Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (5-қисм)

Азаматнинг бошқа сўзга тили бормай, секин юрди-да, дарахтнинг ёнига келди. Санчилиб турган санчқини ушлади. Секингина суғуриб олмоқчи бўлди. Суғурилмади. Қаттиқроқ тортди, суғурилмади. Жони борича тортган эди, сал бўлмаса, учиб кетиб йиқилаёзди.

— Вой, онангни эмгур, даҳшат-ку! — деди кўзи олайиб. — У бир пайтнинг ўзида қандай қилиб иккита нарсани отди? Бунинг сира иложи йўқ-ку! Ё бирор ким ёрдам бердими унга?! Қаранглар ҳаммаёқни, унинг шериги бўлиши керак!..

Азаматнинг сўзларидан баттар ҳайратга тушган шотирлар қаққайиб тураверишди.

— Ўлиб қолганмисан баринг?! — дея бақирди Азамат.

Шотирларга бирдан жон кирди. Аммо улар бир-бирига аланглашиб қарашар, нима қилишни билишмасди.

— Топларинг Собирнинг шеригини!!!

Шотирлар Собирнинг шериги бўлса топишади-да.

Азамат каравотга чиқиб ўтирди-да, пешонасига муштини тиради.

— Бунақа одамни умримда кўрмаганман, — деди тарвузлари қўлтиқларидан тушиб чорпоя атрофига тўпланган шотирларига. — Ҳамма нарсани билибди. Қаерда ким турибди, қўлида нима бор, нияти қанақа!

— Ака, — деди Эсонбой, — у жосус. Унга ҳамма нарсани ўргатишган. Эшитганларимизнинг бари рост экан. Ярамасга яқинлашмаганимиз маъқул. Биттада бирортамизга қўлининг учини теккизмай, дабдаламизни чиқариб кетди. Агар у ҳақиқатан ҳам, уришганида, ҳозир бирортамиз ҳам тирик бўлмасдик.

Азамат иршайди.

— Сенга ўхшаган қуён юраклар унинг ўзини кўрмасидан ҳам тамом бўлади. Олиб келинглар ҳамма нарсани, байрамни ҳам расво қилдинглар, — деди Азамат ва ўзи шишани очди. Сўнг бошини кўтариб, боя «балиқчилик» қилаётган, аслида, секингина келиб жанжални расмга тушириши ва хўжайинига олиб бориши керак бўлган ходимга қараб, — сен менинг ёнимда ўтир, — дея салгина силжиган бўлди.

Сураткаш унинг ёнига ўтирди.

— Хўш, — деди пиёлалардан бирини унга узатаркан, — ҳаммасини кўрдинг. Маткарим акага нима дейсан энди?..

— Бир нима дейишга ҳайронман. Паразит расмга олишимга ҳам имкон қолдирмади. Чақмоқ бир ёнди-ю, шу заҳоти ўчди. Ҳатто гумбурлаган овоз ҳам чиқармади.

— Шундай бўлди. Пичоқни отганини кўрмай қолибмиз. Лекин зўр далил бўларди. Қани ол…

Азаматнинг еган-ичгани ўзига сингмади. Кечки пайт Маткаримнинг ёнига бориши, бўлиб ўтган воқеани гапириб бериши керак. Аммо Маткарим унинг гапларига ишонармикин? Ишонмаса-чи?.. У қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Ҳатто яшириб юрган тўппончаларини ҳам ошкор қилиб қўйди. Тўппончаларини яҳудийдан сотиб олганди. Яҳудий «военкомат»да ишларди. Алғов-далғов бошланиши билан ишни йиғиштирди. Шунинг билан бирга беш-олтита қуролни ҳам «йиғиштирди». Сотди. Сўнг жуфтакни ростлади Исроил томонларга.

Азамат тўппончаларни яшириб юрганди. Ҳатто Маткарим ҳам унда қурол борлигини билмасди. Энди билади. «Қаердан олдинг, неча пулга олдинг, қаерларда ишлатдинг?» каби саволларни беради… Лекин бу тўғрида Азамат ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Ўйлашга улгурмасидан боради. Шундай бўлди ҳам.

— Ҳимм, — деди Маткарим чекаётган сигаретасини кулдонга эзғилаб, — ўтириб қўйганингни айтгани келдингми?..

— Хўжайин, нима қилай энди? У одам эмас экан. Бировимизни бир чертмасдан…

— Чертмадими? Унда битта шотирингнинг қўлига пичоқни сен санчдингми?

— Лекин уни ҳеч ким кўрмади-да. Анави расмчингиз ҳам расмга ололмади. Бўйнига қўйиб бўлмайди…

— Ҳой мараз, бўйнига қандай қўйишни мен биламан! Ҳеч бўлмаса, пичоқни бир четга олиб қўйгандир?..

— Қайси пичоқни?

— Қайси пичоқни?! — дея Маткарим ўрнидан туриб кетди. — Ҳали қайси пичоқлигини билмайсанми?

— У отган пичоқ бўлса… Уни идиш-товоқ ювувчилар ювиб…

— Эй-й, онангни… Менга қара, нима қиласан, қандай қиласан, бу ёғи сенинг ишинг, лекин ўн кун ичида битта ишкалда Собирни кўрмасам, сени тўртта деворнинг орасида чиритаман… Айтганча, иккита тўппончанг бор экан, айтмабсан…

— Хўжайин. Улар ҳақиқий эмас. Ўйинчоқ. Мен Собирнинг кўзини қўрқитмоқчийдим…

— Эртагингни бориб онангга айтасан. Тушундинг?!

— Сиз нима десангиз шу…

— Қорангни ўчир энди. Кейин ҳадеб бу атрофда ўралашиб юраверма. Сенинг қаерга келишингни ўзим айтаман…

* * *

Собирнинг юраги оғриди. Ич-ичидан эзилди. У Маткаримдан орқасидан одам қўймасликни илтимос қилганди. Лекин энди у бошқача йўлга ўтибди. Яна «уруш» бошланишини истабди. Аммо Собир истамайди. Истамай қўйганига анча бўлган. Қасам ичганди бировнинг бурнини қонатмайман, деб. Бироқ ундан баттарроғини қилиб қўйди. Шундай қилишга мажбурлашди уни. Собир ўзи билан ўзи овора бўлиб уйи ёнига борганини сезмай ҳам қолди. Синглисини кўрди. Куёви турибди дарвоза ёнида. Ҳар иккаласининг ҳам қўлида тугун.

— Ака, — деди Саида Собирни кўриши билан, — қаёқларга кетиб қолдингизлар? Бир соатдан бери турибмиз.

Собир кулди. Бир муддатга қайғусини унутди.

— Келишларингни билмабман-да, — дея жилмайди. Сўнг олдинига куёви билан, кейин синглиси билан кўришди. Дарвозани очди. Меҳмонларни ичкарига бошлади. Саида дарров янгасини сўради.

— Худди атай қилгандай у ҳам онасиникига меҳмонга кетганди. Худди шу бугун. Ўзим олиб бориб, қўйиб келдим. Шундай экан, ўзинг қозонга ундайсан. Музлаткичда гўшт бор. Пиёз аралаштириб битта қовур, унгача Эгамқул ака билан гаплашиб ўтирамиз, — деди Собир.

Эгамқул аканинг ёши Собирникидан катта. Анча катта… Собир синглисини шу одамга узатишаётганида зўрға рози бўлганди. Ичи тўкилиб рози бўлганди. Мажбурлигидан рози бўлганди. Чунки Саида яшаши керак эди. Собир сабаб Саидани деярли бадном қилишганди. Бадном қилганларнинг ҳаммасини Собирнинг ўзи бадном қилди. Бироқ улар қолдирган из қолди. Саида гиёҳванд эди. Эгамқул ака уни тузатаман, деди. Аввалгидай бўлади, деди…

Улар ичкарига киришмади. Ҳовлидаги узум сўрисининг тагидаги чорпояга чиқишди.

Дарров у ёқ-бу ёқдан сўрашишлар бошланди.

— Ҳозирча чўпонлик қилиб турибман, — деди Эгамқул ака ўзи ҳақида гапира туриб, — ўзи чўпонликка жуда кўникиб қолганман. Тирикчилик ёмонмас. Қўйлар ҳам икки юздан ошиб кетди…

— Менга қаранг, мен ҳам чўпонлик қилсам-чи, — деди Собир кулиб.

— Йў-ў-ў-қ, сизга тўғри келмайди. Сиз бошқача одамсиз, — дея жавоб берди Эгамқул ака.

— Нимага энди? Мениям оёқ-қўлим бутун. Ҳали-бери юриб чарчамайман.

— Барибир, тўғри келмайди. Кейин бу ердаям ишларингиз бор.

— Йиғиштирдим ҳаммасини.

— Нега?..

— Жонимга тегиб кетди. Тўхтанг, анавиндан озгина олмаймизми? Ҳ-э-э, ўша тўйдан қолгани бор. Тўрттасини ташлаб қўйгандим. Шундан бери турибди.  Бугун роса тортди нимагадир. Битта яхши шерик бўлса, озгина-озгинадан кўрамиз, дегандим. Мана, сиз келиб турибсиз, сиздан зўр шерик бўлмайди. Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир.

Собир бирдан патнис кўтариб келди. Унда газак, нон билан бирга ўша ўзи айтгани ҳам бор эди. Эгамқул ака озгина қизиганидан кейин гапирадиганлар хилидан экан. Бирдан сайрашга тушиб кетди.

— Илгари нонимни белимга тугардим-да, даштга чиқиб кетардим чўпонлик қилгани. Шу бўйича ойлаб қорамни кўрсатмасдим. Дарагим бўлавермагач, қўйларини боқишга берган қишлоғимизнинг одамлари менга егулик олиб боришарди. Илгари мен совхознинг қўйини боққанман. Лекин директор билан келишмай қолдим. У менинг орқамдан одам қўйди. Гўёки мен совхознинг қўйларини сотиб юбораётгандай. Алам қилди менга. Кўнглингизга олманг-у, аммо ўша пайтлари мен сўққабош эдим. Ўзимнинг дунём бор эди. Дунём дала-дашт эди. Одамларга аралашишни ёқтирмасдим. Қишлоққа келганимдан кейин азобландим. Отам бир умр чўпон бўлган. Иккита синглим бор эди. Икковиям турмушга чиқиб кетганди. Лекин уйга келганимдан  кейин  аввал отам,  кейин энам ўтди.  Ҳамқишлоқларим мени уйлантириб қўйишди. Аммо хотиним мени одам ўрнида кўрмасди. Менинг юмшоқ феъллилигимдан фойдаланарди. Биз томон дашт, чорвадан бошқа нарса йўқ… Энди қишлоқнинг қўйнида сув бор. У ердагилар узум экишади. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги ўзига тўқ. Хуллас, менинг уйимда чорва ҳам йўқлиги учун ана шу узуми борларнинг уйида ишлардим. Узумларини кўмардим, очардим. Хомток қилардим. Суғорардим. Дорилардим. Узумларини узардим… Хотиним кетиб қолди. Чидамади. Кейин қайнотангиз, дўстим Абдукарим сабаб Саидага уйландим. Саида менга барака бўлиб келди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: