“Бизнесни ривожлантириш банки” бошқарув ходимлари Венгрия тажрибаси билан танишди

“Бизнесни ривожлантириш банки” бошқарув ходимлари Венгрия тажрибаси билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кичик бизнесни ривожлантириш бўйича хорижий давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш ва илғор амалиётларни жорий этиш вазифаси белгиланган.

 

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ана шу мақсадда фаол халқаро ҳамкорликни олиб бормоқда. Банкка Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, KPMG халқаро экспертлари жалб қилинган. Кичик бизнесни молиялаштириш ҳамда кўрсатиладиган молиявий хизматларни рақамлаштириш, ходимлар малакасини ошириш бўйича Россия Сбербанки ва Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш федерал корпорацияси ва “МСП Банк” билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

 

Куни кеча “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг бир гуруҳ бошқарув ходимлари Венгрия Республикасининг кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси билан танишиб қайтдилар.

 

Хусусан, банк вакиллари Венгрия молия бозори етакчиси OTP bank офисларида бўлиб, уларда тадбиркорларга хизмат кўрсатиш жараёнлари ва таклиф қилинаётган хизматлар билан танишдилар.

 

Шунингдек, Венгрия Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда Палатанинг кичик бизнес вакилларига кўмаклашишдаги иштироки, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида татбиқ этилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

 

Бундан ташқари кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўналишида фаолият юритадиган «Кавос» компанияси фаолияти билан ҳам танишилди.

 

Сафар давомида банк тизимини такомиллаштиришга ихтисослашган компаниялар ва бизнесга хизмат кўрсатишни рақамлаштиришга доир IT лойиҳалар ва soft дастурларнинг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.

 

Банк вакиллари NCR бренди остида банкоматлар етказиб берувчи «Ennoconn Hungary» компаниясидаги ишлаб чиқариш жараёнларига ҳам гувоҳ бўлдилар.

 

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ мазкур сафар давомидаги муҳокамалар ва дастлабки келишувлар асосида келгусида Венгрия компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: