Uzum Click билан келишувдан воз кечишга қарор қилди
Uzum Click тўлов тизими билан бирлашишдан воз кечиб, ўз экотизимида хизматларни ривожлантиришга эътибор қаратишга қарор қилди. Бу ҳақда компаниянинг «Газета.uz»га келиб тушган пресс-релизида айтилади.
«Компания ўз платформаси доирасида финтех ва е-commerce сервисларини янада ривожлантиришни режалаштирмоқда, бу эса бир томондан максимал самарадорлик ва ягона фокусни таъминлаш, бошқа томондан эса — маҳсулот, бренд ва умумий стратегияни амалга оширишни тўлиқ назорат қилиш имконини беради», — дейилади хабарда.
«Uzum бир йил ичида финтех йўналиши жамоасини кучайтирди ва активларни сотиб олиш ва бирлаштириш жараёнларини якунлади. Буларнинг барчаси экотизимга М&А (бирлашиш ва сингдириш) битимлари орқали эмас, балки органик равишда ривожланиб, ҳозирги ўсиш темпларини сақлаб қолишга имкон беради», — таъкидлади компания.
Бир йил аввал Uzum ва Click компаниялари бирлашиш режаларини эълон қилганди ва тегишли экспертиза (инвестициядан олдинги текширув) жараёнини бошлаганди, шундан сўнг Uzum ва Click битимни тасдиқлаш учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ариза бериши керак эди. Аммо инвестициядан олдинги текширув натижаларига кўра Uzum бирлашмаслик ва ўз экотизими ва бренди доирасида сервисларни ривожлантиришга эътибор қаратиш тўғрисида қарор қабул қилди, деди компания.