Диққат! Вазир ўринбосари номидан сохта аккаунт очилиб, фуқаролар алданмоқда
Айни пайтда Телеграм мессенжери орқали Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Илҳом Сираджев номидан турли шахсларга фирибгарлик мазмунидаги хабарлар юборилаётгани қайд этилмоқда.
Вазир ўринбосари номидан сохта хабарлар тарқатилмоқда: фуқаролардан ҳушёрлик сўралади
Хусусан, номаълум шахслар 2026 йил ноябрь ойида рўйхатдан ўтказилган ва «Расмий аккаунт эмас» белгиси остидаги «Сираджев Илхом Тохирович» номли профилдан фойдаланмоқда. Ушбу хабарларда таълим муассасалари ходимларининг ҳужжатларида камчиликлар аниқлангани ҳамда гўёки «ички текширув» олиб борилаётгани иддао қилинади. Фирибгарлар суҳбатдошдан ҳамкасблари ҳақида маълумот олишга уриниб, тез орада «текширувчи» ёки бошқа «масъул ходим» қўнғироқ қилишини билдирмоқда.
Маълум қилинишича, тарқатилаётган мазкур хабарлар Илҳом Сираджевга тегишли эмас ва кўрсатилган профиль унинг шахсий Телеграм аккаунти ҳисобланмайди.
Киберфирибгарлик қурбонига айланмаслик мақсадида фуқаролардан шубҳали профиль ва хабарларга ишонмаслик ҳамда уларга жавоб бермаслик, СМС орқали келган бир марталик тасдиқлаш кодларини учинчи шахсларга ошкор қилмаслик, шахсий маълумотлар, ҳужжат нусхалари ва бошқа махфий ахборотларни бегоналарга тақдим этмаслик каби хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш сўралади.
