Хитой мобиль иқтисодиёти ривожланишнинг янги босқичига қандай ўтмоқда?

Хитой мобиль иқтисодиёти ривожланишнинг янги босқичига қандай ўтмоқда?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази GSMA Intelligence’нинг «Хитой мобиль иқтисодиёти – 2026» (The Mobile Economy China 2026) ҳисоботини ўрганди. Унда мобиль алоқа алоҳида телекоммуникация тармоғи сифатида эмас, балки саноат, сунъий интеллект, давлат хизматлари ва энергетикани ривожлантириш учун инфратузилмавий асос сифатида кўриб чиқилган.

2025 йилда мобиль технологиялар Хитой иқтисодиётига $1,5 трлн ёки ЯИМнинг 7,2%и миқдорида ҳисса қўшди. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич $2,11 трлн ёки ЯИМнинг 8,4%ига етиши кутилмоқда.

2025 йилда Хитой иқтисодиёти 4,7%га ўсди, жаҳон иқтисодиётида эса ўсиш 3,1%ни ташкил этди. Шу билан бирга, ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан сезиларли даражада секинлашди.

2026–2030 йилларда Хитой ички талаб, технологик мустақиллик, илғор ишлаб чиқариш, яримўтказгичлар, сунъий интеллект ва ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда. Мобиль технологияларнинг иқтисодиётга ҳиссаси $1,5 трлндан $2,11 трлнга, ЯИМдаги улуши эса 7,2%дан 8,4%га ошиши кутилмоқда. Бу алоқа қамровини кенгайтиришдан иқтисодиёт унумдорлигини ошириш босқичига ўтилаётганини кўрсатади.

2024 йилда Хитой аҳолисининг 91%и интернет билан қамраб олинган. Тармоқ қамровидаги тафовут қарийб 1%ни ташкил этган бир пайтда, интернетдан амалда фойдаланишдаги тафовут 8% даражасида сақланиб қолган. Натижада устувор вазифалар тармоқ қурилишидан рақамли кўникмалар, талаб ва онлайн хизматлардан амалий фойдаланишни ривожлантириш томон ўзгармоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: