Стресс саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин

Стресс саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин

Шифокорлар тез-тез такрорлайдиган бир муҳим тавсия бор: “Сизга асабийлашиш мумкин эмас!”. Бунинг сабабини ЖССТ қуйидаги хулосаси орқали яққол ифодалаган. Яъни бугун инсоният ҳаётига таҳдид солувчи беш асосий хавфли омилдан бири — стресс!

Руҳий зўриқиш, ортиқча асабийлашиш ва депрессия кўплаб касалликларни келтириб чиқариши маълум. АҚШнинг “Колд-Спринг-Харбор” лабораторияси олимлари ўтказган тадқиқот давомида эса стресс ва саратон касаллиги ўртасидаги боғлиқлик топилди.

Маълум бўлишича, стрессли вазиятларда организмда бир қатор гормонлар фаоллашуви кузатилади. Шулардан асосийси — адреналин. У туфайли юрак уриши тезлашиб, қон босими кўтарилади ва танада қўшимча энергия ҳосил бўлади.

Худди шундай руҳий ҳолат кортизол гормони ишлаб чиқарилишини ҳам фаоллаштиради. Оқибатда қон таркибида қанд миқдори меъёрдан ошади. Ўз навбатида, таҳдид йўқолиши билан гормонлар яна нормал ҳолатига қайтади.

Бироқ агар инсон доимо стресс остида ҳаёт кечирса ёки тез-тез депрессияга тушса, юқоридаги гормонлар барча органлар фаолиятига салбий таъсир кўрсата бошлайди ва бора-бора турли хавфли касалликларни қўзғатади.

Хусусан, АҚШ олимлари ўтказган тадқиқот давомида сурункали стресс саратон ҳужайраларини пайдо қилиши аниқланди. Яъни руҳий тушкун ҳолатимизда қон таркибидаги нейтрофиллар тананинг ўсимталарга мойиллигини оширувчи ёпишқоқ тузилмалар ҳосил қилади.

️ Олимлар хулосасига кўра, ушбу тадқиқот онкологик касалликларни даволашга доир янги усуллар ва самарали стратегик ёндашувларни ишлаб чиқишда қўл келиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Дўстларингизга ҳам юборинг: