Саудия Арабистони қиролининг «мазаси қочди»
Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ал Сауд ҳарорат кўтарилиши сабабли шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилади. Бу ҳақда Saudi Press Agency (SPA) хабар берди.
«Жаноб ҳазратларига бугун, якшанба куни Жиддадаги «Ас-Салам Палаc» клиникасида тиббий кўрикдан ўтишига қарор қилинди. Чунки у юқори ҳарорат ва бўғимлардаги оғриқдан азият чекмоқда” – дейилади хабарда.
7 май куни қатор оммавий ахборот воситаларида Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга суиқасд уюштирилгани ҳақида ёлғон хабарлар пайдо бўлди. Интернетда ёнаётган машина видеоси эълон қилинган бўлиб, унда бин Салмонни йўқ қилишга уриниш чоғида портлатилган валиаҳд шаҳзода карвонидаги машиналардан бири кўрсатилган.
Саудиялик журналист Ҳусайн ал-Гавий ижтимоий тармоғида суиқасд ҳақидаги сохта хабар дастлаб ҳутийлар аккаунтида пайдо бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, исроиллик ва хориждаги аккаунтлар бу ҳақда дунё ҳамжамиятининг эътиборини Рафаҳда бўлаётган воқеалардан чалғитиш учун айтган.