Замонавий архитектура кўринишига эга 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади
Жорий йилда ҳудудларда замонавий архитектура кўринишига эга 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳабари Саидносир Усмонов Президентнинг тегишли Фармони ижроси юзасидан маълумот берди:
Келгуси йил 1 январдан бошлаб кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари кенг жорий қилинади.
2024 йил 1 июндан бошлаб “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратиб берилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси “С” бўлган ташкилотларга беш қаватдан юқори бўлмаган, “СС” бўлган ташкилотларга эса тўққиз қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат берилади.
Шунингдек, электрон рўйхатдан ўтмасдан улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жойлар қуришни бошлаган пудрат ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш, улуш киритиш асосида уй-жойлар қурилишини мониторинг қилиш тартибини белгилаш ҳам кўзда тутилмоқда.