Инсон қадри ва манфаатлари устувор вазифа

Инсон қадри ва манфаатлари устувор вазифа

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош мезонидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.

Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда” – деди Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этдилар. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканлигини таъкидладилар.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли таъминлашдемократик янгиланишларнинг йўналишлариданҳисобланади. Бу жараёнда давлат ва ҳўжаликбошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, шунингдек, мансабдор шахслар — давлат амалдорлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш мумкин.

“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун – моҳиятига чуқур сингдирилиб, у ҳаётимизнинг бош қадриятига айланди. Бу демакки, амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам бўлмоғи лозим. Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим.

Шу боис инсон қадрини юксалтириш давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 54-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши белгиланган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 55-моддасига кўра ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлиги, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётга жорий этилмоқда.

Руслан Заиров, Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

Дўстларингизга ҳам юборинг: