Босфор ва Дарданелл бўғози орқали кема қатнови нархи яна ошади
Қора ва Ўрта ер денгизларини бир-бирига боғлаб, океанга олиб чиқувчи оралиқ ҳудуд – Босфор ва Дарданелл бўғози орқали қатнайдиган кемалар учун белгиланган нарх 40 йил мобайнида ўзгармади. Ниҳоят, 2023 йил июлда 8 фоиз оширилган транзит нархини жорий йил 1 июлдан яна 15 фоиз кўтариш кўзда тутилган. “Habertürk” телеканали хабарида шу ҳақда сўз бораркан, мазкур ҳудудда кема қатнови Монтре Конвенцияси орқали тартибга солиниши эслатиб ўтилган.
1936 йил қабул қилинган ушбу ҳужжат савдо кемаларига бўғоз орқали тинчлик ва уруш даврида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Бинобарин, сузиш давомида турли қўшимча тартиб-қоида ўрнатилиши мумкин. Шу билан бирга ҳужжат, Қора денгиз атрофидаги давлатларни истисно қилган ҳолда, бирор ҳарбий кема ушбу сув ҳавзасида уч ҳафтадан кўп бўлишини тақиқлайди. Фавқулодда вазият юзага келганда Туркия қатновни бутунлай тўхтатиши ёки чеклаши мумкин. Шартномага мувофиқ, Туркия ҳудуддан ўтувчи кемаларга кўрсатилаётган маёқ, қутқарув ва тиббий хизмат учун тўлов жорий қилишга ҳақли.