TikTok АҚШ ҳукуматини судга берди
TikTok ва унинг бош компанияси ByteDance АҚШ ҳукуматини судга бериб, Президент Жо Байден томонидан имзоланган тақиққа қарши чиқишга уринди. Бу ҳақда “Америка Овози” хабар берди.
ByteDance вакилларининг таъкидлашича, қонун сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи Конституцияга киритилган биринчи тузатишни бузади. Қўшма Штатларда қабул қилинган қонун Хитойнинг ByteDance компаниясига TikTok’нинг Америка қисмини сотиш учун саккиз ойдан камроқ вақт беради, акс ҳолда дастур мамлакатда тақиқланади.
TikTok ва ByteDance’нинг таъкидлашича, активларни сотиш тижорат, технологик ёки ҳуқуқий нуқтаи назардан имконсиз.
«Шубҳа йўқки, ушбу қонун 2025 йил 19 январгача TikTokни чеклаб, платформадан мулоқот қилиш учун фойдаланадиган 170 миллион америкаликнинг овозини ўчиради», – дейди ByteDance вакиллари.
Янги қонунга кўра, компания шартларга риоя қилмаса, Apple ва Google фойдаланувчиларга TikTok иловасини таклиф қила олмайди. Интернет-хостинг хизматлари ҳам иловани қўллаб-қувватлаши тақиқланади. Қонун АҚШ Конгресси TikTok миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирганидан кейин қабул қилинди. Америка қонунчилари Хитой расмийлари илова орқали америкаликлар маълумотларини тўплаши мумкин, деб ҳисоблашди.
Даъвода айтилишича, ByteDance TikTok’нинг мажбурий сотилишига “қатъий қарши” ва илованинг энг қимматли қисми бўлган TikTok алгоритмини экспорт қилишга рухсат бермайди.
Ҳужжатда айтилишича, TikTok фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилиш чораларига 2 миллиард доллар сарфлаган. Компания, шунингдек, 90 саҳифалик Миллий хавфсизлик келишуви лойиҳаси шартларини бузса, АҚШга иловани тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини берувчи “ўчириш варианти”га ҳам рози бўлган.