бошлаган эдилар. Бу хабар Ясриб, яъни Мадинаи мунавварага ҳам етиб келганда, шу ерлик бир шоир янги динга қизиқиб қолади. Йўл тайёргарлигини кўриб, Маккага қараб туясида йўлга тушади. Ўн кун йўл юриб, ҳориб-чарчаб Маккага кириб келади. Макка мушриклари унинг мусофирлигини билиб, сўраб-суриштиришади. У:
– Маккадан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) деган киши чиқиб, одамларни янги динга даъват қилаётган экан, у билан учрашиб, маъқул бўлса динига кирмоқчийдим, – дейди.
Албатта, унинг қарорига мушриклар қарши бориб, шоирни шундай саволлар билан гапга тутадилар:
– Хамрга (ароққа) қандоқ карайсан?
– Яхши қарайман, хамр шоирларнинг илм булоғи-ку.
– Эшиги тепасига қора байроқ қадаб, ўзига чорлайдиган фоҳишаларга хушинг қандай?
– Ҳамма эркаклар қатори.
– Рибога-чи?
– Рибосиз бу дунёда яшаб бўларканми?
– Қиморга нима дейсан?
– У эркакларнинг ўйини.
– Унда иккала қулоғинг билан яхшилаб эшитиб ол, Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дини шуларнинг барига қарши, уларни ҳаром қилган. Аҳмоқ одамгина шундай роҳат-фароғатдан воз кечиши мумкин, тўғрими?
– Шунақами, унда мен, ҳеч бўлмаса, яна бир йил ўйнаб-кулиб, маза қилиб олай, ундан кейин Муҳаммадга (алайҳиссалом) рўбарў бўларман, – дейди ва орқасига қайтади.
Аммо ўн кунлик йўлдан юриб келган туяси ўн қадам ҳам юрмай, текис йўлда қоқилади. Эгаси ерга учиб тушади ва шу заҳоти жони узилади.
Бундан хабар топган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Бу қандай ёмон ўлим!», – дейдилар.
Азизлар, орамизда намоз қочиб кетмайди, олдин нафақага чиқиб олай, бола-чақамдан қутулиб олай, кейин бир гап бўлар дейдиганлар йўқ эмас. Астағфируллоҳ, юқоридаги воқеадан билдикки, анави одам исломга киришни бир йил орқага сурди, аммо бир соат ҳам яшай олмади. Хотимамиз гўзал бўлишини, иймонда собит қилишини роббимиздан сўраймиз.
(Саждада ором бор) китобидан.
Дўстларингизга ҳам юборинг: