Ўғри хурсанд бўлди
Учинчи ёки тўртинчи синфда ўқирдим. Дадам менга ўша пайти жуда урф бўлган велосипед олиб бердилар. Ҳали ҳайдашни билмасам-да, азбаройи қувонганимдан оёқларим велосипед занжирларига ўралашиб қонаб кетса ҳам тинмас эдим. Чарчоқдан донг қотиб ухлаб қолсам ҳам яна азонлаб великка чопардим. Хуллас, қувончимнинг адоғи йўқ эди. Аммо бу шодлик узоққа чўзилмади.
Кунларнинг бирида ҳовлига чиқсам, велосипед йўқ. Ҳаммани оёққа турғиздим. Фойдаси йўқ — велосипед ўғирланган эди. Кимдан гумон қилишни билмаймиз. Мен эса шундай қадрдон овунчоғимга тўйиб улгурмай уни йўқотиб қўйганимга жудаям ачиндим. Шу боис бошқасини олиб беринг, деб дадамга тихирлик қила бошладим. Лекин дадам эртага, индинга деб “тойчоқ” олиб келишни орқага суравердилар. Бир куни бу масала оила даврасида “кун тартиби”га қўйилди.
— Ўша велосипед ўғирлангани яхши бўлди, — дедилар дадам ҳаммамизни ҳайрон қолдириб. — Ўйлаб кўрсам, гузарда фақат сенда бор экан. Миниб кўчага чиқиб кетганингда ортингдан тенгдошларинг ҳавас билан қараб қолишади. Аниқки, улар ҳам ота-оналарига бориб хархаша қилишади. Арзон бўлса, қўшнилар ҳам болаларига олиб беришарди. Лекин кўп болали бўлгани учун битта велосипеднинг пули айрим оилаларга оғирлик қилади. Кўча-кўйда қўшнилар билан кўришишдан хижолат бўлиб юрган эдим, яхши бўлди йўқолгани. Ким ўғирлаган бўлсаям отасига раҳмат.
Ана бўлмаса!? Мен дадамдан умид қилиб ўтирсам-у, у киши муттаҳам бир ўғрига раҳмат, деб ўтирибдилар. Хафа бўлиб кетдим.
Вақт — ҳакам, дейдилар. Орадан олти-етти ой ўтиб, ҳаммаси унут бўлиб кетди. Аммо қўшнимизникида тўй бўлди-ю, ўғри ким эканлиги маълум бўлди. Бир қишлоқдошимизнинг ўғли тўй айни қизиган пайтда ҳаммани ҳайрон қолдириб: “Эшон бобо, мени кечиринг, велосипедни мен ўғирлаган эдим, ўшандан бери бутун баданимдан яра-чақа аримай қолди», деб дадамнинг ёнларига келди.
Жуда хунук манзара юзага келди. Ҳамма дадамга қараб турибди. Дадам тўйниям, ўғриниям кўнглини бузгилари келмади, шекилли:
— Ўша велосипеднинг йўқолганига мингдан-минг розиман. Бирор кунингга яраган бўлса, янада яхши. Ҳечам оғринганим йўқ. Бола-чақанг билан ҳузур қилиб минавер, — дедилар.
Бу гапдан сўнг ҳамма қарсак чалиб юборди. Боягина ҳамма жойим яра деб қилмишидан пушаймон бўлиб бош эгган йигит эса энди умуман бунақа иш қилмайман, деб эл-юртга сўз берди.
Яқинда қишлоққа бордим. Болаликда велосипедимни ўғирлаган одам дадамни эслай туриб, ана шу воқеани эсимга солди ва буни албатта ёзинг, деб менга тайинлади.
Ўғрининг айтганини бажариб тўғри иш қилдим, шекилли…
© Максуд Жонихонов