Буюк Британия Ўзбекистон учун ажратган бўш иш ўринлари сонини ошириши мумкин
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг хабарига кўра, Британия Ўзбекистон учун ажратган бўш иш ўринлари сонини ошириши мумкин.
Маълум қилинишича, айни кунларда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассислари хизмат сафари билан Англияда бўлиб турибди. Масъуллар иш берувчи компания вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, Англияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларнинг иш жараёнлари ҳамда уларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишмоқда.
Herefordshire шаҳрида Hops иш берувчи компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда Англияга келиб ишловчи номзодларга қўйиладиган талаблар, тил ўргатиш, номзодларни саралаш жараёнлари хусусида суҳбатлашилди.
Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистон билан меҳнат соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, мамлакат учун ажратилган бўш иш ўринлари сонини ошириш бўйича таклифлар ўртага ташланиб, келгусида айни йўналишда биргаликда ишлашга келишиб олинди.
Hops компанияси жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 2161 нафар ўзбекистонликни Англияда вақтинча иш билан таъминлаган.
Бундан ташқари, мутахассислар ушбу давлатнинг Herefordshire шаҳридаги Woodfields фермасида меҳнат қилаётган юртдошлар билан учрашиб, уларнинг иш фаолияти ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Самимий ва дўстона учрашувда ҳамюртларни ўйлантираётган масалалар ҳамда уларнинг таклифлари ҳам тингланди. Бугунги кунда Woodfields фермасида 20 нафардан ортиқ ўзбекистонлик йиғим-терим ишларида иштирок этмоқда.