“Умра” зиёратига бориб келиш тартиби такомиллаштирилади

“Умра” зиёратига бориб келиш тартиби такомиллаштирилади

Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда фуқароларнинг Умра зиёратига бориб келишида турли муаммоларга дуч келиш ҳолатлари аниқланмоқда. Хусусан, туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар Умра сафарига кетиш ҳақидаги рекламаларда берилаётган ваъдаларини бажармаётгани, манзилга етиб борганда меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, кўп ҳолларда эса зиёратчилар бориш-келишда самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикиши каби ҳолатлар учраяпти.

Сенаторлар муҳокама қилган қонун шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган. У зиёратчилар Умра амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилади ҳамда уни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Мазкур қонун билан амалга оширилиши учун рухсат ва тегишли ҳужжатларни талаб этадиган фаолият турлари қаторига Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга оширганлик учун ҳам рухсатнома олиш қўшимча сифатида киритилмоқда.

Бундан ташқари, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар ўзгаради. Эндиликда Умра тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: