Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (1-қисм)

У доимий кузатувда эди. Ортидан анчагина пойлоқчилар қўйилганди… Собир тўла-тўкис оқланганди… Уни суд қилишмади. Шунчаки чақиришиб, ССРИнинг нақадар бадбахт давлат бўлганини ва у қанчадан-қанча одамларни бадном этганини айтишди. Кейин «Эл учун, юрт учун хизмат қил», дейишди.  «Сени ички ишларга  ишга оламиз»,  дейишди. Аммо Собир кўнмади. Чунки бир марта кўниб бўлди. Баҳодир Имомов кўндирганди. Баҳодир аканинг кўнгли тоза эди. Ғирромлик йўқ эди унда. Собир унинг ёлғон гапирмаётганини сезди ва таклифга рози бўлди… Кейин адашганларни йўлдан қайтариб келди, яна мактабда дарс берди. Тўғрироғи, унга тўгарак очиб беришганди. Тўгаракнинг номи «Шарқона жанг санъати» эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, Баҳодир Имомов кўтарилиб кетди. Вилоятга. Унинг ўрнига Маткарим келди. Маткарим ишни райондаги очиқда юрган жиноятчилар, обрўли одамларни ўрганишдан бошлади. Шунда Собир ҳақида гапиришди. Мақтаб гапиришди. Мақташгани Маткаримга ёқмади. «Битта қозонда иккита қўчқорнинг боши қайнамайди. Унинг қилмишлари жиноят, — деди у ўринбосарига. — Ҳамма замонда жиноят. Нима у ССРИ даврида жиноятга қўл урган бўлса, иттифоқ тарқаши билан оппоқ бўлиб қолдими? Оғизларингни кўпиртириб мақтаяпсанлар?! Лекин эрта бир кун битта ишкал чиққанида, момонгни кўрасан баринг. Тезда ўша валломатнинг орқасидан одам қўйинглар. Бунга нафақат ўзимизникилар, балки у яшайдиган маҳалланинг одамлари ҳам жалб қилинсин. Аммо ўта эҳтиёткорлик билан бу ишни қилинглар. Токи унинг ўзи сезиб қолмасин».

— Ўртоқ бошлиқ, менимча, маҳалласининг одамлари уни яхши кўришади.

— Сенингчангни пишириб е. Нима, шу пайтгача сенга «қулоқ»лик қилиб юрганлар йўқми?!

— Бор, энди…

— Ана шу қулоқлардан фойдалан. Билиб қўй, «қулоқ»нинг миллати, дини, қариндош-уруғи бўлмайди. Унинг учун ўзидан бошқа ҳамма ёмон. Тушундингми? Шундай экан, агар ўша Собир деганларинг гарчи «қулоқ»ни ётқизиб қўйиб, оғзига нон чайнаб солиб турган бўлса ҳам уни сотади. Уқдингми?..

Одамлар олдинига Собирни яхши кўриб юришди. Бироқ у ҳақда янги-янги гаплар чиқа бошлагач (Маткарим миш-миш ҳам тарқатганди. Собир талончилик билан шуғулланади. Ишни бошқа районларда, Россияда қилиб келади. Шунинг учун бу ердагилар ҳеч нимани билишмайди), секин ўзларини ундан олиб қоча бошлади… Одамзод ўзи шунақа, ўзгарувчан ва унутувчан бўлади-да.

Охири Собир майор Маткаримнинг ёнига борди.

— Мен бундан бу ёғига ҳеч қандай иш қилмайман, демоқчиманки, давлатнинг ишида ишламайман (ўша пайтда у ҳали мактабда эди. Ишларди. Маош оларди).

— Нега, укажоним?! Сендай қаҳрамонимиз орамизда бўлса, бизнинг обрўмиз ўн чандон ошади, — деди бирдан Маткарим иржайиб-тиржайиб.

— Менга тўғри келмайди. Мен эмин-эркин юрган одамман, — деди унга кескин Собир.

— Нима иш қиласан?..

— Билмайман…

— Балки, савдо-сотиқ билан шуғулланарсан.

— Йўқ. Қўлимдан келмайди…

— Бирор нимадан тирикчилигингни ўтказишинг керак-ку. Уйда бекор ётганинг билан сенинг, хотинингнинг қорни тўйиб қолмайди-ку,  қолаверса, боланг бор.  Хоҳлаган ишингни айт, ёрдам бераман, ҳозирнинг ўзида ишга жойлашасан, — деди майор Маткарим. Унинг кўзлари гапираётганида қисилиб кетди. Оғзи бир неча марта қийшайди. Оддий кўз билан қараганда бу ҳеч нима эмас. Оддий одам, у шунчаки бошқалар қатори гапирди, дейди. Собир эса оддий одам эмас. Суҳбатдошининг ҳар битта ҳаракати ва ҳатто қайси сўзга урғу берганига ҳам эътибор қилади. Атайлабдан эмас. Мутлақо табиий равишда. У майорнинг ниятини дарров илғади.

— Раҳмат. Очиғини айтганда, сиздан бунчалик яхшиликни кутмагандим. Лекин ҳали айтганимдай, эркин одамман. Бир муддат холи қолишим керак. Ортимдан кузатиб юрганлардан холи бўлишим керак.

— Нима, сенинг орқангдан кузатиб юрганлар бормикин? — дея талмовсиради Маткарим.

— Ҳа. Қарангки, шундай. Сиз уларни бемалол топасиз. Гаплаша оласиз…

— Хабарим йўқ экан. Бўлди, сен иш тутма. Мен бугуннинг ўзида барини топтираман. Вой ярамас, итдан тарқаганлар. Сенга керак бўлса, ҳайкал қўйиш керак. Сени ўрнак қилиб ҳаммага кўрсатиш керак. Уларни бўлса… Мен фақатгина кузатиб юрганларни эмас, ким уларга шу ишни буюрганиниям топаман, керак бўлса…

Собир мийиғида кулди. Кулишида жуда кўп нарса бор эди. Шулардан биттаси «Наҳотки битта одамнинг ичида шунча ёлғон бўлса», деган ўй эди.

У уйига қайтиб келди ва отасини касал ҳолида топди. Падари иситмалаб ётарди. Собир унга дивансифат каравот олиб берганди. Ота шу каравотда ётарди. Собир келгунича кўп алаҳсиради. Кампирининг исмини айтиб, уни чақирди. Уйда биргина Барно бор эди. Қайнотаси ҳар алаҳсираганда, сапчиб тушаверди. Кўзидан дувиллаб ёш оқар, нима қилишини билмасди. Бир неча марта «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Бироқ «Тез ёрдам»дагилар гўшакни кўтаришмади. Тўғрироғи, кўтаришди-ю, яна қўйиб қўяверишди. Барно югуриб ташқарига чиқади, уйга киради. Нима қилишини билмайди. У ёқда эса қайнотаси тўлғонади. Қайнотанинг кўкраги кўтарилиб тушаяпти, кийимлари ҳўл бўлиб кетган. Барно унинг пешонасига муздай ҳўл латтани босади. Йиғлайди. Ана шу пайтда ҳомиласи ҳам ўзининг борлигини билдириб, қимирлаб қўяди… Тўнғич ўғли Бахтиёр ўн бир ойлигида юриб кетди. Ва орадан сал ўтмай Барно яна ҳомиладор бўлганини сезди. Ҳозир ҳомиласи қимирлай бошлаган пайт…

Ниҳоят, Собир дарвозадан кириб келди. Барно эрини кўриб йиғлаб юборди ва бирдан оёқларидан мадор кетиб, тиззалаб ўтириб қолди…

— Барно! — дея бақириб юборди Собир ва югуриб келиб, унинг қўлтиғидан олди.

— Дадам, — деди Барно йиғлашда давом этиб, — мазаси йўқ. Иситмалаб ётибди. Аҳволи оғир. Қўрқиб кетдим!..

Собир хотинини қўйиб ўзини ичкарига урди. Худди шу пайт отаси охирги марта алаҳсиради:

— Кампир, сен нима десанг шу. Бориш керак бўлса, борамиз-да…

— Ота, ота! — деди Собир унинг каравоти ёнига ўтириб, қўлини ушларкан. — Сизга нима бўлди?!

Отадан жавоб бўлмади. Бунинг ўрнига у қандайдир, ўксик нафас олди. Кўкраги титраб кетди. Буни кўрган Собирнинг юраги баттар ўйнади. Кўзлари каттарди.

— Ота, ота, мени қўрқитманг! — дея падарининг пешонасига қўлини қўйди.

Ота секин кўзини очди. Бирдан Собирнинг юрак уриши янада тезлашди.

— Ота, ота, Худога шукр! Қўрқитиб юбордингиз, ота! Ҳозир дўхтир олиб келаман. Яхшимисиз, ота?! — деди у шошиб.

— Болам, — деди оғир нафас олишда давом этган ота, — дўхтирнинг энди кераги йўқ. Муллани чақир. Абдуғафур муллани чақир. Болам, у Ёсин ўқиб турсин. Бор, болам…

Собир ўрнидан сапчиб турди. Абдуғафур мулланинг уйи узоқ эмас. Кўчанинг кун чиқарида. Энг охирги уй. Оралиқ уч юз қадамча чиқади…

Собирнинг оёғи ерга тегмасди ҳисоб. Бир лаҳзада мулланинг уйига етиб борди. Дарвозасидан отилиб кирди. Мулла таҳорат олиб бўлиб, қўлидаги обдастани қўйиш учун устун ёнига энгашган эди.

— Мулла бобо, отамнинг мазаси қочиб қолди. Юринг, тез! — деди Собир. Ва шу заҳоти ортига бурилди. У қандай тез бу ёққа келган бўлса, уйига ундан-да тез етиб борди. Борса, Барно қўлидаги ҳўл латтани қайнотасининг пешонасига қўйиб турибди.

— Айтиб келдим, ота. Ҳозир етиб келади. Сиз тузалиб кетасиз, ота! — деди Собир ҳовлиқиб, сўнг хотинига юзланди. Дарров «Тез ёрдам»га қўнғироқ қил, — дея қулт этказиб ютинди.

— Керакмас…

Отанинг бўғзидан мана шундай ожиз товуш чиқди. Собир отасига қараб қўйди ва боши билан Барнога имлаб, «Айтганимни қил», ишорасини берди.

Барно «хўп», деди ва ўрнидан турди. Эшик ёнида Абдуғафур муллага дуч келди ва йўл бўшатди.

Собир бутун вужуди титраган кўйи муллага қаради. Абдуғафур мулла нима қилишни яхши биларди. Абдуғафур бунақа пайтда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ўқиганди. Ҳаётида тўрт марта дуч ҳам келганди. Шу боисдан дарров беморнинг бош томонига — яқинига ўтирди. Қиблага юзланди ҳамда Ёсин сурасини ўқий бошлади. Бешинчи оятга етганида бемор «уфф»га ўхшаш товуш чиқарди. Унинг тили ҳам кўриниб қолди. Кейин танаси оёқ томонидан музлай бошлади. Собир отасининг қўлини ушлаган ва уқалаган кўйи нафасини ичига ютиб ўтирар эди… У отасининг ўлганини падарининг жағи очилиб қолганидан билди…

У отасини ўлмайди, ҳали яшайди, деб ўйлаганди… Мулла ўқиб қўйганидан кейин дўхтирлар келишади, битта-иккита укол қилишади, шу билан отаси тетиклашади,  кейин узоғи билан касалхонага олиб кетишлари мумкин, деган хаёлда эди. Елкасида босим бор эди. Шунинг учун ҳам отасининг жон берганини сезмай қолди. Бироқ Абдуғафур мулла билди. Билгани боис оятларни қироат қилаётганида овози қалтирарди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: