Собиқ футболчи Роберто Баджонинг уйи талон-тарож қилинди
Corriere del Veneto нашрининг хабарига кўра, камида беш нафар аъзодан иборат жиноий гуруҳ собиқ футболчи оиласи билан бирга Евро—2024 турнири доирасидаги Испания—Италия баҳсини томоша қилаётган вақтда уйга бостириб кирган.
Тахминларга қараганда бу профессионаллар тўдаси бўлган: улар ўғриликни пухта режалаштирган ва Италиянинг ўйини вақти тасодифий танланмаган.
Талончилар уйга бостириб кириши билан Баджо уларнинг бирига қаршилик қилмоқчи бўлган — жиноятчи унинг пешонасига тўппонча билан уриб, оғир жароҳат етказган. Шундан сўнг Роберто ва унинг оиласи хонага қамаб қўйилган.
Жиноятчилар қимматбаҳо соатлар, тақинчоқлар ва пулларни ўғирлаган. Ҳозирча етказилган зарарни қиймати аниқланмаган. Орадан 40 дақиқа вақт ўтганидан сўнг Роберто талончилар уйни тарк этганини билган ва дарҳол полицияга қўнғироқ қилган.
Баджо шифохонага олиб кетилган. Футболчининг оила аъзоларига эса шикаст етмаган.
Эслатиб ўтамиз, 1982 йилдан 2004 йилга қадар футболчилик фаолиятини олиб борган. Фаолияти давомида у “Ювентус”, “Милан”, “Интер” ва “Фиорентина” каби клублар шарафини ҳимоя қилган.