Нуриддин Исмоилов асари: “Жосуснинг ўғли” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жосуснинг ўғли” (2-қисм)

Таъзияга одам кўп келмади. Қариндошлар, қўни-қўшнилар келишди. Қолганлар қўрқишди. Қизиғи, улар нимадан қўрқишаётганликларини ўзлари ҳам билишмасди. Собирни «бандит» деб ўйлай бошлашганди. Гарчи, бирор марта бандитлигини кўришмаган бўлишса ҳам. «Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Собир ишкалларнинг кўпини қилган, кейин ҳаммасини пул билан ёпиб юборган. Шунинг учун ҳам, унинг мушугини биров пишт демаяпти, аммо унга яқинлашмаслик керак», дейишарди. Мана, шунинг учун ҳам таниш-билишлар, қўшни кўчада яшовчилар таъзияга келишмади.

Куннинг биринчи ярмида вафот этди Собирнинг дадаси. Шунинг учун шомга яқин дафн қилишди.

— Ҳой, мусулмонлар! — деди Абдуғафур мулла жанозага сафланганларга. — Ҳар кимга ҳам жон беришида «Ёсин» сураси насиб этмайди. Аммо бизнинг олдимизда турган марҳумга насиб этди!..

Унинг сўзларини эшитганлар ичида тушунганларининг кўзларидан ёш оқди. «Бизга ҳам шундай ўлим тақдир қилсин», дейишди. Тушунмаганларнинг эса парвои фалак эди. Эртароқ жаноза ўқилса-ю, майитни олиб бориб кўмишса, кейин уйларига бирор ким кўриб қолмасидан кетиб қолса шуниси маъқул эди уларга.

Кечки пайт иккита қўшни овқат олиб чиқди. Бироз суҳбатлашишди. Кейин Абдуғафур мулла келди овқат кўтариб. Келиб йиғлади… «Ёсин ўқиётганимда дадангнинг юзида нур кўрдим, Собир. Ҳеч нимани башорат қилмайман, лекин отанг тўғри жаннатга кетди, деб ўйлаяпман… Жон бериши кўз олдимдан кетмаяпти. Ишонсанг, унинг ўрнида бўлиб қолишни орзу қилдим», деди.

Унинг гапларидан қўшнилар қотиб қолишди…

Эртасига бутун туманга Собирнинг отасининг ўлим олдидан юзида нур пайдо бўлгани, турли талқинда тарқади. Шу боисдан ҳам маъракага одам кўп келди… Бу сафар одамлар негадир қўрқишмади. «Нега бандитнинг отасининг маъракасига бординг, деб сўроқ-саволга тутиб қолишса, нима деб жавоб берамиз?» дейишмади. Келаверишди, келаверишди… Бир қозон шўрва эса етмай қолди.

Орадан икки кун ўтиб, Собир уйда фақатгина Барно билан қолди. Гап йўқ, сўз йўқ. Бир-бирига термилишиб ўтиришади. Кейин Собир кетмонни олиб томорқага кириб кетади. Ер чопиққа келганми, келмаганми, фарқи йўқ. Кетмонни ерга ураверади… Тўрт кун мана шундай азоб билан ўтди. Бешинчи кун:

— Барно, бу ердан кетамиз, — деди Собир, — мен бошқа бу ерда қололмайман. Сен билан менинг танишларим йўқ жойга кетамиз.

— Шаҳаргами? — деди Барно эрига тикилиб.

— Йўқ. Шаҳар бўлмайди. Даштгами, чўлгами, ишқилиб, ҳар қандай кўздан нарига. Лекин сен бирдан кетмайсан. Сен отангларникига бориб турасан. Мен жой топаман, кейин сени олиб кетаман.

— Йўқ! Сиз билан бирга кетаман…

— Қийналасан. Ўғлимиз Бахтиёр қийналади. Кўпга қолиб кетмайман. Узоғи билан бир-икки кун. Кўнглимдаги жойни топишим билан сени олиб кетаман.

Барно индамади. Бирон нима дейишга тили бормади. Илло, у Собир айтганидан қолмайдиганлар хилидан эканини яхши биларди.

Қайнотаси ҳали уйида экан. Ишига кетмаган экан. Одатда, Собир борганидан бир соатлар аввал кетиб қоларкан. Бугун кетмабди. Хотинига негадир кўнглим безовта дебди. Кейин икки марта Барнони сўрабди.

Лазокат опа қизининг кўзидаги дардни дарров илғади. Қучоқлади. Пешонасидан ўпди.

— Тинчмисан, қизим? — дея сўради.

Шунда Барно ўзини мажбурлаб жилмайди.

— Ҳа-а, — дея жавоб берди у.

Лазокат опа Барнонинг ёнида Собир турганлиги боис қизини бошқа сўроқ-саволга тутмади. Абдукарим ака эса бир сапчиб тушди. Саккизинчи синфда ўқийдиган қизи келиб, ёстиқни ёнбошига қўйганча телевизор кўриб ётган дадасига:

— Барно опам келди, — деди.

Ана шунда у бир сапчиб тушди.

— Бир ўзими?! — дея сўради ҳовлиқиб.

— Йўқ. Поччам билан…

— Ҳмм, яхши. Худога шукр.

У ўрнидан турди-ю, ташқарига шошди.

Қайнота-куёв уйда ёлғиз қолганида:

— Ҳозирча Барно шу ерда туриб турса, — деди Собир.

Дабдурустдан айтилган гап Абдукарим акани қандайдир ҳайратлантирмади. У тахминан шунга ўхшаш гапни кутаётган эди.

— Тинчликми?.. Нима гап? — деди Абдукарим ака ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилиб.

— Тинчлик. Яхши ҳаммаси. Шунчаки ўзимга бирорта иш топмоқчиман.

— Нимага? Мактабга ишга ўтгандинг. Кейин бир жойларга бориб, заказларниям бажариб келдинг. Одамлар қанча гапирди. Фалончи бориб, энг чигал жойлардан фистонча, фистонларни олиб келиб берди. Агар у бўлмаганида, улар террорчи бўлиб кетишарди, дейишди…

— Унақа ишлардан бездим. Ички ишлардан ҳам иш таклиф қилишди, лекин мен бездим. Бошқа бир тузукроқ касб қилмоқчиман. Бундай ўйлаб қарасам, ҳеч нимани ўрганмаган эканман. Тўртта тилни биламан. Шу қила олишим мумкин бўлган иш…

У бошқа гапирмади. Гапиролмади. Ўпкаси тўлди. Илло, ўзига ўзининг ичи ачиган эди. Ўзини-ўзи бечора деб кўрган эди.

— Камтарлик қилма. Майли, агар шундай бўлса, тирикчилигинг учун бирор нима топ, — деди Абдукарим ака, — лекин Барно қийналиб қолмасин. Шўрлик қизим ҳар куни юрак ҳовучлаб ўтиради. Менга айтмайди буни, аммо биламан.

Шундай эди. Барно ҳали бирор марта эридан нолимаган эди. Қайтанга уни кўкларга кўтарарди. Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Машина ҳам тузатади, экинларни боплаб ташлайди, китобларни тез ўқийди. Айниқса, ўрисчаларни ўқиши баробарида таржима ҳам қилади, менга тушунтириб беради. Кейин соат иккиларда туради-да, намоз ўқийди. Эрталабгача. Кўп марта йиғлаб ўтирганини кўрдим, дерди.

Лекин унинг гаплари Абдукарим акага бошқача туйиларди. Қизи атайлабдан, Собирнинг айбларини яшириш учун шундай деяётгандай эди. Кейин Барнони дарров қистовга оларди. Урдими, сўкдими, қўрқитдими, уйингдагиларга бориб шундай дейсан дедими, дея қизига босим ўтказарди. Барно эса шу заҳоти отасидан хафа бўлар, кўзларини олиб қочар, мен борини гапиряпман, дея жавоб берарди.

— Хўп, бўлмаса, мен турайин. Бир жойга боришни мўлжаллаб қўйгандим, — деди Собир ва кафтларини очди.

Қайнотасининг гаплари унга «тегиб» кетди.

Абдукарим ака, «Ҳали овқат келтиришмади, овқат еб кет», дея унинг кетишига қаршилик қилишига қарамасдан ўрнидан турди.

У қаёққа боришини билмас эди. Шунчаки, ёлғиз қолишни истаётганди. Бироқ бу истагига қарши ўлароқ, тўғри бозорга кетди. Бозорда кўпчилик уни танийди. У билан жуда эҳтиёт бўлиб гаплашишади. Сабаби, ўша миш-миш гаплар. Ахир ҳар куни янги биттаси пайдо бўлади. Бировнинг гапи билан юрмайдиган, эшитганига эмас, кўрганига ишонадиганлар ҳам аста-секин Собирдан чўчийдиган бўлиб қолишганди. Ҳатто савдолашишмайди. Масалан, картошканинг нархи тўрт сўм бўлиб турганида, унга икки сўмга беришади. Аслида, картошкани деҳқонлар сотмай қўйишганига анча бўлган. Тўқсон тўққизу тўққиз фоизи савдогарлар. Деҳқон тонг отмай келади. Молини арзонгаровга савдогарнинг қўлига топширади-да, кетади. Деҳқон бўлганида Собирни танимасди, у билан обдан талашиб-тортишарди. Лекин савдогар Собирни танийди. У ҳақида кўп эшитган. Эшитганда ҳам қўшилган, чатилган, бўрттирилган ҳолда эшитган эшитадиганларини. Шунинг учун ҳам қўрқади ундан… Бошида Собир билмади. Савдогар неча пул деса, айтган пулини бериб кетаверарди. Кейин сезиб қолди. Икки баробар кўп пул берадиган бўлди… Қассоблар эса савдогарлардан ўтиб тушишарди. Улар Собирга кўзлари тушиши билан икки кило мутлақо суяксиз, қора молнинг охирги қовурғаси билан сонининг орасидаги гўштдан тайёрлаб қўйишарди. Нархни эса икки баробарга арзонлаштиришарди… Охири Собир умуман гўшт олмайдиган бўлди. Қўшниси билан бозорга чиқарди у. Қўшнисига пул берарди ва «менга ҳам гўшт ол», дерди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: