Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (7-қисм)
У дурбиндан қаради: чамаси, битта вертолётда врачлар келишган, ундан отилиб тушганлар сочилиб ётган ўликлар томонга югуришди. «Ўқ текканларнинг ҳаммаси ўлдимикин?» деган ўй ўтди Аббоснинг хаёлидан. Ахир биров-ярмининг ажали етмагандир. Инқиллаб-синқиллаб, жароҳатдан азобланиб ётгандир. Врачлар уларни қутқаргани келишган. Оғриқ қолдирувчи укол қилишади. Кейин дока билан ўраб-чирмаб боғлаб ташлашади. Замбилда вертолётга ортишади. Кейин вертолёт яна учади… Буларнинг касалхоналари жуда зўр: салқин, топ-тоза, сим каравот ўрнига диван қўйилган, телевизори бор. Яна даволовчи асбоблари ҳам алламбало… У ерда даволангандан кўра, дам олсанг, маза қиласан… Умуман, ётсанг — кайф. Бир-биридан чиройли, бир-биридан кўпроқ ўзига оро берган мафтункор қизлар ҳамширалик қилишади. Ҳарбийлар учун атайин чиройли қизлар чертиб-чертиб танлаб олинган: аскарларнинг руҳини кўтариш учун, уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишларини орттириш учун… Аскарлар куч-қувватга тўлишади. Қизиқ томони: «Яна шу ерга келсам эди! Яна манави нозиккина бармоқ соҳибалари бошимни силашса эди, шириндан-шакар гапларини айтишса эди! Ҳатто ўпиб қўйишса эди, овқатимни едириб қўйишса эди», деб орзу қилишса керак, деган ўйга боради одам. Аммо бундан аскарларнинг кўнгиллари кўтарилмайди. Чунки улар бундан баттар мулойимликларни кўришган. Кейин уларнинг кўпларини аёллар умуман қизиқтирмайди. Падар лаънатилар «чегара»нинг нариги томонига ўтиб олишган. Уларга ўзларига ўхшаган «бесоқол» аскарлар қизиқ… Энг ёмон томони, падар лаънатилар ҳоким бўлиб олишган. Тушуняпсизми, ифлос, исқирт, энг ярамас ҳайвондан ҳам пастда турадиган одамнусха шайтон ҳоким бўлиб олган. Айтгани — айтган, дегани — деган. Керак бўлса, гуллаб-яшнаб турган катта-катта шаҳарларни йўқ қилиб юборишга бу иблисваччаларнинг қурби етади…
Аббос ўкириб йиғлаётган ҳарбий кийимдаги аёлни кўрди. У иккала қўлини ҳам осмонга кўтарганча алланималар дерди…
Аббоснинг ғазаби ошди ва вертолётдан тушганларни нишонга ола бошлади. Ишни орқадагиларни йўқ қилишдан бошлади. Бунинг боиси, олдиндагилар орқадагиларнинг қулаб тушаётганини билишмайди. Сабаби, ўқ товушсиз. Ўқ жимгина бориб, ўлжанинг баданини тешиб ўтади. Агар у жончиқар жойга теккан бўлса, «ҳиқ» дейишга ҳам улгурмай омонатини топширади. Кейин навбат ундан олдиндагига келади ва бу тартиб давом этиб кетаверади. Токи, илгаридагилардан бирортаси кутилмаганда ортига қараб қолмагунича… Шундай ҳам бўлди. Тўғрироғи, анави ҳамшира ҳарбий ўзларининг ҳам ўққа тутилаётганликларини шерикларининг бирма-бир йиқилаётганидан пайқаб қолди ва ерга қапишиб ётди-да, олдинига бошини бекитди, худдики бошидан бошқа жойга ўқ тегса, ўлмайдигандай. Аммо Аббос уни отмади. Бошқаларни ўққа тутишга тушиб кетди ва яна нишонларини йўқотиб қўйди. Афтидан, қолганларнинг ҳаммаси яширинишга улгурган. У тепкидан қўлини олиб, ҳамширага дурбинини қаратди. Ҳамширага жони ширин экан. Бақир-чақир, оҳ-воҳни йиғиштирибди. Айни пайтда бошидан қўлини олиб, кимгадир қўнғироқ қилиб гаплашаётган экан. Афтидан, вазиятни тушунтираётган бўлса керак. Аббос уни нишонга олиб отиб ташлаёлмади. Қўли бормади. Гарчи синонлар уларнинг аёлларини аямасдан қириб ташлаган бўлса-да, унинг бунга қўли бормади. Пастки лабини маҳкам тишлаб, кўзини чирт юмиб очди. Шу пайт унинг компьютери пиқиллаб овоз чиқарди. Аббос дарров унга қаради. Ҳавода самолётлар пайдо бўлибди. Улар шиддат билан учиб келишар эди. У ниқобланиб олди-да, компьютерга тикилди. Тариллатиб отишга мослашган одамзоднинг душмани — одамзод томонидан яратилган темирқанотлардан нақ тўрттаси Аббос томон учиб келишарди. Улар Аббосни пайқаганликларидан эмас, балки шу ердан қайрилиб олиш учун келишарди. Аббос улардан, ҳеч қурса, биттасини тутиб қолиш учун дастурни ишга солди. Ҳа, қисталоқлардан бири эмас, иккитаси «тўр»га тушди. Тўрга тушган заҳоти жони узилаётган балиқдай билтанглай бошлади… Фақат изига қайтганидан кейин… Бошқарув тизими, мотори ишдан чиққан самолётлар тумшуғи билан ерга шўнғий бошлади… Миллион-миллион турадиган иккита ҳарбий вертолёт. Энг сўнгги русумдагиларидан. Синонлар — синон-да. Бой-да улар. Қаланғи-қасанғисидан олишмайди. Энг сўнггисидан, энг зўридан сотиб олишади. Аслида, ишлаб чиқаришга ўзларининг ақллари балодай етади. Аммо қилишмайди. Сабаби, у ёқдагилар ҳам ўзларидан. Улар ҳам синонлар. Шуларнинг бизнеси ривожлансин дейишади… Бироқ шундай зўр техниканинг ҳам айби бор экан. Кўзга кўринмас тўлқинга дош бера олмас экан. Мана, онасини кўргани кетяпти. Ҳализамон гумбурлайди. Ҳализамон кули кўкка совурилади.
Учувчиларнинг парашютлари кўринди. Аббос уларни нишонга олиб, бирин-кетин тинчитди. Тўртта учувчининг ҳали ҳаводалигидаёқ жонлари узилди.
Синонларнинг эса ҳуши бошларидан учган эди. Нима бўлаётганига сира ақллари етмасди: самолёт ва вертолётларнинг ўз-ўзидан моторлари ишламай қолади, портлаб кетади, аскарларга қайси гўрдандир ўқ учиб келиб тегади. Текканда ҳам ўлдиради. «Нима бўляпти ўзи? Наҳотки қиёмат қойим бўлган бўлса?»
Асли ерликларнинг билимлари уларникидан паст. Қандайдир қурилмаларни ишлатишга уларнинг каллалари етмайди. Шунинг учун ҳам кўчадан келган синонлар уларнинг ерларининг тўқсон беш фоизини тортиб олишган… Синонларнинг хаёлларига энг аввал руслар келди. «Бу русларнинг иши. Руслар спутник орқали ҳужумга ўтишган», дейишди. Дарров океаннинг нариги томонидаги «окахон»га хабар жўнатишди. «Бизнинг ҳаммасидан хабаримиз бор. Аммо бу ўрисларнинг иши эмас. Ҳозир сенлар билан ади-бади айтишишга ўрисларнинг вақти йўқ. Ўзлари билан ўзлари овора. Шу ёқнинг ўзида бир гап бор. Аммо ҳеч нима спутникда кўринмаяпти. Агар радиотўлқин бўлганида ҳам илиб олардик. Ён-атрофни яхшилаб кузатинглар», деган шапалоқдай нома жўнатишди. Ана энди синонларнинг росмана бошлари қотди…
Улар самолёт ва вертолётлардан фойдаланишни четга суриб, бошқа қисмлардаги танклар, ҳарбий машиналар ва аскарларни шу томонга жўнатишди.
Обид ибн Азиз айни воқеага гувоҳ бўлган эди. У уйига шошди. Кўрдики, уйда ўртанча ўғил Ҳамза йўқ. Бебошлик қилибди. «Фойдам тегсин» деб портга кетибди. Ахир айни пайтда бир чақа орттириб келса ҳам ҳарна-да. Ахир Дунёга отаси бир нималар олиб бориши керак. Удум шунақа. Қиз унаштирилдими, йигит томоннинг оиласига мансуб бўлиб қолади. Оч қолса, йигит томон, айниқса, куёв бола шарманда бўлади. Шармандаликни Ҳамза кўтаролмайди. Чунки Аббос унинг жигари. Чунки у укасини отасидан кам яхши кўрмайди… Аббоснинг жони хатарда… Бундай пайтда у уйда ялпайиб ётиши уят!..
Обид ибн Азиз дарров жойнамозини олди. Икки ракаат намоз ўқиди. Сўнг узундан-узоқ дуо қилди. Бир пайтлар масжид имоми унга энг яхши дуоларни ўргатиб қўйган эди. Дуо Аллоҳга ҳамду сано айтиш билан бошланади… Обид ибн Азиз йиғлади. Чин кўнгилдан, бутун вужуди билан йиғлади. Унга ҳатто сочлари ҳам қўшилиб йиғлади. Обид ўзи учун ёки ҳозир жони қил устида турган ўғли учун эмас, кундан кунга аҳволлари абгорлашиб кетаётган ҳамюртлари учун йиғлади…
Унинг кўз ўнгида ёшгина жувон нобуд бўлган эди ҳарбий синонларнинг ўқидан. Ўқ жувоннинг орқасидан, икки курагининг ўртасидан теккан эди. Шунга қарамай, у орқасига қулади. Сабаби, бағрида биғиллаб ётган боласи бор эди. Ҳартугул, падар лаънати темир парчаси гўдаккинага тегмабди. Жувоннинг танасини тешгач, гўдаккинанинг оёқчалари ёнгинасидан ўтиб кетибди… Жувон ниҳоятда сулув экан. Эндигина ўн саккизга кирган. Юзи оппоқ. Сочлари қоп-қора… У ўлаётганида ўша қоп-қора сочлари ёйилиб кетди. Лаблари қимирлади. Обид ибн Азиз гўдаккинани унинг бағридан олаётганида жувоннинг лаблари яқинига қулоғини тутди.
— Болам сизга омонат, — деди жувон пичирлаб, сўнг: — Ла-а илаҳа иллаллоҳ, — дея калима қайтарди. Ана ундан кейин жон берди.
Обид ибн Азиз бақириб юборди. Ана шу ондаёқ бутун хонумони куйиб кетгандай бўлди. Унинг наздида жон берган жувон ҳали яшаши керак эди. Ҳали бу жувон эрига ҳам тўймаган бўлса керак. Эр… Уни ҳозир қаердан излаб топади…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.