Семизликни келтириб чиқарувчи янги омил аниқланди
– Семизликни келтириб чиқарувчи омиллар кўп. Нотўғри овқатланиш ва камҳаракат турмуш тарзи — улар орасида етакчилари. Аммо бу глобал муаммонинг ҳали бизга номаълум сабаблари ҳам бор.
– Шулардан бирини Янги Зеландиянинг Отаго университети олимлари аниқлади. Бунинг учун фарқли йилларда АҚШда қарийб 2,9 минг нафар ҳамда Европада 20 минг нафардан зиёд кўнгилли иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижалари таҳлил қилинди.
– Изланиш давомида юқоридаги илмий тажриба қатнашчиларининг вазн кўрсаткичлари ва қондаги С витамини концентрацияси ўртасидаги боғлиқлик ўрганилди.
– Маълум бўлишича, семиз инсонлар организмда ушбу модда танқислиги кузатилади. Яъни ортиқча вазнга эга кишиларда C витамини сўрилиши ва унинг танадан чиқарилиши тезлашади. Натижада ҳужайралар яллиғланишига олиб келувчи оксидловчи стресс жараёни кучаяди.
– Тадқиқотчилар хулосасига кўра, қандли диабетнинг 2-тури, жигарнинг алкоголсиз ёғ босиши каби касалликлар ҳам организмда С витамини даражаси пасайиши билан тавсифланади.
– Шуларни инобатга олган олимлар танадаги С витаминининг минимал суткалик дозаси камида 45 мг бўлиши керак, деган хулосага келди. Семиз инсонлар организми эса ҳар 10 кг ортиқча вазн учун қўшимча 17-22 мг миқдорида бу дармондорини талаб қилади.
– Мутахассислар қайд этганидек, ушбу янгилик тегишли клиник синовларда ҳам тасдиқлангандан сўнг тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.