Лукашенко Украина билан чегарада таҳдид камайганини эълон қилди
Александр Лукашенко Украина билан чегарада таҳдид камайганини эълон қилди ва у ердан Беларус қўшинларини олиб чиқишни буюрди.
«Бизнинг аниқ ҳаракатларимиздан сўнг украиналиклар ўзларининг қуролли кучлари ва қўшимча техникаларини Беларус-Украина чегара зонасидан олиб чиқиб кетишди. Ҳозир бизда украиналиклар билан ҳеч қандай муаммо йўқ ва умид қиламанки, бўлмайди ҳам», — дея маълум қилди Беларус раҳбари.
Аввалроқ Лукашенко Украина Қуролли кучлари бўлинмалари Беларус чегараси яқинига ўтказилаётганини даъво қилган ва Беларус бунга жавобан Украина билан чегарада ракета тизимларини, жумладан, ядро қуролини ташишга қодир бўлган тизимларни жойлаштирганини айтган эди.
Украина расмийлари эса бу айбловларни «махсус ахборот операцияси» деб атаган эди.