Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (93-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (93-қисм)

Ҳамма тарқалганидан сўнг, Фахриддин уйига бориб, Фазлиддинга қўнғироқ қилди.

— Нима қилганинг бу? — деди баланд овозда.

— Нима қилдим? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Нега Алишерга ҳамма нарсани инъом қилиб юборяпсан? Сал олди-орқангга қарамайсанми? Пул бор, деб сочавериш керакми? Эрта бир кун сенда бўлмай қолсин, у сариқ чақа берармикан?

— Машинани айтяпсизми, ака? — деди Фазлиддин.

— Ҳа, машинани айтяпман. Ўзинг олганинг йўқ, мен олганим йўқ, бирдан Алишерга: «Нексия» олинг, етмаган пулини мен бераман», дейсан!

— Ака, бу жуда майда нарса. Ундан кейин мен тўғримдаги гап-сўзлар шу пайтгача жуда кўп бўлди. Кимдир мендан олдин нимадир қилсин. Ундан кейин мол-дунё деб, ўлиб кетиш ниятим йўқ. Эртага сиз ҳам оласиз. Бирга. Ана, дўконларда чанг босиб турибди. Хоҳлаганингизни танлашингиз мумкин.

— Сен ҳам оласан.

— Йўқ, ака, менга ҳозирча «Жигули» бўлади. Ўзим ҳам ўрганиб қолганман. Сал вақт ўтсин. Қолаверса, ҳамманинг кўзи менда. Фақат қишлоқда эмас, бу ерда ҳам қараб турганлар жуда кўп. Калта ўйламанг.

— Майли, ўзинг биласан. Аммо мен айтдим.

Гўшакни қўйган Фазлиддин хомуш тортиб қолди. У акасини худди ўзидай деб ўйларкан. Гарчи битта ота-онанинг фарзандлари эса-да, уларнинг ўлчовлари, дунёқарашлари бошқа-бошқага ўхшайди… «Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, акамдан хафа бўлишга ҳақим йўқ», дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин.

Аммо бу ўй билан дил оғриғини кетказа олмади. «Илло, акамга таъсир ўтказадиган гапни айтолмадим, — дея хаёлидан ўтказди. — Одам бунақа бўлмаслиги керак, аслида, машина дегани жуда майда нарса. Чўпдай бир матоҳ. Шуни англамас экансан, ҳамма тоат-ибодатинг ҳавога совурилади».

— Нима бўлди? — дея унинг ортидан келиб қучди Малоҳат. У эндигина ҳамма идишларни ювиб, жой-жойига қўйиб, дастурхонни йиғиштириб бўлган эди.

— Айтарли ҳеч гап йўқ, — дея жавоб қилди Фазлиддин.

— Лекин қаттиқроқ гапирдингиз-да, хоҳламасам ҳам баъзиларини эшитиб қолдим. Хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади. Энди дамингизни олинг.

Аммо Фазлиддин дам олмади. Тоза ҳавода юрди. Арчанинг ёнига бориб ўтирди. Токи хотини ёнига келмагунича…

Ҳа, шов-шув бўлди. Чунки қишлоқ тугул, шаҳар кўчаларида ҳам «Нексия» деган зорманда оз эди. Шу боис эшитганларнинг ҳаммаси Алишерларнинг уйига келишди. Отаси дарров қўй сўйди. Бирпасда машина сабаб кичкина тўйча қилинди. Албатта, бу маросимга Фазлиддин ҳам, бирровга бўлса-да, бориб келди. Алишернинг отаси унга миннатдорлик билдирди. «Сен сабабчи бўлгансан. Агар сен йўл-йўриқ кўрсатмаганингда, Алишер оппоқ «Нексия»ни тушида ҳам кўрмаган бўларди», деди. Фазлиддин унга ҳам, бошқаларга ҳам Алишер ўз пешона тери билан машина сотиб олганини уқтиришга кўп уринди, аммо фойдаси бўлмади. Кейин қўлини силтади. Шундай бўлса бўла қолсин, деди. «Эсизгина. Одамлар бунчалик содда?» дея кўнглидан ўтказди.

Тўйда шу машина келин-куёвга хизмат қилди. Шокир учиб юрарди гўё. «Мен сенларга неча марта: «Ҳовлиқманглар», деб айтганман. Мана, менга ўхшаб олди-орқангга қараб бир-икки йилни ўтказганларингда, хотинларингни «Нексия»да олиб келардинглар», деди. Шу билан бирга, у Фазлиддиннинг қулоғига:

— Жўра, менгаям бирорта иш қилиб бермасанг бўлмайди. Қишлоқнинг ярмидан кўпи қўлингда ишлайди. Менинг улардан қаерим кам? — дея шивирлади.

— Сен олдин келиннинг кўнглини ол, у ёғи бир гап бўлар, — деб ҳазиллашди Фазлиддин.

Фазлиддин Алишер билан бирга тўйни ўтказиб, икки кун деганда Тошкентга қайтиб келди. Эртаси куни у университетга борди. Декан Жўра Қувонов уни ҳовлиқиб кутиб олди:

— Неча кундан бери сени, — у ўзининг елкасига уриб кўрсатди, — шу ёқнинг одами сўроқлаб келади.

— Нима гуноҳ қилибман? — дея сўради Фазлиддин кулиб.

— Билмайман. Ҳар куни келади. Сени сўрайди. Кеча дўқ-пўписа қилди: «Қанақа домласизлар, битта ўқитувчининг қаерда юрганини билмасанглар? Бунақада факультетни ёптириб юбораман», деди. Бор, кир, менинг хонамда бир ўзи ўтирибди, — дея Жўра Қувонов чуқур нафас олди.

Фазлиддин эса кулди.

— Нега тиржаясан? — дея пешонасини тириштириб сўради декан.

— Ҳайрон бўлганимдан, — деб яна кулди Фазлиддин.

— Нимага ҳайрон бўласан? Улар ҳеч қачон бир жойга яхшилик билан боришмаган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Унинг кетма-кет ҳар куни келиши ёмон бир нарсадан дарак беради.

— Устоз, нима бўлса бўлар. Одам ўлдирмаган бўлсам, бировнинг молини емаган бўлсам ёки кимнингдир уйига ўғирликка тушмаган бўлсам, шунчаки бир келишгандир, — деди Фазлиддин ва деканат томонга юрди.

Ичкарида бўйи паст, қориндор, сочига беш-олтита оқ оралаган, қип-қизил юзли, футболка билан жинси шим кийиб олган бир нусха ўтирарди. Кўчада уни кўриб қолсангиз, асло нозик жойда ишлайди, деб ўйламайсиз.

Фазлиддин кирганида у қовоғини уйиб ўтирарди. Фазлиддин ўзининг кимлигини айтганида эса, кўзларини олайтирди.

— Шунчалик ҳам масъулиятсиз бўладими? — деди.

— Нега энди? Масъулиятни ҳамиша биламан.

— Нега ишга келмайсиз?

— Рухсат сўрагандим.

— Ҳимм, келинг, ўтиринг. Менинг кимлигимни биласизми?

— Йўқ.

— Кейин билиб оласиз. Гап бундай: Лондонга нимага борган эдингиз?

— Семинарга.

— Қатнашдингизми?

— Ҳа.

— Кейин-чи?

— Бошқалар қатори қайтиб келдим.

— Шу холосми?

— Деярли шундай.

— Деярли деганингиз нимаси?

— Чунки ҳаммасини биласиз-да.

— Буни қаердан билдингиз?

— Сездим.

— Пул олдингизми?

— Олдим.

— Нима қилдингиз?

— Едим-ичдим. Қолгани турибди, олиб келиб берайми?

— Мен сизга олиб келинг, дедимми?

— Бирдан пулни сўраганингизга, пул керак бўлса керак, деб ўйладим.

— Ўйлаганингизни бир жойга олиб қўйинг, вақти келса, керак бўлиб қолади. Нега улар айнан сиз билан қизиқиб қолишди?

— Кимлар?

— Сизга дарс беришни таклиф қилганлар.

— Билмайман.

— Нима дарс ўтдингиз?

Фазлиддиннинг ғаши келди ва илмий тилда сўзлашга тушди. Формулалардан гапирди. Кимё билан шуғулланувчилардан бошқа биров тушунмайдиган ибораларни ишлатди. Сўроқ берувчининг пешонаси тиришди.

— Менга қаранг, сиз айтган нарсалар портламайдими? — деди бурнини тортиб қўйиб. Ахир унинг шундай дейишдан ўзга иложи йўқ эди. Чунки ҳеч вақога тушунмаётганди.

— Яқинигаям келмайди, — деди Фазлиддин.

— Ҳимм. Маърузангиз ўзингиз биланми?

— Йўқ. Хонамда.

— Олиб келинг.

— Хўп.

Фазлиддин ташқарига чиқди. Шунда унинг елкасидаги оғир бир нарса тушгандай бўлди. Ўзини енгил ҳис эта бошлади. «Аммо бопладим. Менинг қилган маърузамни кўрармиш. Кўр. Нимани тушунаркансан?» дея кўнглидан ўтказди.

Дарвоқе, унинг маърузаси формуладан бошланиб, формула билан тугарди. Фазлиддин шунга қараб гапирарди. Изоҳ ҳам ўзида эди. Агар унинг ёзганларини ўзи иштирок этмаса, бирорта кимё мутахассиси тушунмайди. Чунки унга физика ҳам аралашган. Агар бир физик билан кимёчи биргаликда маърузага термилгандаям, унда нима ёзилганини англаб ета олишмайди. Сабаби унинг ичида Фазлиддиннинг ўзи ўйлаб топган формулалар, ўзи номлаган моддаларга қўйилган белгилар ҳам бор эди.

— Хўш, — деди сўроқ берувчи қоғозларнинг у ёқ-бу ёғини кўрган бўлиб, — буни экспертизага топширамиз.

— Бемалол, — дея ичида кулди Фазлиддин.

Шу билан уларнинг ораларидаги савол-жавоб ниҳоясига етди.

Фазлиддин ўқитувчилар хонасига кириб, ўзининг жойига ўтирди. Унинг боши ғувилларди. Ҳеч нима қилгиси келмасди. Дарс бериш, кимгадир ниманидир гапириш умуман кераксиз бир нарсадай эди. «Кетаман. Уйга бориб ҳафта-ўн кун ҳеч қаерга чиқмай ётаман. Балки, ундан кейин ҳам бир жойга қимирламасам керак. Чунки мен қилаётган ишлар, мен ўрганаётган илмнинг бировга кераги йўққа ўхшайди. Қайтага, шу нарсалар бошимга бало олиб келяпти», дея ўйлади ҳамда қўлига қаламни олиб, оппоқ қоғозга бир нималарни чиза бошлади.

Орадан бир муддат ўтиб, декан кириб келди. У Фазлиддинни кўриб ҳайрон бўлди.

— Сен дарсга кирмадингми? — дея сўради.

— Киргим келмаяпти, — деди Фазлиддин очиқчасига. Хонада иккисидан бошқа яна учта ўқитувчи бор эди. Ҳаммаси бараварига Фазлиддинга қарашди. Жўра Қувонов бу ерда шогирди билан гаплашишнинг имкони йўқлигини сезиб турарди. Шу боис ортиқча сўроқ-саволга тутмади.

— Мен билан юр, — деди.

Улар йўлакка чиқишди. Ўқитувчилар хонасидан бироз узоқлашишди. Шунда профессор ёнма-ён келаётган шогирдига:

— Нима деди? — дея дераза томонга қараб қўйди.

— Лондонга бекор юборган экансиз. Шу билан иккинчи марта отчёт беряпман. Кимдир менинг нима қилганимни, қанча пул олганимни — ҳамма-ҳаммасини ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа айтиб юрибди, — деди Фазлиддин хўрсиниб.

— Кимдирмас, Маматқул Яхшибоев. Аслида, уни жўнатмаслик керак эди. У ҳаммага сени сотяпти. Келган куни оғзи кўпириб менга ҳам айтган эди. Мен сенинг дилинг оғриб қолмаслиги учун индамагандим. Ипирисқининг калласида ҳеч вақо йўқ. Таниш-билишлари сабаб шу ерда юрибди. Менга қолса, аллақачон ишдан ҳайдаб юборган бўлардим. Лекин қўлимдан келмайди.

— Мени-чи? Балки, мени ишдан бўшатарсиз, — дея кутилмаган таклиф берди Фазлиддин.

— Сени?! Эсинг жойидами?! Мен сени ишдан бўшатиб, талабаларга нима дейман? Сенинг ўрнингни ким боса олади? Ундан кейин бировни ишга олиш, бўшатиш ваколатим ҳам йўқ… Бу гапни бир айтдинг, иккинчи марта оғзингга ола кўрма! Жиноят. Қип-қизил жиноят бу!

— Унда таътил беринг. Барибир, мен кўнгилдагидай ишлаёлмайман. Кўпайиб кетди. Ҳеч қурса, ўзимнинг ҳисобимдан беринг. Балки, шу муддат ичида қандайдир илмий иш ҳам қилишимга имконият бўлар.

— Бунисини ўйлаб кўрса бўларкан. Аммо, барибир, ректорат қаршилик қилади. «Ёздаги таътили етмасмикан?» дейди.

— Шу баҳонада ишдан ҳам бўшатишар.

— Эсинг жойидами, деяпман мен сенга! Шу битта нусха келиб, сенга ёқмайдиган тўртта саволни бергани учун қочиб кетяпсанми?

— Йўқ. Биласиз-ку, ундай эмас. Бироқ миям дош бермаяпти. Фақат бугун эмас, бошқа кунлардаям ўзимни ўзим ишга мажбурладим, аммо сира иложини тополмадим. Кундан кунга эринчоқ, танбал бўлиб боряпман. Назаримда, йўлимни йўқотиб қўйганга ўхшайман… Ҳа, анча-мунча китоб олиб келганимни айтгандим. Ҳали уларни ҳам тузук-қуруқ варақлай олмадим.

— Аммо бирдан бундай иккала қўлингни кўтаришинг сенга нисбатан ҳурматимни пасайтириб юборди. Агар менинг ёшимгача… Неча йилдан бери деканлигимни биласанми?

— Йўқ.

— Кўп. Сен ўйлайсанки, менга ҳеч қанақанги ҳужум бўлмаганми? Қанчадан-қанча туҳмат тошларини отишмаганми?! Ҳатто нақ тўрт марта ўз талаба қизларимга тажовуз қилганликда айблашган. Гўё мен уларга тегажоғлик қилибман. Нафақат тегажоғлик, битта қизни аёлимга айлантириб қўйибман! Даҳшат! Мен бундай расвогарчиликларни кўтаролмасам керак, деб ўйлагандим. Аммо, мана, кўриб турибсан, тирикман. Кўтардим ўшандай балоларни. Сен бўлсанг, бир мартагина сотқинликни кўриб, бўшашиб, орқага тисарилиб ўтирибсан. Агар отанг раҳматли тирик бўлганида, мана шу бўшанглигинг учун обдан хивич билан савалаган бўларди! — деди Жўра Қувонов.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: