Бекор гап! Ғийбатчиларнинг ғийбати!.. Дарров бировни айбдор қиласанлар!..
Нима эмиш, пойтахт марказидаги Истиқбол кўчасида асфальт ўпирилиб тушибди. Ҳодисага иссиқлик қувурида авариявий ҳолат юз бергани сабабмиш. Яна бир марта такрорлайман. Бекор айтибсиз. Аслида, ҳаммасига юмронқозиқлар сабабчи. Айнан улар ана шу асфальтнинг тагидаги тупроғини ташиб кетиб қолишган. “Дом”лар борми шу ерда? Ё дўкон-пўкон борми?.. Хуллас-да, ўшанинг ертўласидан беш-олтита юмронқозиқ чиққан. Агар шу йўлнинг тагидаги тупроқни ташиб кетсак, бошқа бир жойдан зўр қилиб ўзимизга уй қуриб оламиз, деб олдиндан жиноий тил бириктиришган. Кейин ҳаракатни бошлаб юборишган. Бунинг натижасида ер ўпирилиб тушган… Аксига олиб, худди шу жойда иссиқлик қувури бўлган. Буни каламушлар билишмаган. Билганларидан кейин, бўлмаскан, деб тайёр ковланган жойни ташлаб кетишган… Ана, мана шу ҳақиқат, мен сизга айтсам…
Сиз эса қувурчиларни, йўлчиларни, сувчиларни айбдор қилиб ташлайсиз. Бунга уларни умуман дахли йўқ. Чунки улар ҳар томонлама ўйлашиб, ҳисоб-китобни қилишиб, минг йилга чидайдиган йўл барпо этишган!.. Тамом!..