Электр энергияси лимити бўйича Вазирлар Маҳкамасини судга берган фуқаро аризаси қаноатлантирилмади
Иш маъмурий судга тегишли бўлмагани сабабли кўриб чиқиш рад этилган.
Яъни фуқаро ариза берган ваколатли орган ариза таркибидаги масалани кўрмади. Ҳали 200 кВт лимит бўйича қарор қанчалик тўғри эканлиги тафтиш этилмаган. Шунчаки фуқаро аризаси тўғри йўналтирилмагани сабаб, иш кўриб чиқилмаслиги айтилган.
Фуқаро М. Субханов Олий судга мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси (суд томонидан ҳал этиладиган ишлар) 1-қисми 1-бандига кўра маъмурий судлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши белгиланган.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси (норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари)га мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унинг устидан низолашиш маъмурий судловга тааллуқли эмас.
Шу сабабли Олий суд судьясининг 2024 йил 19 июндаги ажрими билан М. Субхановнинг аризасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган.
Натижада Олий суднинг апелляция инстанциясининг қарори билан мазкур ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.