Apple Индонезияда қурилмалар ишлаб чиқармоқчи

Apple Индонезияда қурилмалар ишлаб чиқармоқчи

Apple Индонезияда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш масаласини ўрганиб кўради. Бу ҳақда компания бош директори Тим Кук Индонезия президенти Жоко Видодо билан учрашувдан сўнг маълум қилди.

“Биз президентнинг мамлакатда ишлаб чиқаришни кўриш истагини муҳокама қилдик ва биз бу масалани ўрганиб чиқамиз”, — деди Кук.

Apple компаниясининг смартфон ва планшетларининг аксарияти ҳозирда Хитойда ишлаб чиқарилади. Компания Хитойга қарамлигини камайтиришга интилаётгани сабабли таъминот занжирларини диверсификация қилмоқчи.

Apple ишлаб чиқаришнинг бир қисмини бошқа мамлакатларга, шу жумладан, Вьетнам ва Ҳиндистонга COVID-19 пандемиясидан сўнг кўчиришни бошлади, бу вақтда карантин чоралари туфайли Хитойдан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш тўхтатилганди.

“Мен Индонезиядаги сармоя имкониятларини чексиз деб ўйлайман. Сармоя киритиш учун жуда кўп ажойиб жойлар бор ва биз сармоя киритмоқдамиз. Биз бу мамлакатга ишонамиз”, — деди Кук.

Apple ҳозирда Индонезияда ишлаб чиқариш қувватларига эга эмас, бироқ компания мамлакатнинг мобил иловаларни ишлаб чиқиш экотизимига 1,6 триллион Индонезия рупийси (99 миллион АҚШ доллари) миқдорида сармоя киритган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: