Перуда америкалик алпинистнинг жасади топилди

Перуда америкалик алпинистнинг жасади топилди

Перу тоғларида бундан 22 йил муқаддам изсиз йўқолган америкалик алпинистнинг жасади аниқланди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.

Алпинист Билл Стампфл бундан анча йиллар муқаддам Перунинг Анд тоғлари бўйлаб саёҳат қилган. Саёҳати давомида у қўққисдан юз берган қор кўчкиси оқибатида улкан дарада кўмилиб қолган.

Собиқ алпинистнинг жасади 27 июнь куни ака-ука Райан Купер ва Уэсли Уоренлар томонидан топилган. Саёҳатчилар Ҳуаскаран тоғига сафар пайтида, Перунинг Кордилера-Бланка тизмасидаги ясси ҳудудда, денгиз сатҳидан 5 километр баландликда номаълум жасадга дуч келишган.

Алпинистнинг жасади топилганини унинг ўгли Жозеф Стампфл ҳам тасдиқлаган.

Билл Стампфлнинг ёнидан унинг никоҳ узуги, шахсий гувоҳномаси, камера, паспорт, ҳамён ва кўзойнак ҳам топилган.

Маълумотларга кўра, Билл Стампфл ва унинг икки ҳамкасби Стив Эрскине ва Метю Ричардсон 2002 йилнинг 24 июнь куни Ҳуаскаран тоғида қор кўчкиси пайтида бедарак кетган. Ўша пайтда алпинист 58 ёшда бўлган. Тоғли ҳудудда ҳафталар давомида ўтказилган қидирув алпинистларни топишга ёрдам бермаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: