Бинафшаранг гуллар макони – Бодрум

Бинафшаранг гуллар макони – Бодрум

Бодрум – бинафшаранг гуллар макони

 

Бодрум Муғланинг энг кўзга кўринган вилояти бўлиш билан бир қаторда Туркиянинг энг афсонавий дам олиш масканларидан биридир. Бодрумда кўм-кўк ва тиниқ денгизлари билан машҳур кўрфазлар жойлашган бўлиб, жами 11 ҳудудда 65 та кўк байроқли хусусий ёки жамоат пляжлари мавжуд.

Битез

 

Битез – сузиш учун энг қулай ва шинам масканлардан. Битез денгизи кўпинча тўлқинсиз, илиқ ва тоза. Битез денгизининг энг афзал томони сув сатҳи аста-секин чуқурлашиб боради, шу боис болали оилаларнинг энг севимли денгизига айланиб улгурган. Бу минтақада жамоат пляжлари билан бир қаторда хусусий корхоналар ҳам мавжуд.

Гўлтуркбуку

Мовий байроқли денгизларга бой Гўлтуркбукунинг сузиш учун энг бебаҳо маскани Женнет кўрфазидир. Кўрфазнинг денгизи тиниқ ва тўқ кўк ранги билан ажралиб туради ва марказдан узоқда жойлашганлиги сабабли мавсумда гавжум бўлмайди.

Акярлар

 

Акярлар Бодрумда балиқ билан сузиш мумкин бўлган ноёб жойлардан биридир. Денгиз суви тиниқ, саёз ва шамол бўлмаган пайтлар жуда сокин. Ҳудуднинг аксарият қисмида корхоналар бўлишига қарамай, жамоат пляжлари ҳам бор. Ушбу минтақадаги Метеор ва Караинжир кўрфазлари сайёҳлар томонидан энг кўп танланадиган жойлардандир.

Гумушлук

Гумушлук денгиз бўйидаги ҳайратланарли ресторанлари билан машҳур бўлиб, денгизи тошли ва қумли, шунингдек, тўлқинли. Денгиз суви илиқ. Ресторанлар орасидаги қулай жойлардан ёки жамоат пляжидан денгизга тушиш мумкин. Гумушлукда жойлашган Тавшан ороли ва Эски Каракая қишлоғи бамисли жаннат!

Торба

Торба мовий байроқ ва тиниқ денгизлари билан ҳашаматли дам олиш маскани бўлиб, денгизда вақти-вақти билан кузатиладиган тўлқин туфайли кечки пайтлари сув усти бироз лойқаланиши мумкин, лекин шамолсиз кунда сув жуда тоза ва янгидай бўлади. Торба қирғоғи ва денгизи бутунлай қумли, денгиз сувининг ҳарорати илиқ, денгиз сатҳи аста-секин чуқурлашиб боради. Торбадан жўнаб кетадиган қайиқ саёҳатлари билан бошқа кўрфазларга саёҳат қилиш мумкин.

Каргижак Кўрфази

Каргижак кўрфази унчалик маълум ва машур бўлмаса-да, ўзининг яширин ва қўл тегмаган табиий гўзаллиги билан Бодрумнинг энг ёқимли денгизига эга масканидир. Каргижак кўрфазининг денгизи ҳудди аквариумга ўхшайди, бироқ денгиз суви бошқа жойларга қараганда совуқроқ ва бироз шўр. Бу кўрфазда бирон бир корхона ёки дўкон учратиш имконсиз, шунинг учун сайёҳларга ўзлари билан бирга егулик ва ичимликлар олиш тавсия қилинади. Сувга шўнғиш учун кўзойнак олишни ҳам унутмаслик керак. Табиат вa денгиз ихлосмандлари бу ерда чодир қуриб дам олишлари мумкин.

Яликавак

Яликавакнинг мовий байроқли денгизи жуда тоза, аммо сертўлқин. Минтақанинг кўплаб дам олувчилар томонидан афзал кўрилишининг энг катта сабаби бу ресторанлар ва хусусий пляжларда тақдим этилган имкониятлардир. Яликавакда сузиш учун энг кўп танланадиган кўрфазлардан Арка Кудур ва Тилкижик кўрфазларидир. Яликавак шамол тегирмонлари билан ҳам машҳур. Яликавакда шамол сёрфинги бўйича машғулотларда қатнашиш имконияти ҳам мавжуд.

Дўстларингизга ҳам юборинг: