Тожикистонда яқинда қўлга олинган таниқли сиёсатчиларнинг мол-мулки хатланди
Тожикистон ҳукумати яқинда қўлга олинган бир гуруҳ таниқли сиёсий арбоблар, шунингдек, уларнинг яқин қариндошларининг мол-мулкини хатловга олди.
Тергов органлари Демократик партиянинг собиқ раиси ва парламент собиқ депутати Саиджафар Усмонзода, Тожикистон Олий Кенгашининг собиқ раиси Акбаршо Искандаров, собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий, журналист ва Демократик партияси раиси ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода, Тожикистон социал-демократик партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ва уларнинг энг яқин қариндошларининг банк ҳисоб рақамлари музлатилган.
Уларнинг оила аъзоларига уй-жой, дачалар, автомобиллар, бошқа кўчар ва кўчмас мулкларни сотиш ёки ижарага бериш тақиқланган.
“Ҳибсга олинганларнинг қариндошлари уларнинг оилаларига босим ўтказилишидан ҳам шикоят қилмоқда. Улардан бири расмий органлардан келган хат асосида ишдан бўшатилганини айтди”, дейилади хабарда.
Сиёсатчиларнинг яқинлари тергов изоляторидаги қариндошлари билан учрашишга рухсат берилмаганини айтмоқда. Уларга кўра, аксарият адвокатлар маҳбуслар ва уларнинг яқинлари манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортган. Ҳозирда фақат Акбаршо Искандаров ва Шокиржон Ҳакимовнинг мустақил адвокатлари борлиги айтилмоқда.
Аммо бу адвокатлар ҳам тергов изоляторидаги ҳимоячилари билан ҳалигача учрашмаган. Собиқ сиёсий арбобларга оид ишларни тергов қилувчи Тожикистон Бош прокуратураси бу ишларга махфийлик белгиси берилгани сабабли ҳеч қандай тафсилотларни тақдим этмаяпти.