Ота-оналар диққатига! Ушбу дори уйингизда бўлса, дарҳол ташлаб юборинг!

Ота-оналар диққатига! Ушбу дори уйингизда бўлса, дарҳол ташлаб юборинг!

Ижтимоий тармоқларда «Rinotin kids» сиропи сифати ҳақида танқидий постлар эълон қилинди. Санитария-эпидемиология қўмитаси бу бўйича ўрганиш олиб борди.

Ўрганиш натижасига кўра, Санэпидқўмита аҳоли орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларини келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида сироп маҳсулотларига берилган рухсатномалар бекор қилинганини маълум қилди.

Шу билан биргаликда «CYNERGY PHARMCO» масъулияти чекланган жамиятига республика ҳудудларидаги барча савдо тармоқлари ҳамда дорихоналардаги «Rad Gida Laboratuvarive Ilac Sanayi Ticaret Limited» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Rinotin kids» сироп маҳсулотларини қайтариб олиш топшириғи берилиб, ижроси назорат остига олинди. Бугунги кун ҳолатига корхона томонидан 28 та дорихоналардан маҳсулотлар қайтариб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда, дейилади қўмита хабарида.

«Rinotin kids» сиропи — дори воситаси эмас, балки биологик фаол қўшимча бўлиб, Италия давлатида ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотни Ўзбекистонга олиб кириш учун «Gricar Chemical S.R.L.» компаниясининг ишончномасига биноан «CYNERGY PHARMCO» масъулияти чекланган жамиятига 2022 йил 29 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология хизмати тизимида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 131-сонли қарорига мувофиқ рухсатнома берилган.

Маҳсулотга Вазирлар Маҳкамасининг 318-сонли қарорига биноан белгиланган тартибда хавфсизлигини тасдиқловчи Санитария-эпидемиологик хулоса олинган.

«Ҳурматли фуқаролар биологик қўшимчаларни харид қилишдан аввал уларнинг хавфсизлиги текширилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Санэпидқўмитанинг sanepid.uz сайтига жойлаштирилган электрон каталог орқали текшириб олишингизни тавсия қиламиз», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қўмита кундалик турмушда белгиланган санитария-қоида ва меъёрлари бузилиш ҳолатларига дуч келинса @Sanepidmurojaatbot га мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: