Эронда таниқли рэпер Солиҳий қатл этиладиган бўлди
Эрон расмийлари машҳур рэпер Тумаж Солиҳийни ўлимга ҳукм этишди. Бу ҳақда 24 апрель куни “Reuters” агентлиги хабар қилди.
Солиҳийга нисбатан чиқарилган ҳукм унинг 2022-2023 йилларда Эронда кузатилган оммавий норозилик чиқишларидаги иштироки билан боғлиқ. Артист ўз қўшиқлари ва омма олдидаги чиқишларида норозиларни қўллаб-қувватлаган.
Солиҳий 2022 йил октябрида ҳибсга олинган эди. 2023 йили Эрон Олий суди уни 6 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бироқ Исфаҳон шаҳар суди Олий суд қарорини қайта кўриб чиқиб, рэперга ўлим ҳукмини чиқарган.
Солиҳийнинг адвокати Амир Раисиён шаҳар судининг бу ишини мисли кўрилмаган ҳолат деб атаб, ўз ҳимоясидаги шахс ҳукм устидан шикоят қилишини билдирган.
Эронда оммавий норозилик чиқишлари ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олингани ортидан вафот этган толиба Маҳса Аминий ўлимидан кейин — 2022 йил сентябрида бошланган. Полиция маълумотига кўра, Аминий инсультни бошдан кечирган, бироқ унинг яқинлари полициячилар қизни уриб ўлдиришганига шубҳа қилишмайди.
Кўча намойишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.