Мисрдаги хорижликлар огоҳлантирилди

Мисрдаги хорижликлар огоҳлантирилди

Миср Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда истиқомат қилаётган хорижликларнинг бўлиш қоидалари бўйича баёнот берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Унга кўра, 2024 йил январь ойи бошида тасдиқланган Миср Араб Республикасида бўлиш тартиби хусусидаги норматив ҳужжатга мувофиқ мамлакатда истиқомат қилаётган барча хорижликлар (яшаш рухсатномасига эга ёки бундай ҳужжатни расмийлаштиришдан озод қилинганлардан ташқари) паспорт ва фуқароликни белгилаш Бош бошқармасида рўйхатдан ўтишлари ва яшаш рухсатномасини расмийлаштиришлари белгилаб қўйилган.

Қоидабузарлар рўйхатига тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида хорижий фуқаролардан 2024 йил 30 июнга қадар яшаш рухсатномасини расмийлаштириш учун зудлик билан тегишли аризалар тақдим этилиши шарт.

Шу билан бирга “яшаш рухсатномасини расмийлаштиришдан озод этилган” фуқаролардан “имтиёзли гувоҳномалар”га эга бўлиш учун тегишли ижро ҳаракатларни 2024 йил 30 июнга қадар амалга ошириши сўралган. “Имтиёзли гувоҳномалар” олишнинг якуний муддати 2024-йил 30 сентябргача этиб белгиланди. Ушбу санадан эътиборан мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади.

“Миср мутасадди идоралари барча фуқароларга уларнинг мамлакатда бўлишлари ва ҳаракатланишлари давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш учун рухсатнома (иқома) ёки имтиёзли гувоҳномалар ҳамда талабалик карталарини (университет, институт ва ҳ.к.) ўзлари билан бирга олиб юришлари ва талаб этилган вақтда тақдим этишлари лозимлигини сўрайди”, дейилади баёнотда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: