Хитой Россия талаблар қўйди
Россиянинг Хитой билан “Сибир қудрати 2” газ қувурини қуриш бўйича келишув тузишга уринишлари нарх сиёсатидаги келишмовчиликлар ва Пекин Москвадан сотиб олмоқчи бўлган газ миқдори туфайли тўхтаб қолди.
Бу ҳақда Financial Times газетаси музокаралар бориши билан таниш бўлган ўзининг уч манбасига таяниб ёзмоқда.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Хитой “Сибир қудрати 2” орқали етказиб бериладиган газ учун Россия Федерациясидаги ички ёнилғи нархига яқин нархни тўламоқчи, гарчи улар давлат субсидиялари туфайли маълум даражада ушлаб турилса ҳам. Бундан ташқари, Пекин газ қувури қуввати етказиб беришга мўлжалланган ёнилғи миқдорининг фақат кичик қисмини сотиб олмоқчи.
Хитойнинг импорт қилинадиган газга бўлган талаби ортиб бормоқда ва 2030 йилга бориб қарийб 250 миллиард куб метрга етиши мумкин, деб ёзади газета. Бироқ Хитой ўзини шундай ҳажм билан таъминлаш учун етарли миқдорда, жумладан, АҚШ, Ўзбекистон ва Мянма билан шартномаларга эга. Шу билан бирга, Россия Хитойга газни бошқа етказиб берувчиларга қараганда арзонроқ сотмоқда.