Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (4-қисм)

* * *

Собирнинг эътиборидан ҳеч нарса четда қолмаётганди. У ўзини худди навбатдаги топшириқни бажаргани кетаётгандай ҳис этди.

Улар бозордан чиқишди. Тўғри дарё томонга кетишди. Шу ёқда бир-иккита қаҳвахона борлигини Собир эшитган эди. Аммо бормаганди. Таклиф қиладиган одам бўлмаган. Ўзи эса истамаган. Демак, манави бошловчилик қилаётган «тўти»нинг акалари шу ёқда ўтиришибди. Катта эҳтимол билан айшу ишрат қилишаётган бўлишса керак… Балки, манави бола айтган «акалар» аллақачон кайф бўлиб қолишган бўлишса керак. Ана шу кайфда, у ҳақда гап кетиб қолган. Ва кўргилари келиб… «Йўқ, — деди ўзига-ўзи Собир, — ҳеч нарса шунчаки, кутилмаганда, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Тасодифларга ҳам қандайдир сабаблар сабабчи бўлади».

Улар дарё бўйига етганидан кейин чекиб кетаётган бола ўнгга бурилди. Қадами дадиллашди. Ахир у, кимсан, Собирни бошлаб бораяпти. Ахир у, кимсан, Собирни ортидан юришга мажбур этди. Албатта, кеккаяди, ғўдаяди-да.

Собир балиқчи йигитни кўрди. Бу дарё, дарё бўлиб дарёмас каттароқ бир ариқ деса тўғрироқ бўлади. Чунки суви жудаям кам. Тиззангиздан келади. Фақатгина баҳор ойларининг баъзи бир кунлари, шунда ҳам сел кетганида дарё сувга тўлади. Оқим тезлашади. Бошқа пайти аҳвол мана шундай. Кейин айнан балиқчи ўтирган жойдан балиқ тутиш ҳам амримаҳол. Сабаби, айни у қармоқ ташлаб турган жой ҳаддан зиёд саёз. Бундан чиқди, мана шу болада бир гап бор.

— Ҳой! — деди Собир юришдан тўхтаб.

Балиқчи қимир этмади. Жим ўтираверди.

— Бозордан битта балиқ олиб келиб, қармоғингга илинтириб қўй!

Балиқчи у томонга ўгирилди. Қўлини силтади. Шунда унинг елкасига камарга ўхшаган энсизгина чарм осилганини кўрди Собир ва «Тушунарли», дегандек бошини қимирлатиб қўйди.

* * *

Азамат ҳам анойи эмасди. Қолаверса, ўзининг қўлидан нима иш келишини ва нималар келмаслигини жуда яхши биларди. Шунинг учун ҳам қаттиқ тайёргарлик кўрди. Дарёнинг ичига бир йигитни қўлига  тўппонча бериб  турғазиб қўйди. Бошқа шотирини эса ошхона ичкарисига қўйди. Унинг ҳам қўлида қуроли бор эди… Азамат ишора бериши билан ҳар иккиси бараварига қуролларидан ўқ узишади…

Кейин бир пиёлани тўлдириб «тортиб» ҳам олди. Ахир кимсан, Собир билан гаплашади. Собирнинг салобати босиши мумкин. У гапини йўқотиб қўйиши, қовун тушириши мумкин. Кейин ишни ҳам дўндириши керак, йўқса, Маткаримнинг олдида боши эгилиб қолади. Маткарим унга яна «дело»сини эслатади.

— Менга қаранглар, — деди у шотирларига, — латта чайнаб ўтирманглар. Ҳозир унинг аввалги кучи қолмаган. Агар муштлашадиган бўлсак, бирдан ҳамманг ташланасан. Қўлингга тушган нарса билан урасан. Лекин жанжални у биринчи бошлаши керак. Тушундингми, ҳамманг!..

Йигитлари «хўп», дейишди. Боплаймиз, дейишди. Аммо Собирнинг келаётганини кўришлари билан ҳаммасининг «дами» чиқиб кетди. Собир аллақандай енгил қадам ташларди. Собир бошини кўтариб келаётганди. Собир аллақачон қаердадир кимларнингдир абжағини чиқариб, энди уларнинг ёнига мақтаниш учун келаётганга ўхшарди.

Азамат қутидан чеккилигини олди-да, лаблари орасига қистирди. Шу заҳоти шотирларидан бири гугурт чақиб, унинг лабига яқинлаштирди.

Ниҳоят, Собир келди.

Қаҳвахона ҳовлиси. Ҳаммаёғи дарахт билан ўралган. Бирорта ҳам стол-стул йўқ. Нуқул чорпоялар. Битта чорпояга саккизтача одам сиғади. Темир чорпоялар (у пайтда тахтали, чинордан бўлган чорпоялар урфга кирмаганди). Шу чорпояларнинг учтасини Азамат шотирлари билан бирга эгаллаб олганди. Ўзи бу қаҳвахонада улардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Қаҳвахона бугун фақатгина Азамат учун хизмат қилиши шарт эди. Азамат қаҳвахона эгасига «Агар битта мижозинг келса, сенинг каллангни оламан. Бугун мен айш қиламан. Бугун мен болаларга ҳақ бераман, Тўлқин», деганди.

— Узр! — дея бақирди Азамат. — Болалар кеч хабар беришди! Мен оёқларингнинг тагига қип-қизил, чўғдай гилам тўшаттирмоқчийдим!..

Унинг гаплари Собирнинг қонини қайнатди. Бироқ у ғазабини жиловлай олди.

— Кейинги сафар узринг ўтмайди, — деди хотиржам ва тўғри Азамат ўтирган чорпоя ёнига кела бошлади.

Азаматнинг ичи тўкилди. Титроқ босди уни.

— Сени умуман ҳазилни кўтармайди, дейишганди. Тўғри экан, — дея иржайди Азамат ва ўрнидан туриб, чорпоядан тушмоқчи бўлганида, Собир қўймади:

— Ўтирган жойингни совутиб қўйма.

Энди унинг гапи Азаматга наштардай санчилди. У қайтиб жойига ўтирди-да, пешонасини тириштирди.

— Камол, — деди ортида турган шотирига, — ошпазга меҳмон келганини айт. Гўштни ёққа ташласин…

— Мен меҳмондорчиликка келмадим. Овора бўлишмасин, — дея ошхона томонга қараб қўйган бўлди Собир.

— Қўйсанг-чи, мен сени меҳмон қилгим келди. Бугун кайфиятим зўр. Бугун мен ҳақ беряпман… Болалар сени бозорда кўриб қолишган экан. Чақиринглар, дедим. Битта чақчақлашамиз, дедим. Лекин сен нимагадир… Мени менсимаяпсанми?

— Фақат шунинг учун чақирган бўлсанг, гаплашиб бўлдик.

— Тўхта, тўхта, тўхта. Одам бунақа қизиққон бўлмайди-да. Ўтир. Майли, мени ким деб ўйласанг ҳам бир минутга ўтир.

Собир чорпояга чиқиб ўтирди.

— Мана буниси бошқа гап. Хў-ў-ш, энди бир эллик-эллик қиламиз.

— Ичмайман!..

— Бирдан кесиб ташлама-да…

— Ичмайман. Тамом! Мақсадга ўт!

— Шундайми?  Унда гап бундай.  Мен озми-кўпми районда обрў тўпладим. Унча-мунча казо-казолар ҳам олдимга келиб салом беришади. Бир-иккита жойдан олиб ҳам тураман. Шундай экан, топиш-тутишдан умуман нолимайман.

— Мақсадга ўт. Мен сендан қаердан нима оласан, ким сенга салом беради, деб сўраётганим йўқ.

— Сенга бирга ишлашни таклиф қилмоқчиман…

— Хўш?!

— Агар сен билан мен кучларни бирлаштирсак, бутун вилоятни қўлга олардик.

— Кейин-чи?..

— Хўжайин бўлиб оламиз.

— Ундан кейин-чи…

— Маишат қилиб яшаймиз.

— Ҳозир нима қиляпсан? Ундан кейин қорнинг икки баробар каттариб кетадими? Ҳозир бир кило гўшт еяётган бўлсанг, ундан кейин икки кило ейишни бошлайсанми?

— Гап фақатгина еб-ичишда эмас. Обрў-эътибор деган нарсалар ҳам бор. Фақатгина ўзингнинг катагингдан  қичқирмайсан…

— Бошқа катакка ҳам кирмоқчимисан?

— Устимдан куляпсанми?..

— Бошқа қиладиган ишим йўқми?!

Азамат қўлини мушт қилди. Кўзини олайтирди ва гўё Собирни урадигандай гавдасини бироз олдинга қилди.

— Қара, — деди шунда Собир санчқини олиб.

Азамат шотирлари билан бирга унинг қўлига тикилди. Шунда Собир санчқини дарахт томонга отди. Санчқи тутга санчилди. Ошхона томондан эса «увиллаган» овоз эшитилди. Бироқ у тарафга ҳеч ким қарамади. Ҳамма Собирнинг қилган ишидан ҳайратда эди.

— Энди гапимни икки қулоғингга ҳам қуйиб ол. Биринчидан, анави сувнинг ичида тўппонча ўқталиб турган югурдагинг қуролни нотўғри ушлаган. У мени эмас, сени отиб қўяди… Иккинчидан, мен ҳеч қачон каззоблар билан ҳамтовоқ бўлмайман. Агар улардан бирортаси йўлимдан чиқса, расмга оламан-да, керакли жойга етказаман. Лекин сенинг анқов расмчингга ўхшаб довдирамайман. Бўпти, омон бўл. Йўлларимиз бошқа кесишмаслигидан умид қиламан, — дея Собир ўрнидан турди-да, чорпоядан тушди. Ичида кулди. Чунки бу аҳмоқлар унинг санчқи улоқтирганига маҳлиё бўлишиб, ошпичоқни ошхона томонга отганини сезмай қолишганди. Пичоқ очиқ деразадан тўғри бориб, иккинчи қуроллининг айнан тўппонча ушлаб турган қўлига санчилганди. У бирдан ўкириб юборди. Ҳали айтганимиздай,  барчанинг ҳайрати, диққати  санчилган санчқи томонда эди.

— Ким увиллади? — деди Азамат Собир кетиб, карахтликдан чиққач бинонинг очиқ турган деразаси томонга юзланиб.

Бу пайтда қуроллининг ёнида турган ошпазлар ёрдамга шошилишган, ошпичоқни суғуриб олишган, идиш-товоқ ювиладиган жойга ташлашган ва жароҳатланганга ёрдам кўрсатишаётганди.

Ҳеч кимдан садо чиқмагач Азамат:

— Нима бўлди-и-и?! — дея бақириб юборди.

— Қўлини кесиб олди, — деган овоз келди ичкаридан.

— Анқайган-да. Битта зўравон келган бўлса, менинг ёнимга келган, ошпазлар ўзи битта артистни кўриб қолишса ҳам бир кўрай деб ҳамма нарсани эсларидан чиқариб юборишади, — деб минғирлади Азамат.

Шу пайт унинг шотирларидан бири бориб вазиятни билиб келди.

— Ошпаз эмас экан ўкираётган, ўзимизники, — дея шивирлади у қайтиб келиб Азаматнинг қулоғига.

— Ўзимизники? Ким?! Аҳмадалими? Мен унинг қўлига пичоқ эмас, тўппонча бергандим-ку! Падарингга лаънати пиёз тўғрабдими?! — деди бирдан жаҳли чиққан Азамат ҳамда ўрнидан сапчиб турди ва чорпоядан сакраб тушиб ошхона томонга югурди. Очиқ деразадан ичкарига бошини суқиб:

— Мен сен итнинг боласига нимани буюргандим?! — дея ўкирди.

Аҳмадалининг кўзидан ёш дувиллаб оқарди ва у шу ҳолида хўжайинига қаради-да:

— Бир жойдан пичоқ учиб келиб, қўлимга санчилди! — деди.

Азаматнинг миясига бир нима урилгандай бўлди. У секин ортига бурилди-да, шотирларидан:

— Сенлар Собирнинг пичоқ отганини кўрдингларми? — дея сўради.

— Йўқ, — дейишди шотирлари.

— Унда…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: